Мақолалар

Икки ҳамд ила Аллоҳнинг розилиги

Аллоҳ таоло ўз бандаларига меҳрибон ва раҳмли Зотки, кичик амалларга ҳам улкан ажр-мукофот беради. Икки марта “Алҳамдулиллаҳ” дейиши туфайли бандасидан рози бўладиган Зот нақадар саховатлидир!

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Банда овқат еб, ортидан ҳамд айтса ёки ичимлик ичиб, ҳамд айтса, Аллоҳ (у) бандасидан рози бўлади”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳнинг розилиги эса улкан мукофотдир. Қуръони каримда: «...Аллоҳнинг розилиги эса, ҳамма нарсадан улуғроқдир. Мана шу Буюк саодатдир» (Тавба сураси, 72-оят), дейилган.

Қиёматда афзал кишилар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким тонг отганида ва кеч тушганида “Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи” деб юз мартадан айтса, қиёмат куни фақат шунча айтган ёки ундан кўпроқ айтган кимсагина ундан афзалроқ нарса билан келади» (Имом Бухорий ривояти).

Қўл бериб кўришиш эвазига мағфират

Бир мусулмоннинг биродари билан қўл бериб кўришиши туфайли уларнинг гуноҳи мағрифат қилинади.

Баро розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки мусулмон учрашиб, бир-бири билан қўл бериб кўришса, улар айрилмасларидан олдин гуноҳлари мағфират қилинади», деганлар (Имом Термизий ривояти).

«Саноқли дақиқаларда тоғдай савоблар» китобидан

1286 марта ўқилди

Мақолалар

Top