Мақолалар

Энг афзал ибодат

Қуръон карим Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи, инсонларга саодат манбаи бўлгани учун уни ўқиш, ёд олиш алоҳида ибодат саналади. Бу борада Қуръон каримда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини тўлиқ қилиб беради, Ўз фазлу карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам беради. Албатта, У мағфиратли, ўта шукр қилувчидир (яъни озгина яхши амал учун ҳам кўп мукофот беради) (Фотир сураси, 29–30-оятлар).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам доим Қуръон ўқишга тарғиб қилганлар.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Эй Абу Зарр, эрталаб барвақт туриб, Аллоҳнинг Китобидан бир оят ўрганишинг сен учун юз ракат (нафл) намоз ўқишингдан яхшироқдир. Эрталаб туриб, амал қиласанми ёки йўқми, илмдан бир боб ўрганишинг сен учун минг ракат (нафл) намоз ўқишингдан яхшироқдир”, дедилар».

Яна бир ҳадисда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Қуръон ўқийдиган мўмин утружжага (апельсинга ўхшаш  “ширин лимон”)  ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси ширин. Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир. Ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин. Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон каби хушбўй, бироқ мазаси тахир. Қуръон ўқимайдиган мунофиқ эса ҳанзала (таъми ва ҳиди ёқимсиз мева) янглиғ ҳидсиз, таъми аччиқдир”.

Эътиборлиси, юқоридаги ҳадисда “Қуръон ўқийдиган” дейиш билан Қуръонни ойда-йилда бир эмас, доим ўқиш лозимлигига ишора қилинмоқда. Зеро, комил мўмин банда Аллоҳнинг Каломини токчаларда ғариб ҳолда қолдирмайди, муттасил ўқиб-ўрганади, илоҳий таълимотларга мувофиқ яшайди. Чунки Аллоҳ Қуръонни ўқиб-ўрганишимиз, Каломуллоҳ одоби ила хулқланишимиз учун нозил қилган. Бандалар бу борада бир-биридан фарқ қилади. Ҳақиқий мўмин кўпроқ насибадор бўлади, кимдир озроқ. Қуръон баракасидан умуман бенасиб қоладиганлар ҳам йўқ эмас.

Мўмин банда Қуръон ўқимаса ҳам, унинг асли пок, чунки қалбида иймон бор. Ана шу иймонни янада мустаҳкамлаш ва Аллоҳга яқин бўлиши учун Қуръонга муҳаббат қўймоғи лозим бўлади.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни: “Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг”, дедим. У зот: Аллоҳга тақво қил! Чунки барча ишларнинг боши тақводир”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, яна насиҳат қилинг”, деб сўрадим. Шунда у зот: “Қуръон тиловат қил. Зеро, бу сен учун ерда нур, осмонда захира бўлади”, деб марҳамат қилдилар».

Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким Аллоҳ азза ва жалла Китобидан бир оят ўрганса, (ўша оят) қиёмат куни бандани кулиб турган ҳолда қарши олади”, дедилар.

Ҳадисдан англашиладики, қайси банда Қуръондан бир оятнинг ўқилиши ва тафсирини ўрганса, ўша оят охиратда бандани хурсанд ҳолда кутиб олади, яъни Аллоҳ таоло ўша оятни банда қиёмат куни хурсанд бўлишига сабаб бўладиган восита қилиб қўяди.

 

Обиджон ИСМОИЛОВ,

Сариосиё тумани

“Имом Низомиддин Сангардакий”

 жоме масжиди имом-хатиби

976 марта ўқилди

Мақолалар

Top