Мақолалар

Сажда ила нажот топгувчидирмиз…

Баъзида бирор қийинчиликка учрасак, нима қилишни билмай қоламиз ёки фолбинга югурамиз. Бунинг ечими бошқа эканини унутиб қўямиз.

Аллоҳ таоло ўз каломи бўлмиш Қуръони каримда бундай дейди: «Йўқ! (Эй, Муҳаммад) … Сиз (ёлғиз) Аллоҳга сажда (ибодат) қилиб, (Унга) яқин бўлинг!» (Алақ, 19)

Бу оятнинг мазмунини қарангки, Аллоҳга сажда қилган ҳар бир инсон Унга яқинлашиб борар экан. Шунинг учун ҳам уламолар “Саждада узоқ вақт бўл», деб таъкидлашади.

Аллоҳ яна айтадики: «Кечанинг бир қисмида ҳам Унга сажда қилинг ва узун тунда унга тасбеҳ айтинг!» (Инсон, 26)

Ояти каримадан кечанинг бир қисми ибодат ва сажда учун қулай вақт экани аён бўлади.

Ана шу амал барча муаммолар ечимидир. Баъзида бирор муаммони ҳал қилиш учун ўйлаб баҳс қилиб кетаверамиз. Бунинг ечими эса сажда эканини унутиб қўямиз.

Бир ўйлаб кўринг, бирор бир муаммонинг ечимини топа олмадингизми? Маҳзунмисиз ё бетоб бўлиб қолдингизми?..

 Ҳар бир мушкулотнинг ечими – Аллоҳга сажда қилиб, нажот сўрамоқдир.

Билиб-билмасдан қилган гуноҳларимиз мавжуд экани ҳақида ўйга толамизми? У ҳолда дарров сажда қилайлик. Чунки Парвардигорнинг ўзи: «Кечанинг бир қисмида ҳам Унга сажда қилинг ва узун тунда унга тасбеҳ айтинг!» (Инсон, 26), дея амр этяпти.

Беихтиёр айтамизки, ихлос ила қилинган сажда билан биз жаннатда юқори даражаларга эришимиз мумкин. Шунинг учун бу оддий ечимдан қочмасдан, саждада қоим бўлайлик.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мушриклардан озор чекаётган Расулига бундай дейди:

«Шаксиз, Биз уларнинг (Сизни масхара қилиб) айтаётган сўзларидан дилингиз сиқилишини билурмиз. Бас, Сиз Раббингизга ҳамд билан Унга тасбеҳ айтинг ва сажда қилувчилардан бўлинг! (Шунингдек), то Сизга аниқ нарса (ўлим) келгунча Раббингизга ибодат қилаверинг!» (Ҳижр, 97-99).

Аллоҳ ўз Расулига шундай йўлни тавсия этаётган экан, биз ҳам ўз ҳаётимизда сажда орқали нажот топишимизни унутиб қўймайлик! 

 Бахтиёр АБДУЛЛАЕВ,   

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

 

6627 марта ўқилди

Мақолалар

Top