Мақолалар

Ўғри мушук ва кўр илон

Бир куни Аҳмад ибн Динор ҳузурларидан ёввойи мушук бир парча гўштни олиб қочди. Ул зот бу “ўғри” гўштни қаерга олиб бориб ер экан, деб мушук ортидан кузатишга тушдилар. Мушук ўлжасини унча узоққа элтмади. Ҳовли четига, девор остидаги бир ковак оғзига қўйиб нари кетди. Олим бундан таажжубда қолди. Нима учун бундай қилди экан, деб турган эди ҳамки, ҳалиги тешикдан кўзлари кўр бир илон чиқиб келди-да, гўштни ҳидлай бошлади. Сўнгра уни бир зумда еди-қўйди.

Буни кўрган олимнинг ҳайрати янада ошди. Ҳамиша бир-бирига ашаддий душманлик қилувчи бу икки махлуқ “ўзаро ёрдам” муносабатига ўтишган бўлса! Ахир, улар қачон рўпара келиб қолишса, адоватлари кучлилигидан бир-бирини ўлдиришар эди-ку. Нега энди аҳвол ўзгарди? Наҳотки, ризқ-насиба душман бўлган махлуқ орқали ҳам етказилса. Аллома ана шундай ўй-хаёллар гирдобида қолди...

Илоннинг насибасини етказишни унинг душмани мушукка илҳом қилган Зот наҳотки “Ла илаҳа иллаллоҳ” дегувчи мўмин бандаларининг ҳолидан хабар олмай қўйса? Йўқ! Ул Зот доимо ризқимизни етказиб берувчи раззоқ эмасми?! Фақат биз ғофил бандалар буни сезмаймиз, англамаймиз. Ҳолбуки, ҳикматларда айтилишича, биз ризқ талабида қандай ҳаракат қилсак, ризқ ҳам шунга мос равишда бизга етказилишини Аллоҳдан сўрар экан.

Абдулқаюм ҲИКМАТОВнинг

“Саодат қучганлар ибрати” китобидан.

922 марта ўқилди

Мақолалар

Top