Мақолалар

Имомга ишонч қачон ортади?

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда масжидлар обод қилиниб, намозхонларга қулай шароитлар яратиб берилмоқда. 2022 йилда янги масжидларнинг 13 таси давлат рўйхатидан ўтказилиб, намозхонлар хизматига топширилди. Шунингдек, 50 та масжид қайта қурилиб, 38 таси тўла таъмирланди.

Айни пайтда 267 та масжидда қурилиш ишлари давом этмоқда. 2023 йил охиригача 49 та масжидни фойдаланишга топшириш, 161 та жомени қайта қуриш ва 23 тасини тўлиқ таъмирлаш режалаштирилган. .

Сўнгги икки йилда қурилиши давом этаётган масжидларга икки миллиард бир юз ўттиз миллион сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди.

Ҳозир республикамиз миқёсида катта йўл бўйларида 15 та масжид янги лойиҳа асосида тубдан қайта қурилмоқда, 7 та жомени қайта қуриш, 5 тасини йўл ёқасига кўчириш режа қилинган. Шунингдек, катта йўлларга яқин атрофдаги масжидлар номи ва масофасини кўрсатувчи махсус белгилар ўрнатилди.

Муҳими, юртдошларимиз ушбу масжидларда Рамазон, Қурбон ҳайитларини, хатми Қуръонлар ҳамда таровеҳ намозларини жамоат бўлиб ўқиб, шукуҳга тўлиб, Яратгандан мамлакатимиз тинчлиги ва равнақи, халқимизнинг янада фаровонлигини сўраб дуолар қилишмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари саъй-ҳаракатлари билан Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Ушбу марказда юртимизнинг забардаст уламолари ҳамда фиқҳ соҳаси олимлари иш олиб боради. “Колл марказ”ида мўмин-мусулмонларнинг саволларига ҳар жиҳатдан асосли жавоблар бериляпти. Саволлар электрон, ёзма ҳамда юзма-юз шаклда ҳам қабул қилинади.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳамда Уламолар кенгаши томонидан марказга йўлланган саволлар саралаб олиниб, яқинда “Фатволар тўплами: 500 саволга 500 жавоб” китоби нашр этилди.

Қуръони каримни ўрганишга бўлган эҳтиёжни таъминлаш учун Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида тажвид курслари фаолият кўрсатиб келяпти. Бугунга қадар 35 мингдан зиёд мўмин-мусулмонлар Қуръон ўқишни ўрганишди.

Чиндан ҳам диний-маърифий соҳада катта ислоҳотлар бўляпти. Бироқ олдинда муҳим вазифалар, муаммолар оз эмас. Жумладан, яқинда Бухородаги “Мир Араб” олий мадрасасида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар ҳамда туман-шаҳар бош имом-хатиблари учун аҳоли радикаллашувининг олдини олишга қаратилган малака ошириш ўқувларида бу ҳақда батафсил маълумотлар берилди.

Бугун имом-хатиблар жойларда диний-маърифий ишларни янада мазмунли ва таъсирчан олиб боришлари, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан сақлай билишлари, шунингдек, ўз ҳудудидаги одамларнинг дарду ташвишларини чуқур ҳис этиб, уларнинг ҳар қандай кунида ҳам ёнида туриб, камарбаста бўлишлари лозим. Ана шундагина кишиларнинг имом-хатибларга ишончи ортади, уларни иззат-икром қилиб, кўрсатмаларига амал қила бошлайдилар.

Қолаверса, имом-хатиб ҳамда отинойилар халқимиз орасига тобора чуқурроқ кириб бориб, турли бидъат-хурофотларга қарши муросасиз бўлишлари, шариатда йўқ турли номлар билан аталадиган маросимларга ва динимиз ман этган ишларга қарши кенг кўламда тушунтириш ишларини йўлга қўйишлари лозим.

Демак, диний соҳа ходимлари бугунги кунимизнинг масъулиятини чуқур англашлари, одамларнинг орзу-истаклари, уларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топишларида кўмак беришлари зарур.

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси ўринбосари

869 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Устоз отангдан улуғ! Ибодатнинг моҳияти »

Мақолалар

Top