Мақолалар

Бир кунда Қуръондан қанча ўқиш керак?

Мўмин киши Қуръони каримни ҳар куни тиловат қилиши ва ўқиладиган миқдорни кун сайин ошириб бориши зарур. Солиҳ салафлар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – Қуръони каримни турли муддатда хатм қилиб боришган.

Ибн Абу Довуддан нақл қилинишича, баъзи салафи солиҳлар Қуръонни ҳар икки ойда, бошқалари эса бир ойда хатм қилишган. Ўн кечада, саккиз кечада хатм қиладиганлари ҳам бўлган. Уларнинг кўпчилиги етти кечада хатм қилишгани ривоятларда собит. Олти, беш,.. ҳатто бир кечада хатм қилганлари ҳам бўлган. Шунингдек, улар орасида бир кеча-кундузда икки, уч, ҳатто саккиз мартагача хатм қилганлари бор.

Имом Абу Абдураҳмон Суламий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен шайх Усмон Мағрибийнинг: “Ибн Котиб раҳимаҳуллоҳ Қуръони каримни кундузи тўрт марта, кечаси тўрт марта хатм қилган”, деганини эшитдим».

Бир кунда қанча Қуръон ўқиш керак?
Бу борадаги энг тўғри фикрга кўра, Қуръондан ўқиладиган миқдор ўқувчининг ўзига боғлиқ. Ўқувчи шундай миқдорга чеклансинки, токи ўқилган қисм ўзига малол келмайдиган ва уни бемалол ўзлаштириб, мулоҳаза қила оладиган бўлсин. Агар инсон таълим олувчи, ё таълим берувчи ёки бошқа диний ишлар ёхуд инсонларга фойда берадиган бошқа муҳим вазифалар билан машғул бўлса, у ҳолда Қуръондан ўқийдиган миқдори уни ўз вазифасидан чалғитмайдиган даражада бўлиши керак. Агар у юқоридаги ишлар билан шуғулланмаса, у ҳолда ўқиш тезлигини имкон қадар оширгани маъқул. Фақат бу иш уни зериктириб, шошма-шошарлик билан ўқишга олиб келмаслиги лозим.

“Ат-тибян фий адаби ҳамалатил Қуръан” китобидан

"Ислом нури" газетасидан

971 марта ўқилди

Мақолалар

Top