Мақолалар

Фарзандингиз билан маслаҳатлашасизми?

Саволни бежиз бундай қўймадим. Чунки ота-онанинг фарзанди, фарзандларнинг эса ота-оналари билан маслаҳатлашмай иш қилиш ҳолати кўп учрамоқда. Ёмони, бу баъзан оилавий келишмовчиликларга сабаб бўляпти.
Айниқса, ота ўғлининг, она қизининг маслаҳатсиз иш қилишидан норози бўлган ҳолатлар кўп. Хўш, ўзаро бундай муносабатда ким айбдор – ота-онами ёки фарзандлар?
Баҳс туғдириши мумкин бўлган бу саволга, мен айб кўпроқ ота-онада деган бўлардим.  Нега? Чунки бола тарбиянинг асосий қисмини уйида, оилада олади.
Бугун маслаҳатлашмагани учун боласидан хафа бўлган ота-она боласи ёш бўлганида унга ҳар бир ишни маслаҳатлашиб қилиш кераклигини ўргатганми? Йўқ. Аксинча, фарзанди гўдаклик чоғидан отаси ёки онаси ҳар қандай ишни ҳеч ким билан маслаҳатлашмай қилганини  кўриб улғайган ва энди у ёшлигида катталардан ўрганган ишни такрорлаяпти.
Агар ота-она баъзи қилинадиган ишларда фарзанди фикри билан қизиқса, бу фойдадан холи бўлмаганига вақт ўтиб амин бўлади. Масалан, ҳовлида яшайдиган оилада ота эрта баҳорда ерни экинга тайёрлашдан олдин ўғлини чақириб, “Нима дейсан, экин экишни бошлаймизми”, деб фикрини сўраса, бола кўнглига дадам мен билан маслаҳатлашяпти деган фикр келади. Кун очиқ вақтда ер ағдариб, жўяк олиб, экин экилмаса, эрта ёмғир ёғса, бу ишни қилиш бир ҳафтага кечикиши мумкинлиги, бу эса  ҳосил етилиши бир ойга ортга сурилишига олиб келиши тушунтирилса, бола бу борада ҳам ўқувли бўлади, ҳам отам мен билан қиладиган ишини маслаҳатлашяпти, деб ғурурланади.
Она ҳам қизлари билан маслаҳатлашгандек қилиб улар қилиши керак  бўлган ишларни ўргатиб борса, қизларида бирор ишни қилишдан олдин маслаҳатлашиш керак деган тушунча шаклланиб боради ва бу кўникма уларнинг келгуси ҳаётларида маҳим қарорлар қабул қилишда қўл келади.
Ҳатто буюк саркарда Амир Темур ҳам ҳар бир юришини кенгаш муҳокамасидан ўтказгани ҳақида тузукларида келтириб ўтган. Оилада нарса сотиб олиш бўладими ёки бирор тадбир ўтказиш, бу балки оилавий дам олишни ташкиллаштириш бўлар, умуман, бутун оилага тааллуқли бўлган бирор бир қарор қабул қилишда, агар бунда болалар иштироки ўринли бўлса, улар фикрини сўраш орқали миясига келусида ҳар қандай ишни олдин маслаҳатлашиб, кейин қилиш керак экан тушунча пайдо бўлади. Унга  амал қилишни ўрганган фарзандлар эса ҳаёт йўлларида дуч келиши мумкин бўлган муаммоларни қийналмай енгиб ўтиш имкониятига  эга бўлади.
Балки сизда бошқа фикр, таклифлар ҳам бордик. Бу борада мулоҳаза юритинг, ёзинг, мунозарага киришайлик.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ.

 

1074 марта ўқилди

Мақолалар

Top