Мақолалар

Оғизда «иймон келтирдик» дейиш билан одам боласи мусулмон бўлиб қолмайди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эй Расул! Оғизлари ила «Иймон келтирдик» деб, қалблари иймон келтирмаганлар ва яҳудий бўлганлардан иборат куфрга ошиқаётганлар сени маҳзун қилмасин. Улар ёлғонга кўп қулоқ солувчилар, сенга келмаган бошқа қавмга ҳам кўп қулоқ солувчилардир. Калималарни ўз ўринларидан (қарор топганидан) кейин ўзгартирурлар. Улар: «Агар сизга ушбу берилса, олинглар, агар бу берилмаса, ҳазир бўлинглар», – дерлар. Аллоҳ кимни фитнага солишни ирода қилса, унга Аллоҳдан бирон нарсага молик бўла олмассан. Ана ўшалар Аллоҳ қалбларини поклашни ирода қилмаган кимсалардир. Уларга бу дунёда шармандалик бор. Уларга охиратда улкан азоб бор» (Моида сураси, 41-оят).

Ушбу ояти каримада зикри келаётган 

«Оғизлари ила «Иймон келтирдик» деб, қалблари иймон келтирмаганлар»дан мурод мунофиқлардир. Демак, ушбу ояти карима мунофиқлар ва яҳудийлар ҳақида нозил бўлган. Маълумки, мунофиқликнинг келиб чиқиши ҳам яҳудийларга бориб тақалади.

Ушбу оятларнинг нозил бўлишининг сабаби ҳақида имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Аллоҳ таоло бу оятларни яҳудийларнинг икки тоифаси тўғрисида нозил қилган. Жоҳилият даврида улардан бири иккинчисини енгганидан сўнг ўзаро келишиб:

– Агар обрўли тоифа обрўсиз тоифадан бирор кишини ўлдириб қўйса, эллик васақ хун тўлайди. Аммо обрўсиз тоифа обрўли тоифадан бирор кишини ўлдириб қўйса, юз васақ хун тўлайди, – дейишган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келгунларича мазкур шартнома асосида иш тутар эдилар. У киши келганларидан кейин обрўсиз тоифа обрўли тоифадан бир кишини ўлдириб қўйди ва орада жанжал чиқди. Обрўли тоифа ўлдирилган аъзоси учун юз васақ хун талаб қилди. Обрўсиз тоифа эса:

– Дини бир, насаби бир, юрти бир икки тоифа аъзоларидан бирининг хуни иккинчисиникидан икки баробар бўлиши қаерда бор? Биз авваллари сизнинг сиқувингиз ила, қўрққанимиздан берар эдик. Энди эса Муҳаммад келгач, бермаймиз, – дедилар. Ораларида уруш чиқишига оз қолди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўртага ҳакам қилишга келишдилар. Бир оздан сўнг обрўли тоифа ўзаро кенгашиб:

– Аллоҳга қасамки, Муҳаммад улардан бизга икки баробар хун олиб бермайди. Улар рост айтишади: кўп миқдор хунни бизнинг сиқувимиз остида, биздан қўрққанларидан берар эдилар. Муҳаммадга билдирмасдан, одам юборинглар, унинг фикрини билиб келсин. Агар сизлар хоҳлайдиган нарсани берадиган бўлса, уни ҳакам қиласизлар. Агар уни бермайдиган бўлса, ҳазир бўласизлар ва ҳакам қилмайсизлар, – деб, баъзи мунофиқларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига пинхона юбордилар. Аллоҳ Пайғамбарига уларнинг хабарини берди ва режаларини билдириб:

«Эй Расул! Оғизлари ила «Иймон келтирдик», деб, қалблари иймон келтирмаганлар ва яҳудий бўлганлардан иборат куфрга ошиқаётганлар сени маҳзун қилмасин» оятини «фосиқун»гача нозил қилди».

Аллоҳ таоло бу оятни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишининг пайғамбарлик сифатлари билан хитоб қилиб:

«Эй Расул!» – деб бошламоқда. Сўнгра икки тоифа одамларнинг қилмишларидан хафа бўлмасликка чақирмоқда.

«Оғизлари ила «Иймон келтирдик», деб, қалблари иймон келтирмаганлар ва яҳудий бўлганлардан иборат куфрга ошиқаётганлар сени маҳзун қилмасин».

Демак, оғизда «иймон келтирдик» дейиш билан одам боласи мусулмон бўлиб қолмас экан. Оғиз билан келтирилган иймонни қалб ва амал тасдиқлагандагина иймонига ишонса бўлади.

Бу ҳолат айниқса, бугунги кунимизда кенг тарқалгандир. Оғзи билан иймон-Исломни даъво қилувчилар жуда ҳам кўп. Аммо иш билан тасдиқлашга келганда, аксарияти ўзини четга олади. Бундайлар «Кишининг дини қалбида бўлади», «Ислом динининг амалларини қилмаганимиз билан дилимизда бу динга ҳурматимиз бор», деб сўзамоллик қиладилар. Буларнинг ҳаммаси нифоқ, беҳуда гап.

Яҳудийларнинг кимлиги қадимдан маълум. Уларнинг қилмишлари оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоятда зикр қилинган. Аллоҳ таоло уларнинг мазкур қилмишларидан хафа бўлмаслик кераклигини Пайғамбарига уқтирмоқда:

«Улар ёлғонга кўп қулоқ солувчилар, сенга келмаган бошқа қавмга ҳам кўп қулоқ солувчилардир».

Яъни сенинг ҳузурингда бир жиноят ҳақида фатво сўраб келган мунофиқ яҳудийлар сенинг ҳақингда гапирилган ёлғонни кўп эшитадилар. Бир гуруҳ одамларни савол бериш учун олдингга юбориб, ўзлари келмай қолган бошқа яҳудийлардан ҳам сен ҳақингдаги ёлғонларни кўплаб тинглайдилар. Яна Улар

«Калималарни ўз ўринларидан (қарор топганидан) кейин ўзгартирурлар».

Яъни улар Тавротдаги сўзларни ўз жойидан ўзгартирадилар ва ўрнига бошқа сўзларни қўядилар. Маъносини бузиб айтадилар. Жумладан, мазкур жиноятнинг ҳукми ҳақида Тавротда келган сўзларни ҳам ўзгартирганлар.

«Улар: «Агар сизга ушбу берилса, олинглар, агар бу берилмаса, ҳазир бўлинглар», – дерлар».

Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига фатво сўраб келиш учун одам юбораётган яҳудийлар воситачиларга: «Агар Муҳаммад сизларга ушбу жиноят ҳақида енгил ҳукм айтса, қабул қилинглар, агар енгил ҳукм айтмаса, эҳтиёт бўлинглар, у ҳукмни олманглар», – дейишади. Кўриниб турибдики, улар шариат ҳукмига амал қилмоқчи эмаслар. Ўзларининг кўнгилларига ёқса, олиб, ёқмаса, рад қилмоқчилар. Яҳудийлар Тавротдаги ҳукм оғир эканини биладилар. Унга амал қилмасликлари воқеъликдаги бор нарса. Иймон келтириб, мусулмон ҳам бўлмаганлар. Аммо ҳавойи нафсларидаги ҳукмни тасдиқлаш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат этиб, енгил ҳукм бўлса, олишмоқчи. Кейин эса, мана, бу ҳукмни бизга Фалончи ўзи белгилаган, деб ўзларига ҳужжат қилишмоқчи.

Бугунги кунда худди шу хилдаги одамлар жуда кўпайиб кетган. Ўзи Ислом шариатига умуман амал қилмайди. Умрида боши сажда кўрмаган. Баъзан ночор ҳолга тушиб қолган пайтда шариатнинг ҳукмини сўраб қолади. Мабодо шариат ҳукми унинг хоҳишига тўғри келиб қолса, «Биз бу ишни шариатга мос қилмоқдамиз», деб керилиб юради. Тўғри келмаса, «Бу қадимги замонга мос ҳукм, ҳозир шароит ўзгариб кетган, нима бўлса ҳам, кўнглимиз тоза», деб кетаверади. Мана шу қилмишининг ўзи унинг кўнгли бузуқ ва ифлос эканини билдиради. Бундай одамларни ояти каримада «куфрга ошиқаётганлар» деб таърифланмоқда.

Аввал айтилганидек, Аллоҳ таоло Пайғамбарига бундай куфрга ошиқаётганларнинг қилмишларидан хафа бўлмасликни тайинлади ва уларнинг фитна йўлида юрганларини баён қилиб:

«Аллоҳ кимни фитнага солишни ирода қилса, унга Аллоҳдан бирон нарсага молик бўла олмассан», – деди.

Мазкур шахслар фитна йўлида юрибдилар, Аллоҳ уларни фитнага солиб қўйган, хафа бўлиш, куйинишнинг ҳожати йўқ. Барибир фойда қилмайди. Бунинг устига:

«Ана ўшалар Аллоҳ қалбларини поклашни ирода қилмаган кимсалардир».

Уларнинг қалблари нопок. Ўзлари шуни хоҳладилар. Қалблари нопок бўлмаганда, мазкур ишларни қилмас эдилар. Уларнинг нияти бузуқ бўлгани учун Аллоҳ ҳам қалбларини поклашни ирода қилмади. Бинобарин:

«Уларга бу дунёда шармандалик бор. Уларга охиратда улкан азоб бор».

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

1031 марта ўқилди

Мақолалар

Top