Мақолалар

Аллоҳнинг илк амри

Қуръони каримнинг биринчи нозил бўлган оятида Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: “Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди (“Алақ” сураси, 1 – 5 оятлар), дея марҳамат қилиб, бутун инсониятни илм-маърифат эгаллашга буюради. Қолаверса, Қуръони каримнинг ҳар бир сурасида очиқ ёки ишора билан илмнинг қадр-қиммати, аҳамияти хусусида сўз юритилади. Шундан англаш мумкинки, Ислом – илм дини, зотан, банда илм воситасида Раббини танийди, дину диёнат, дунё ва охират синоатларини теранроқ англаб, зиммасидаги фарз амалларини бажаришга муваффақ бўлади.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ таоло, аввало, қаламни яратиб, “Ёз!” деди, қалам: “Нимани ёзаман?” деди, Аллоҳ деди: “Қадарни ёз, бўлиб ўтганни ҳам, энди бўладиганни ҳам”. Ҳадисда илмнинг фазилати нақадар юксак эканлиги эътироф этилмоқда. Демак, киши заҳмат чекиб бўлса ҳам ҳар доим илм эгаллаши, тўғрилик ва ҳалолликни энг олий мақсад қилиб олиши лозим.

«Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”, фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир» (Оли Имрон сураси, 18-оят).

Ушбу оятда эса Аллоҳ таоло аввал ўзини, кейин фаришталарни, сўнг илм аҳлини зикр этмоқда. Бу эса илмнинг шараф ва олий мақом эканини англатади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, – деганлар (Имом Ибн Адий ва Имом Байҳақий ривоятлари). Инсон қандай мушкул бўлмасин, ҳамиша билим олишга интилиши, ҳатто бу йўлда мусофирликнинг ҳам аччиқ синовларини бошдан кечирса ҳам надомад қилмаслиги лозим. Боиси, динимиз бизни илм қаерда бўлмасин, бориб эгалланг, деб ундамоқда.

Улуғ аждодларимиз бекорга илм-фан, маданият, санъат ва бошқа соҳаларда улкан муваффақиятларга эришмаганлар. Уларнинг маърифатга бўлган муҳаббати ҳамиша алангаланиб турган ва бу куч барча синовларни енгиб ўтишга, тинимсиз меҳнат қилишга ундаб турган. Қолаверса, айтиш жоизки, қадимги боболаримиз, момоларимиз фарзандларининг келажакда олиму фузало бўлишлари учун мудом дуода бўлишган. Демоқчимизки, илм эгаллашда дуонинг ҳам беқиёс ўрни бор. Қуръони каримнинг Бақара сураси, 186-оятида шундай дейилади: “Сиздан (эй Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар”. Биз дуоларимизда Аллоҳ таолога илтижо билан топинсак, суянсак ва Ундан мадад сўрасак, албатта, муродимиз ҳосил бўлади. Демак, дуоларнинг афзали бўлган фарзандларимизнинг бахту иқболи порлашини, илми янада зиёда бўлишини сўрашдан толмасак, иншааллоҳ, боболаримизнинг муносиб ворислари етишиб чиқаверади.

Ҳолбуки, ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси, шубҳасиз, ижобат бўлади. Болаларимизни салоҳиятли, тақволи, элу юртга хизмат қиладиган маърифатли қилиб тарбиялашга катта эътибор қаратишимиз, ота-оналар ўғил-қизларининг ҳаққига кўпроқ дуо қилишлари лозим.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам илм талаб қилишга ундаб: “Ким илм талабида йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини (топишни) енгил қилади. Фаришталар қанотларини толиби илмнинг оёғи остига пояндоз қилиб тўшайдилар. Олим ҳақига осмонлар ва Ердаги барча нарсалар истиғфор айтур. Ҳатто сувдаги балиқлар ҳам. Олимнинг обидга нисбатан устунлиги ойнинг юлдузларга нисбатан фазилатига ўхшашдир. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динор ва дирҳам мерос қолдирмайдилар, улар илмни мерос қолдирадилар. Ким уни тутса, тўла насибасини олибди” (Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Таълим олиш учун йўлга чиққан инсоннинг даражаси Аллоҳ таолонинг ҳузурида ниҳоятда баланд экан. Уларнинг ишлари ўнгланиши, юриши учун Бутун Олам қўллаб-қувватлаб тураркан.

Хулоса ўрнида айтишимиз лозимки, Аллоҳ таолонинг илк амрига бўйсунган, унга тўла-тукис амал қилган банда борки, у, шубҳасиз, энг бахтли, саодатли одамдир. Уларнинг ҳаёт тарзи, тутумлари барчамизга ибрат мактаби, сабоқ маёғи бўлмоғи лозим. Зотан, илм – нур, у бизни нурли манзиллар сари етаклайди.

 

Дилмурод СОДИҚОВ

1114 марта ўқилди

Мақолалар

Top