Ибратли ҳикоялар

АРМОН

Зоҳид уйқудан уйғонганида тонг аллақачон отиб, кун ёйилиб кетганди. Анча вақтгача ўзига келолмай ётди. Ўзига келганида эса...

У ёшлик қилди. Йўқ, ёшлик қилмади, кўнгилнинг беўхшов майлига қурбон бўлди. Санамжонни кўрдию, ишқ дардига мубтало бўлди-қўйди. Қизни кўрмаса туролмайдиган, гўёки ҳаёти тўхтаб қолаётгандек туюлди. Онасига дардини ёрди. Гулрухсор опа қизни суриштириш учун манзилини сўради. Ўғли айтган манзилга бориб маҳалла аҳлидан, қўни-қўшнидан Санам ва унинг оиласини суриштирди. Уларнинг ҳаммалари бир оғиздан қизнинг яхшилигини, аммо онаси ёмон феълли эканлигини айтишди. Айниқса, кекса бир онахон:

  • Қизим, турмуш, оила қуриш – оғир масала. Чуқур ўйлаб, ўрганиш керак, токи тўрт кунда янги оила бузилиб кетмасин. Яна бир гапимни қулоғингга ил, болам. Донишмандлар: “Онаси яхши бўлсаю қизи ёмон бўлса, у қизни ҳеч иккиланмай келин қил. У барибир онасига тортади. Аммо қизи яхши бўлсаю, онаси ёмон бўлса, у қизнинг яхшилигига алданиб қолма”, дейишган. Шунинг учун бу қиз борасида хулоса чиқаришга шошилманглар, – деди.

Гулрухсор опа уйга қайтганида Зоҳиджон уни интиқ бўлиб кутиб турганди. Опа:

  • Ўғлим, маҳалладошлари қизнинг оиласи ҳақида яхши гап айтишмади, нима қиламиз? – сўради.

Зоҳиджон:

  • Санамни яхши қиз дейишибди-ку! Уйлантирсангиз, унга уйланаман, бошқа қиз керак эмас. Мени десангиз, дадамни ҳам кўндирасиз!

Чораси қолмаган онаизор дадаси билан маслаҳатлашиб, тўй қилишга рози бўлишди. Орзу-ҳавасли, карнай-сурнайли, донғи етти маҳаллага етадиган тўй бўлиб ўтди. Салкам бир ойгача Зоҳиджонлар уйидан меҳмонлар қадами узилмади. Иккинчи ой бошланди. Гулсанам опа, турмуш ўртоғи келин олдик, бир боламиз иккита бўлди деб хурсанд. Келинимиз бизга келин эмас, қиз бўлсин деб роса дуо қилишди.

Санам аввалига қайнона-қайнота хизматини елиб-югуриб бажара бошлади. Нима ҳам бўлди-ю, тўсатдан келиннинг авзои бузилиб, эрига хархашасини бошлади:

  • Жон хўжайин, илтимос, ўзимиз алоҳида кўчиб чиқайлик. Мен қачон турмушга чиқсам, алоҳида яшайман, деб орзу қилганман.
  • Э, қизиқмисан, мен битта-ю битта фарзанд бўлсам, қандай қилиб ташлаб кетамиз?
  • Нима қипти, тез-тез келиб турамиз.

Зоҳиджон кўнмади. Санам ялиниб-ёлвориб, ниҳоят, ҳовлини иккига ажратиб олишга эрини кўндирди. Зоҳиджон бу гапни айтишга юзи бўлмаслигини айтганида:

  • Сиз эркаксиз. Оилада ҳукмингиз бўлиши керак. Қандай айтасиз, нима қиласиз – бу сизнинг ишингиз. Айтасиз, тамом-вассалом! – сўзига якун ясади Санам.

Зоҳиджон ўйлай-ўйлай ечим тополмагач, уйга ичиб келди. Шайтон уни ичига кириб олиб, ўзини кўрсата бошлади. Эр шерга айланди. Тавба, кечаги истиҳола, андиша қаерга чекинди, билмайди. У ота-онасига алоҳида яшашмоқчилигини, ҳовлини иккига бўлиб, ўзларига тегишли қисмини ажратиб беришларини сўради.

Бу гапдан ота нима деярини, она нима қиларини билмай талмовсираб қолишди. Айниқса, она ўзини буткул йўқотиб қўйди. У бор бўйи билан ерга гурсиллаб йиқилди. Ота тез ёрдамга қўнғироқ қилди... Ер гўё остин-устун бўлди. Етиб келган тез ёрдамда онани шифохонага олиб кетишди. Саросимада қолган ота ҳам хотини билан бирга кетди. Зоҳиджон бошқа нима бўлганини билмайди...

... Кечаги воқеалар эсига келди-ю, нима қиларини билмай бошини чангаллаб қолди. Ўзининг қандай хатога йўл қўйганини англади. Англади-ю... бир хотиннинг макри минг туяга юк бўлиб қолмай, қалбни, хонадонни вайрона қилишга ҳам қодирлигини тушуниб етганида кечириб, тузатиб бўлмайдиган хатога йўл қўйганини тушунди.

                                                                                  Зебо ОМОНОВА

5549 марта ўқилди

Мақолалар

Top