Мақолалар

Энг қадрли амал

Маълумки, Аллоҳ таоло қиёмат куни амалларимиз ичида аввало намозларимиздан ҳисоб-китоб қилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бундай ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қиёмат куни банда амаллари ичидан энг биринчи ҳисоб қилинадигани унинг намозидир. Агар (намози) тўғри (адо этилган) бўлса, аниқ ютуққа эришибди, нажот топибди. Агар (намози) фосид бўлса, шубҳасиз ноумид бўлибди, ютқазибди. Агар фарз намозларидан бирон камкўсти бўлса, Парвардигор азза ва жалла: “Қаранглар, бандамнинг нафллари борми?” дейди. Шунда фарз намозларига етишмагани улар билан тўлдирилади. Кейин қолган амаллари шунга қараб бўлади”, деганларини эшитганман” (Имом Аҳмад ва Доримий ривояти).

Намоз динимизнинг бешта устунидан биридир. Уни вақтида адо қилмоқ ҳар бир мўмин-мусулмонга фарздир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир” (Нисо сураси, 103-оят).

Ҳар бир мўмин-мусулмон учун беш вақт намоз энг қадрли ва муҳим амалдир. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Эй Одам фарзанди, агар сенга намозинг қадрсиз бўлса, у ҳолда динингдаги қайси нарса сен учун азиз?! Ҳолбуки, сен қиёмат кунида биринчи бўлиб намозингдан сўраласан-ку!”.

Аллоҳ таоло барчамизнинг адо этаётган намозларимизни Ўз даргоҳида ҳусни мақбул айласин!

 

Руҳиддин АКБАРОВ,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими.

1044 марта ўқилди

Мақолалар

Top