Мақолалар

Қишлоқ хўжалиги ва ветеринария фани асосчиси

Ибн Аввом Ишбилий – ўз даврининг буюк олими, қишлоқ хўжалиги ва ветеринария фанининг асосчиси, ўсимлик ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича биринчи энциклопедия тузган мусулмон олими.

Ибн Аввом ХII асрнинг охирларида гуллаб-яшнаган Севилияда туғилди. Тўлиқ исми Абу Закариё Яҳё ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Аввом Ишбилий. “Ишбилий” “Севилялик”, деб таржима қилинади.

Мутафаккир қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича катта илмий меросга эга бўлиб, шу соҳада фаолият юритди (www.Filaha.org). Ибн Аввом кўп миқдордаги экинларни етиштириш ва тажрибалар ўтказиш билан шуғулланди. Шунингдек, ўзидан олдин яшаган олимларнинг қишлоқ хўжалиги ҳақидаги асарларини чуқур ўрганди (https://hdf-iq.org  ابن العوّام مبتكر التقويم الزراعي والري بالتنقيط).

Бинобарин, Ибн Аввомнинг узумлар етиштириш ҳақидаги “Узумзорни парваришлаш ҳақидаги рисола”, “Ҳақиқатнинг нигоҳи ва усулларнинг ойдинлиги” ва “Андалусия қишлоқ хўжалиги” асарлари дунёга машҳур. Охирги китоб энг машҳуридир. Унда Андалусия, Миср, Ироқ ва Мағриб халқлари қишлоқ хўжалиги соҳасида тўплаган хулосаларини энциклопедия кўринишга келтирган (https://hdf-iq.org  ابن العوّام مبتكر التقويم الزراعي والري بالتنقيط).

Асар, асосан, бошқа муаллифларнинг китобларидан тузилган. Ибн Аввом асарни ёзишда 112 хил муаллифнинг маълумотларини келтирди. Иқтибослари қуйидаги умумлаштирилган натижалар билан таҳлил қилинди: жами 1900 га яқин тўғридан-тўғри ва билвосита иқтибослар. Улардан 615 таси юнон муаллифларига (катта қисми Кассиан Басснинг “Геопоника”сига), 585 таси Яқин Шарқ араб муаллифларига (асосан Ибн Ваҳшийянинг “Набатий қишлоқ хўжалиги китоби”га), 690 таси эса андалусиялик араб муаллифларига (Ибн Бассол, Абул Хайр Ишбилий ёки Ибн Ҳажжожга) тегишли (www.Filaha.org).

Рисола икки асосий қисмга бўлинади. Биринчиси, тупроқлар, ўғитлар, сув, боғлар, дарахтлар, мевалар, уларни сақлаш билан боғлиқ бўлса, иккинчисида шудгорлаш, уруғларни танлаш, йил фасллари, ғаллачилик, дуккакли ўсимликлар, хушбўй ўсимликлар, ўрим-йиғим, деҳқончилик муҳандислиги, чорвачилик, паррандачилик ва ветеринария мавзуларига бағишланган бўлим билан тугайди.

Ибн Аввомнинг рисоласида 585 ўсимлик номи келтирилган. Унда 50 дан ортиқ турли мевали дарахтларни етиштириш, шунингдек, тупроқ ва гўнгнинг турлари ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари, пайвандлашнинг турли усуллари ҳақида ажойиб кузатувлар ўрин олган. Ибн Аввом, шунингдек, боғдорчилик, сув навлари, суғориш, чорвачилик ва асаларичиликни ўрганди, дарахтлар ва токларнинг кўплаб касалликлари аломатларини келтириш билан биргаликда уларни  даволаш усуллари ҳақида ҳам батафсил ёритди (www.Filaha.org).

Ибн Аввомнинг китоби 34 бобга бўлинди. Биринчи 30 таси экинлар билан, охирги 4 таси чорвачилик билан боғлиқ. Китобнинг дастлабки 4 бобида тупроқ турлари, ўғитлар, суғориш ва боғни режалаштириш келтирилади. Кейин мевали дарахтларни ўстириш, шу жумладан пайвандлаш, кесиш ва ҳоказоларга оид 5 та боб мавжуд.

Европаликлар уни таржима қилиб, ўзларининг қишлоқ хўжаликларида катта фойда олишди. Испан шарқшуноси Банқуэрй бу китобни араб тилида испанча таржимаси билан 1803 йилда нашр қилди. 1865 йилда эса асар француз шарқшуноси Клемент Молле томонидан француз тилига таржима қилиб, нашр этилди (https://100inventionsmusulmanes.net).

Шарқшунос Алдомелли  Ибн Аввомни Андалусия табибларидан бири деб ҳисоблаган. Немис шарқшуноси Макс Маер Ибн Аввом асари ҳақида: “Табиий фанлар, айниқса ботаника бўйича энг яхши араб китобидир”, деб юқори баҳо беради ([1] https://100inventionsmusulmanes.net).

 

Манбалар асосида

Мунаввар РУСТАМ қизи тайёрлади.

 

1087 марта ўқилди

Мақолалар

Top