Мақолалар

Аллоҳ таоло илмни бирданига суғуриб олмайди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир илмдан сўралсаю, шунда у ўшани яширса, Қиёмат куни Аллоҳ уни оловдан бўлган юган билан юганлайди», дедилар».

Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

  1. Шақиқ ибн Саламадан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳ, яъни Ибн Масъуд одамларга ҳар пайшанба куни ваъз-насиҳат қилар эди. Бир киши унга: «Эй Абу Абдурроҳман, бизга ҳар куни ваъз қилишингни истар эдим», деди. «Шундай қилишдан мени тўсган нарса сизларга малол келтириб қўйишимни ёқтирмаслигимдир. Мен сизларга мавъизани вақти-вақти билан қиламан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизларга худди шундай, безиб қолмаслигимиз учун вақти-вақти билан мавъиза қилар эдилар», деди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

  1. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан бир оятни бўлса ҳам етказинглар. Бану Исроил ҳақида эса сўзлайверинглар, танглик йўқ. Ким менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

  1. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, Аллоҳ илмни бандаларидан бирданига суғуриб олмайди, балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан тортиб олади. Ниҳоят, бирорта олимни қолдирмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўраладилар ва илмсиз равишда фатво беришади. Натижада адашадилар ва адаштирадилар»,  деяётганларини эшитдим».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

 

935 марта ўқилди

Мақолалар

Top