Мақолалар

Омонатга вафо ва адолат

“Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга жуда яхши насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).

Омонат шундай нарсаки, у ўз эгасига қайтарилсагина, ҳар икки томонни, яъни омонат берувчини ҳам, омонат олувчини ҳам хотиржам қилади ва шунга яраша икки томонга ажру савоблар ёзилади. Шу боис, Аллоҳ таоло омонатни ўз эгасига топширишни буюрди.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Макка фатҳ қилинганида, Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ё Расулуллоҳ, одамларга сув тарқатиш ва Каъбанинг эшик оғалигини бизга олиб берсангиз”, деди. Набий алайҳиссалом Шайба авлодидан Каъба калитларини олиб, Аббос розияллоҳу анҳуга бердилар. Шунда Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 58-оятини нозил қилди.

Шунда Расули акрам алайҳиссалом Каъба калитларини олиб, яна Шайба авлодига қайтариб бердилар ва: “Эй амаки! Аллоҳ таоло ҳеч кимга кулфат келтирилмасдан битириладиган ишни яхши кўради”, дедилар».

Муфассирлар: “Мазкур ояти каримада барча мутасаддилар учун омонатларни жой-жойига қўйиб, унинг заррасига ҳам хиёнат қилмасликка амр-буйруқ бор”, дейишган.

Омонат Аллоҳ билан банда орасида ҳам бўлади. Чунки Аллоҳ бандаларнинг руҳларига: “Мен сизларнинг Раббингиз эмасманми?!” деб хитоб қилганида, улар: “Албатта, Сен бизнинг Раббимизсан”, деб иқрор бўлишган (Аъроф сураси, 172-оят). Аллоҳ бандаларидан аҳд олган, улар эса бу аҳдда мустаҳкам туришга ваъда берган. Агар банда бу аҳдни бузса, ваъдага хилоф, омонатга хиёнат қилган бўлади.

Омонат тоат-ибодатга бўлган амр, буйруқдир. Ким уни адо қилса, омонатни адо этибди, ким буни тарк этса, омонатга хиёнат қилибди.

“Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингизга буюради”.

Афсуски, бугунги кунда айрим кимсалар омонатдан қўрқмай қўйишди. Омонат борасидаги ўлчовлар, тушунчалар ўзгариб кетди. Бировдан қарзга пул олиб, қайтармай юриш, биров берган омонат (қимматбаҳо буюм, пул, маблағ ва ҳоказо)га хиёнат қилиш оддий ҳолга айланди. Ваҳоланки, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биров сенга бир калима айтиб, сўнгра атрофга қараб қўйса, билгинки, бу сўз омонатдир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Бошқа бир ҳадисда: “Мунофиқнинг аломати учта: ёлғон гапиради; ваъда берса, ваъдасини бажармайди; омонат топширилса, хиёнат қилади”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Имом Зажжож айтади: “Аллоҳ буюрган ва қайтарган барча нарсалар омонатдир”.

Имом Заҳҳок айтган: “Аллоҳ таоло бу умматдан ҳалол-ҳаром, намоз каби фарз нарсаларга ва бошқа омонатларга вафо қилишга аҳд-паймон олган. Аҳдлар ҳам худди шу каби бўлиб, Аллоҳ фарз қилган муҳкам нарсалардандир. Бирон-бир ҳолатда ҳам уни бузишга йўл йўқ”.

Муқотил ибн Ҳайён айтади: «Аллоҳ таоло: “Унинг Ўзигагина ибодат этишингиз ва қайтарган нарсаларидан қайтишингиз хусусида сизларнинг зиммангизга юклаган аҳдларга, мушриклар билан сизларнинг орангиздаги аҳдлар – битимларга ва инсонлар ўртасидаги аҳду паймонларга вафо қилинглар”», деб буюради.

“...одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар”.

Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳу: “Бу оят ҳокимлар тўғрисида нозил бўлган”, дейди. Ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: “Модомики, ҳоким жабр қилмаса, Аллоҳ у биландир. Агар жабр қилса, ўзини ўзига вакил қилиб қўяди”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда: “Бир соат адолатли ҳукм юритиш қирқ йиллик (нафл) ибодатга тенгдир”, дейилган (Имом Абу Ҳотим ривояти).

Адолат билан иш юритиш жамият ва юрт тараққиётига хизмат қилади. Адолат бўлмаган жойда барча айбдор бўлади. Шу боис ояти каримада “...одамлар ўртасида...” дейилмоқда. Шу сўз кишилик жамиятининг барча жабҳаларини қамраб олади.

Бир оятда икки буюк асосга – ҳам омонатга, ҳам адолатга иршод қилиш катта марҳаматдир. Шунинг учун оятнинг давомида: “Аллоҳ сизларга жуда яхши насиҳат қилур!” дейилмоқда.

Шундай экан, гўзал ваъз қилувчи Зотнинг буйруқларига “лаббай” деб, қайтариқлардан қайтсак, омонатга хиёнат қилмасак, улуғ ажрларга эга бўламиз, иншоаллоҳ.

Асрорхон ҲАБИБУЛЛАЕВ,
Шўрчи тумани бош имом-хатиби 



603 марта ўқилди

Мақолалар

Top