Мақолалар

Китобсевар талаба интилувчан раҳбар бўлади...

– Ассалому алайкум, муҳтарам Шоазим ака, аввало, қандай оилада дунёга келганингиз, болалигингиз қандай ўтгани, китоб билан қай йўсинда ошно бўлганингиз ҳақида гапириб берсангиз.

– Эшонгузарда таваллуд топганман. Отам Тошкент тўқимачилик комбинатида ишлаган. Онам уй бекаси бўлиб, бизнинг тарбиямиз билан шуғулланганлар. Уйимизнинг ёнгинасидаги 45-мактабни кумуш медаль билан тамомладим. Очиғи, ёшликдан китоб ўқишни жудаям яхши кўраман. Эҳтимол, бунга биринчидан ҳар қандай ёш инсонда ниманидир кашф қилишга интилиш кучлилиги сабаб бўлгандир. Умуман, дунёни, ҳайратли оламни китоблардан ўқиб ўрганганмиз. Даниель Дефонинг “Робинзон Крузонинг ҳаёти ва ажойиб саргузаштлари”, Жюль Верннинг “Капитан Грант болалари” каби романлар дунё ҳақидаги тасаввурларимизни бойитган бўлса, Ғафур Ғулом, Ойбек, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов каби забардаст ёзувчиларимизнинг асарларидан инсонлар тақдири, одамийлик, башариятга хос фазилатлар ҳақида тасаввурга эга бўлганмиз. Бошқаларда қандай билмадим-у, аммо менга ҳар битта китоб ҳозиргача жиддий таъсир қилади. Китоб муҳитига кираман, қаҳрамонлар билан бирга яшайман. Ўқисам ҳам, таржима қилсам ҳам шундай. Талабалик йилларимда ўқиганларим: Шукур Холмирзаевнинг “Ўн саккизга кирмаган ким бор”, Ҳабиб Нўъмоннинг “Ёшликда берган кўнгил” қиссалари, Шуҳратнинг “Олтин зангламас”, Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз”, Асқад Мухторнинг “Туғилиш” каби романлари навқирон ёшлик бағрида бизни ажиб туйғуларга ошно қилган асарлардир. Мен телевизор, интернет китобни сиқиб чиқаради, шунга кўникишимиз керак, деган гапга қўшилмайман. Бизда ҳам мутараққий давлатлардаги каби юзлаб нашриётлар фаолият кўрсатишини ва аҳолимизни турли-туман китоблар билан таъминлашини хоҳлайман. Интернет бу – жуда катта имконият. Ундан тўғри фойдаланилса, яхши натижа беради. Лекин китоб барибир китоблигича қолади...

– Француз тилига қандай қизиқиб қолганингизни эслайсизми?

– Мактабда француз тили ўқитувчимиз бўларди, аёл киши эди. Ушбу тилни танлашимда ўша ўқитувчимиз катта роль ўйнади. Мактабдан кейин ҳозирги ЎзМУнинг хорижий филология факультетига француз тили ва адабиёти йўналиши бўйича ўқишга кирдим. Дорилфунунда кўплаб ажойиб устозлардан таълим олдим. Уларнинг ҳар бирини жуда катта эҳтиром билан эслайман. Жумладан, Ғайбулла ас-Салом, Нажмиддин Комилов, Талъат Солиев каби етук устозлар қўлида билимимни оширдим. Ёзувчи Раҳмат Файзийнинг қизи Вилоят опа Файзиева, Ҳамид Олимжоннинг қизи Ҳулкар опа Олимжоновадек чинакам зиёли инсонларнинг талабаси бўлдим. Улардан бир умрга миннатдорман. Таржимага астойдил қизиқардим, лекин биринчи марта таржималаримни нашриётга олиб борсам, “Француз тилидан қилдингизми? Бизда баҳо берадиган одам йўқ, рус тилидан қилиб келинг, кейин кўрамиз”, дейишди. Ундай бўлса, французчадан қилганимнинг нима маъноси бор, деб ҳафсалам пир бўлган.

– Хорижда орттирган тажрибаларингиз ҳақида тўхталсангиз.

– 1991 йил 31 августда мустақилликни эълон қилиш тўғрисида Парламент қарори қабул қилинган бўлса, 3 сентябрь куни француз тилидан таржимон сифатида Ислом Абдуғаниевичнинг ҳузурида эдим. Шу бўйи, то умрларининг охиригача, бошқа ишларим билан бирга у кишига шу тилдан таржимонлик қилдим. Ҳозирги Президентимизга ҳам Францияга биринчи ташрифлари чоғида таржимон сифатида хизмат қилиш шарафига муяссар бўлдим.

Ҳаётимнинг 15 йили хорижда ўтди. “Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан” дейдилар. Инсоннинг тўлақонли шаклланиши учун, албатта, мусофирчилик фойдали бўлади. Аввал ўз юртини яхшилаб ўрганиб, кейин хорижга чиқиш ёшларнинг ҳар томонлама шаклланишида катта роль ўйнайди, деб ўйлайман. Энг оддийгина, самолётларга чиқиш, саёҳат қилиш маданиятидан тортиб, бегона юртларнинг қонунлари, халқининг одатларини ўрганиш, инсонларини кўриш, фойдали хулосаларга келиш, дўстлар орттириш, булар ҳам ўзига хос илмлардир. Юрган – дарё, деб бекорга айтилмаган, ҳар битта саёҳат одамга жуда кўп нарса беради.

– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига раҳбар этиб тайинланганингизда нималарни ҳис қилгансиз?

– 2017 йилнинг баҳорида ҳурматли Президентимизнинг Ислом маданияти марказини қурамиз деяётганларини телевизорда эшитиб қолдим. Уйдагиларга жуда ажойиб ғоя, мана шу жойни менга берсалар бўларкан, деб қўйдим. Шу билан орадан бир, икки ой ўтди-да, июнь ойида шу иш менга таклиф қилинди. Бажонидил қабул қилдим. Бошида аниқ тасаввурга эга бўлмаган эсам-да, марказнинг мақсад ва вазифалари менга яқин эди, чунки 9 йил Дин ишлари бўйича қўмитада ишлаганман. Марказнинг асосий вазифаларидан бири бу – Ислом динининг асл моҳиятини илмий, тарихий меросимиз, анъаналаримиз асосида, умуман, ҳар томонлама жамият аъзоларига етказиб бериш. Мақсад-вазифа тушунарли бўлгани учун ишга киришдик. Бошида учта одам бўлиб ишлаган бўлсак, ҳозир марказда 67 нафар одам фаолият юритяпти. Улар орасида кўплаб тадқиқотчиларимиз бор, жуда иқтидорли инсонлар билан ишлаяпмиз. Албатта, бу менга жуда катта шараф бўлди. Давлатимиз раҳбари билдирган катта ишонч бу. Қўлимдан келганча бу ишончни оқлашга ҳаракат қиляпман. Марказ Президентимизнинг орзу ва режаларидан биттаси. Биз, мана, Учинчи Ренессанс ҳақида кўп гапиряпмиз. Бу қандайдир хаёлий нарса эмас. Ҳаётий воқелик. Ислом цивилизацияси маркази жамиятимизнинг маънавий устунларидан биттаси бўлади деб вазифа қўйилган. Ана шу ғоя асосида ишлаяпмиз.

– Ўз устида ишлаш масаласида ёшларга қандай маслаҳатлар берасиз.

– Бинобарин, Алишер Навоий ҳазратлари ҳам “Эл нетиб топғай мениким, мен ўзумни топмасам” дея инсоннинг ўзини англаши, ҳаётда ўрнини топиши қанчалик муҳимлигини таъкидлаганлар. Ота-оналаримизнинг насиҳатлари ҳам, китобларимиз, фильмларимиз ҳам, энг муҳими, динимизнинг амри ҳам яхшилик қилишга ундашдир. Инсон оламга яхшилик қилиш учун келади. Ана шу ғоя онгга маҳкам ўрнашиши керак. Энди бу яхшиликни у қайси даражада амалга оширади. Ким фермер, ким учувчи, ким шифокор. Лекин ҳар бири олижаноблик қилиш ниятида бўлса, мақсадга эришади. Ўзликни англаш шу. Лекин яна битта муҳим нарса бор: инсон қайси касбни эгаллашидан қатъи назар, биринчи бўлишга интилиши керак. Бу – ғурур, кибрланиш эмас. Онам раҳматли бутун умр кибрдан узоқ бўл деб таъкидлаб келдилар. Кибрни Аллоҳ кечирмайди, дедилар. Лекин одамда албатта инсоний ғурур бўлиши керак. Тўғри, ҳамманинг иқтидори ҳар хил, бироқ инсон хоҳласа, ўртамиёналикдан юқорига кўтарила олади. Бунга жуда кўп буюклар ҳаётидан мисол қилиб келтирса бўлади.

Алимардон ҲАЙИТОВ суҳбатлашди

929 марта ўқилди

Мақолалар

Top