Мақолалар

Язид ибн Муовия

Ислом тарихида шундай инсонлар борки, уларнинг солиҳ ва фозил инсон бўлиб яшаганига уламоларнинг бари иттифоқ қилганлар. Масалан, Абу Бакр, Умарлар сингари (розияллоҳу анҳум). Шунингдек, яна шундай инсонлар борки, уларни Исломнинг ашаддий душмани, жоҳил ва фосиқ кимса эканига барча уламолар иттифоқ қилганлар. Масалан, Абу Жаҳл, Абу Лаҳаблар сингари (алайҳимуллаъна). Лекин тарих зарварақларида яна шундай инсонлар номи қолганки, уларнинг солиҳ киши ёки фосиқ киши бўлиб ўтганликлари борасида уламолар якдил фикрга эмаслар. Шулардан бири – Язид ибн Муовия.

Язид ибн Муовия (Аллоҳ уни отасидан рози бўлсин, ўзига эса Аллоҳдан ҳақли бўлгани бўлсин) – умавийлар давлатининг асосчиси Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан кейинги иккинчи халифадир. Унинг отаси – умавийлар давлатининг биринчи халифаси Муовия ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳу)[1] эди. Бобоси Абу Суфён ибн Ҳарб (розияллоҳу анҳу) жоҳилият ва ундан кейинги даврда ҳам Қурайш қавми орасида юксак мартабали шахс эди[2]. Бувиси Қурайшнинг машҳур зодагони Утба ибн Робианинг қизи, қавми орасидаги энг баобрў аёл - Ҳинд бинти Утба, аммаси Рамла (Умму Ҳабиба) – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг рафиқалари, амакиси Язид ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва уларнинг аввалги икки халифаси – Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу анҳумо)ларнинг жанглардаги ишончли қўмондони эди.

Язид она томондан ҳам улуғ насаб эгаси бўлиб, онаси – Майсуна бинти Баҳдал[3] ақл-заковатли араб шоираларидан эди. Тоғалари эса Арабистон ярим оролидаги нуфузли Калб қабиласидан эдилар.

 Язиднинг тўлиқ исми - Язид ибн Муовия ибн Абу Суфён ибн Ҳарб ибн Умайя; куняси – Абу Холид. Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврида ҳижратнинг 26 йили, милодий 647 йилда Мотирун қишлоғида туғилган[4].

Имом Заҳабий ўзининг “Сияри аъламин нубало” асарида бир ривоятни келтиради: “Муовия Майсуна бинти Баҳдал Калбийяга уйланди. У Язидга ҳомиладор эканида уни талоқ қилди. Майсуна бир куни тушида ундан ой чиқиб келаётганини кўрса, унга: “Сен халифани дунёга келтирасан”, деб таъбир қилишди”[5]

Язиднинг болалиги гўзал исломий муҳитда ўтди. Аммо отаси у туғилган вақтида онасини талоқ қилгани сабабли маълум муддат тоғалари билан яшади. Тарих китобларида Муовия (розияллоҳу анҳу) нима учун хотинини талоқ қилгани ва бу даврда Язиднинг ёши нечада бўлгани ҳақида маълумотлар учрамайди. Бир қанча муддатдан сўнг отасининг буйруғи билан Дамашққа келди, бу ерда у отасининг мажлисларида қатнашиб, унинг сиёсий қарашларини ўрганди. У ака-укаларсиз, ёлғиз муҳитда катта бўлди. Язид Дамашққа келгач, отаси унга Дағфал ибн Ҳанзала Шайбоний, Убайд ибн Шарийя Журҳумий[6] каби тарбиячилар, олимлар, насабчиларни тайин қилди. Ушбу олимлар Язиднинг насаб илмини билишида катта аҳамият касб этишди. Муовия (розияллоҳу анҳу) ёшлигидан фарзандининг таълим-тарбиясини мукаммал олишига бор эътиборини қаратди ва барча шароитларни яратиб берди. У ўғлини ўзининг мажлисларида қатнашишни талаб қиларди. Шу боис Язид отасининг олдига элчи бўлиб келган араблар ҳикматини эшитарди. Бу мажлисларда луғатшунос олимлар ҳам иштирок этарди.

Язид ибн Муовия уч аёлга уйланган. Улардан маълумлари – Умму Мискин бинти Умар ибн Хаттоб, Умму Гулсум бинти Абдуллоҳ ва Фохина бинти Абу Ҳошим[7].

Баъзи уламолар унинг фарзандлари тўғрисида ихтилоф қилишган. Ибн Касир уларнинг сони чексиз, деган. Аллома Балозарий эса қуйидагиларни санаб ўтган:

  • Холид – куняси Абу Ҳошим, тўнғич ўғли, Муовия ва Абдуллоҳ исмли ўғиллари бор. Отасидан, шунингдек, Диҳядан ҳам ҳадис ривоят қилган. Кимё илми билан шуғулланган[8]. Абу Зуръа: “У ва унинг биродари қавмнинг солиҳ кишиларидан эди”, деган. Укаси Муовия вафотидан сўнг халифаликни эгалламоқчи бўлганда, Марвон унинг йўлини тўсган. Ҳижратнинг 84 ёки 85-йили вафот этган.
  • Ҳарб - унинг зурриётлари Шомда тарқалган[9].
  • Муовия – солиҳ йигит бўлган, кунялари Абу Абдурраҳмон, Абу Язид. Отасидан сўнг 40 кун мобайнида халифа бўлган, аммо касаллиги туфайли халифалик вазифалари билан шуғулланолмаган. Онаси Абу Ҳошим Утба ибн Робианинг қизи. 17 ёки 21 ёки 23 ёшида вафот этган, жаноза намозини Марвон ўқиган. Вафот этаётганда унга: “Халифа қолдирмайсизми?”, дейишса: “Мен ҳеч ҳам унинг ҳаловатидан тотмадим. Нима учун уни қайта юклайман?”, деди[10].
  • Язид - унинг ҳам зурриётлари Шомда тарқалган.
  • Саид.
  • Язид - унинг зурриётлари Басрада тарқалган.
  • Утба.
  • Ҳарб.
  • Абдурраҳмон – тақводор ва ибодатдорлардан. Савбон (розияллоҳу анҳу)дан ҳадис ривоят қилган. Ривоятларда у кишини ибодатда қаттиқ ижтиҳод қилгани айтилган[11].
  • Абдуллоҳ[12] – Язиднинг Умму Гулсум бинти Абдуллоҳдан бўлган ўғли, “Асвар” лақаби билан машҳур бўлган.
  • Абдуллоҳ Асғор.
  • Муҳаммад[13].

Язиднинг қизлари ҳақида эса маълумотлар кам бўлиб, Ибн Касир улардан бештасини санаб ўтган: Отика, Рамла, Умму Абдурраҳмон, Умму Язид, Умму Муҳаммад[14].

Язид ибн Муовиянинг ташқи кўриниши тўладан келган, сергўшт, узун сочли, узун бўйли, қорачадан келган, кўзларининг оқи оппоқ ва қораси қоп-қора, ингичка ва чиройли соқол эгаси, фасоҳатли шоир ва хотиб, сахий, шижоатли, ҳаётида ортиқча такаллуф қилмайдиган киши эди. Ибн Касир сийрат китобида Язидда карамлилик, ҳилм, фасоҳат, мулкда гўзал ўйда бўлишлик каби мақтовли хислатлар бор бўлганини санаб ўтган[15].

Язид ибн Муовия отасидан биргина ҳадис ривоят қилган:

مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ[16]

“Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”. Кейинчалик ундан ўғли Холид, Абдулмалик ибн Марвонлар ривоят қилишган.

Язид ибн Муовиянинг фасоҳатли шоир бўлгани ҳақида ҳам маълумот бор. Ҳатто Марзавоний Язиднинг шеърларини тўплаб девон ҳолига келтирган.

Язид ибн Муовия милодий 683 йил 10 ноябрь, ҳижратнинг 64 йили рабиул аввал ойининг 14 куни Дамашқда 39 ёшида вафот этган. Унга жаноза намозини ўғли Муовия ўқиган[17].

Умавий ҳукмдорлар борасидаги маълумотлар орасида айнан Язид ибн Муовия ҳақидагилари бошқаларидан турли-туманлилик ва эҳтиёткорона муносабатда бўлиш билан ўзига хос хусусият касб этади. Негаки, тарихий манбаларда уни солиҳ киши  бўлганига ҳам, ашаддий фосиқ киши бўлганига ҳам далолат қилувчи хилма-хил ривоятлар келган. У мусулмон оламида шахсияти тўғрисида энг кўп муҳокама қилинган ва уламолар орасида ихтилофларга сабаб бўлган инсон саналади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Саид (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда: “Саҳобаларимдан бирортасини сўкманглар! Чунки бирортангиз Уҳуд тоғидек олтин инфоқ қилсангиз ҳам, уларнинг бир муддига ҳам, унинг ярмига ҳам ета олмайди”, деганлар. Язид ибн Муовия гарчи саҳоба бўлмаса-да, юқорида санаб ўтилгандек, саҳобийлар оиласидан. Бинобарин, Муҳаммад Анвар Бадахшоний “Ақидатут-Таҳовия” асарига ёзган талхисида шундай дейди:

“Ким Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобалари, ҳар қандай разолатдан пок аёллари, ҳар қандай қабоҳатдан пок зурриётлари ҳақида яхши гаплар айтса, мунофиқликдан халос бўлибди”[18]. Бу матнда келган “саҳобалари” сўзидан гарчи фақат уларнинг ўзлари тушунилса-да, мажозан уларнинг фарзандларини ҳам тушунишимиз лозим. Чунки фарзанд ҳар доим ўз ота-онасига нисбат берилади, унинг шаънига айтилган сўз фарзандни ўзига эмас, ота-онасига тегишли бўлади.  Яна бундан ташқари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Умматим қўшинидан Қайсар шаҳрига биринчи бўлиб ғазот қилганга мағфират бордир"[19], деганлар. Ҳижратнинг 49-йили Муовия (розияллоҳу анҳу) Қустантанияга ғазот қилиш учун катта қўшин тайёрлади ва қўшинга Язидни қўмондон қилди[20]. Шу тариқа Язид ибн Муовия ҳадисда айтиб ўтилган Қайсарнинг юртига илк бор ғазот қилган инсон саналади.

Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида мўминлар тилидан ушбу дуони келтиради: «Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!».  Аллоҳ таоло ушбу оятга мувофиқ ҳар биримизни аввал ўтган солиҳ ва фозил инсонларни ёмон сўзлар билан зикр қилиш ва қалбимизда уларга нисбатан адоват ва ғашлик уйғонишдан пок айласин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Рокия Юсуфий ва Саййиджамол Масайитов 

тайёрлади.

 

 

 

[1]  Ибн Асокир. Тарийху Димашқ. – Дамашқ: Дор ул-фикр, 1984. – Ж. 28. – С. 18;  Ибн Касир. Ал-бидоя ван - ниҳоя. Қоҳира: Дор ул - ҳадис, 1992.  - Ж. 8. - С. 214

[2] Ҳасанов А. А. Қадимги Арабистон ва илк Ислом: И китоб. Жоҳилия асри. –Т.: ТИУ, 2001. –Б. 153.

[3] Жалолиддин Суютий. Халифалар тарихи. - Қоҳира: Дор ул - фикрил аробий, 1946. - С. 233; Ибн Асокир. Тарийху Димашқ. – Дамашқ: Дор ул-фикр, 1984. – Ж. 28. – С. 18.

[4]  Wикипедия сайти. УРЛ: ҳттп://ру. wикипедиа.орг./wики/Язид_Муовия

[5] Имом Заҳабий. Сияри аъламин-нубало. - Лубнон-Байрут: Муассасатур рисала, 1996.  –Ж. 4.  –С.36; Ибн Асокир. Тарийху Димашқ. – Дамашқ: Дор ул-фикр, 1984. – Ж. 28. – С. 19;  Ибн Касир. Ал-бидоя ван - ниҳоя. Қоҳира: Дор ул - ҳадис, 1992.  - Ж. 8. - С. 214.

[6]Дағфал ибн Ҳанзала Шайбоний – буюк насабшунос олим, Расулуллоҳ (соллалоҳу алйҳи васаллам) вафот этган вақтларида 5 ёш бўлган. Муовия (розияллоҳу анҳу) у билан суҳбатлашиб, унинг ғоятда закийинсон эканлигини фаҳмлайди ва шу боисдан ҳам ўғлини унга шогирдликка беради.

 Убайд ибн Шарийя Журҳумий – арабларнинг машҳур муаррихларидан. Ҳижрий 67-йили вафот этган. Саҳоба бўлгани ёки бўлмагани борасида кўпгина ихтилофлар бор.

[7] Маҳмуд Шокир “Ат-тарийхул Исламий” асарида ва Муҳаммад Ҳузарий “Ад-давлатул Умавийя” асарида  фақат Умму Ҳошим ва Умму Гулсумни зикр қилганлар.

[8] Маҳмуд Шокир. Ат-тарийхул Исламий. – Байрут-Лубнан: Мактабатул Исламий, 2000. –Ж. 4. –С. 122; Имом Заҳабий. Сияри аъламин-нубало. - Лубнон-Байрут: Муассасатур рисала, 1996. –Ж. 5.  –С. 383; Ибн Касир. Ал-бидоя ван - ниҳоя. Қоҳира: Дор ул - ҳадис, 1992.  - Ж. 8. - С. 223.

[9]  Ибн Касир. Ал-бидоя ван - ниҳоя. Қоҳира: Дор ул - ҳадис, 1992.  - Ж. 5. - С. 645-646.

[10] Жалолиддин Суютий. Халифалар тарихи. - Қоҳира: Дор ул - фикрил аробий, 1946. - С. 239.

[11]  Имом Заҳабий. Сияри аъламин-нубало. - Лубнон-Байрут: Муассасатур рисала, 1996. –Ж. 6.  –С. 49.

[12]  Ибн Касир уни исмини Абдулазиз деб зикр қилади.

[13]  Маҳмуд Шокир келтирилганларга қўшимча қилиб Умар, Робеъ исмли фарзандларни ҳам санаб ўтган. Ибн Касир эса Усмон исмли ўглини ҳам қўшган ва улар сонини 15 та деган.

[14] Ибн Касир. Ал-бидоя ван - ниҳоя. Қоҳира: Дор ул - ҳадис, 1992.  - Ж. 8. - С. 224.

[15] Ўша асар. - С. 218.

[16] Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул борий бишарҳи Соҳийҳил Бухорий. – Қоҳира: Дор ур-Ройян лит-турос, 1988. – Ж. 1. –С. 197/ Имом Забийдий. Мухтасару Соҳийҳил Бухорий. – Ар-Риёд: Мактабат ул-муайяд, 1992. – С. 27.

[17] Ибн Асокир. Тарийху Димашқ. – Дамашқ: Дор ул-фикр, 1984. – Ж. 28. – С. 29/ Ибн Касир. Ал-бидоя ван - ниҳоя. Қоҳира: Дор ул - ҳадис, 1992.  - Ж. 8. - С. 223.

[18] Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Ақидатут-Таҳовия шарҳининг талхиси. –Т.: Ҳилол-Нашр, 2015.

[19]  Муҳаммад Исмоил ал-Бухорий.  Олтин силсила - Саҳиҳул Бухорий. - Т.: Ҳилол - Нашр, 2013. - Ж. 1. - Б. 672.

[20] Имом Заҳабий. Сияри аъламин-нубало. - Лубнон-Байрут: Муассасатур рисала, 1996.  –Ж. 5.  –С. 35.

 

1383 марта ўқилди

Мақолалар

Top