Мақолалар

“Барча муфтийлар билан бирга ишладим...”

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 80 йиллиги

Бу йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташкил этилганига 80 йил тўлди. Шу давр мобайнида идора тизимида кўплаб уламолар, фидойилар фаолият юритишди. Ана шундай уламолардан бири Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларидир. У киши салкам 50 йил давомида диний соҳада меҳнат қилиб, “Қуръони карим маъноларининг тар­жима ва тафсири”, “Коран. Краткий комментарий”, “Ахлоқ-одобга доир ҳадислар”, “Минг бир ҳадис”, “Минг бир фатво”, “Ақоид матнлари”, “Гуноҳи кабиралар”, “Мусулмончиликдан илк сабоқлар”, “Маънавиятнинг етти хазинаси” каби йигирмага яқин китоб таълиф этди. Шунингдек, диний таълим муассасаларида кўплаб шогирдларга устозлик қилди.

Шайх Абдулазиз Мансур 1944 йили Олтиариқ туманида деҳқон оиласида туғилган. Отаси оддий деҳқон бўлса-да, уламоларга ихлос-муҳаббати кучли эди. Шу боисдан фарзандларининг илмли бўлишларига катта эътибор берди.

– Бугунги эришган ютуқларим, илмга бўлган муҳаббатим отамнинг дуолари сабаб, – дейди суҳбатда шайх ҳазратлари.

– Кишининг бир соҳани танлашига нимадир туртки бўлади. Сизнинг диний соҳага кириб келишингизга, араб, форс ва рус тилларини мукаммал эгаллашингизга нималар туртки бўлган?

– Дин ва адабиётга қизиқишим 5-синф­лик чоғимдан бошланган. Алишер Навоий­га бўлган қизиқиш форс, араб тилини ўр­ганишга ундади. 10-синфни битиргунча Навоийнинг кутубхонадаги барча асарларини ўқиб, форс тилини луғатлардан ўргангандим. Араб ва диний билимларни эса олтиариқлик Муҳаммадқосимхон қори, қўқонлик Асқар қори домла, риштонлик Мамажон махсум дом­ла, Марғилондаги Ҳа­кимжон қорилардан олдим.

1975 йили Тошкентдаги Олий маъҳадга ўқишга кириш мақсадида муфтий Зиёуд­динхон ибн Эшон Бобохон домланинг олдиларига келдим. У киши: “Нималарни ўқигансиз?” деб сўраб қолди. “Кофия”, “Шо­фия”, “Шарҳи Мулла Жомий”, “Тал­хисул-Мифтоҳ”, “Мухтасарул-маоний”, “Мақомоти Замахшарий”, “Ал-Ҳидоя”, “Мухтасарул-Виқоя”, “Саҳиҳи Бухорий”, “Тафсири Насафий” каби ўттизга яқин китобни санаётгандим, у киши: “Тўхтанг, шуларнинг ҳаммасини ўқидингизми?” дедилар. Сўнг­ра, “Сизни сиртдан ўқишга қабул қиламиз. Ҳам ўқиб, ҳам талабаларга дарс берасиз”, дедилар. Шу тарзда Тошкент ислом институтига сиртдан қабул қилиниб, Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида дарс бера бошладим. Бир йилдан сўнг Олий маъҳадга чақиришди. Кейинчалик идора тизимида турли лавозимларда муфтий Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохондан бошлаб то ҳозирги муфтийгача бирга ишлаш насиб этди.

– Ҳаётингиз саҳифаларида Қуръон­га бўлган қизиқишингиз, муҳабба­тингиз муҳим ўрин эгалласа керак, тўғрими?

– Ҳа, албатта. Қуръонга қизиқиш мактабда ўқувчилик чоғларимда бошланган. Афсуски, у пайтларда Қуръонни ўрга­тадиган инсонларни топиб бўлмас, билганлар ҳам турли тазйиқлардан қўрқиб, шогирдликка ҳеч кимни олмасди. Шундай бўлса-да, Қуръони каримни хатм қилиш насиб этди.

Устоз менинг қори бўлишга иштиёқимни кўриб, “Қори бўлганингиз яхши, лекин сиз илмга мойил йигитсиз. Илм иштиёқида бўлинг”, дея насиҳат қилди. Аллоҳ менга Қуръони каримни олдин ўзбек тилига, кейинрооқ рус тилига таржима қилишни, 50 йил дин йўлида хизмат қилишни насиб этди. Бу мен учун катта шараф.

– Сўнгги йилларда Исломга қарши турли фитналар кўпайиб, мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш ҳолатлари кузатиляпти. Бу иллатлардан қандай сақланиш мумкин?

– Мусулмонларга турли бўҳтонлар, асоссиз иғволар Исломнинг илк даврларидан бўлиб келган ва ҳозир ҳам давом этяпти. Интернет, ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши бу иллатларни янада ку­­чайтирди. .

Интернетдан тўғри йўлда фойдалансангиз, ундан яхши манба йўқ. Ўзим ҳам билмаганларимни ундан ўрганаман. Қанча-қанча бебаҳо, нодир асарлар бор. Уларни ўқиш керак, холос.

Афсус, бугун бу тармоқларда Ислом таълимотига зид фикрлар кўпайиб кетди. Айрим кимсалар халқимизни чалғитиш мақсадида диндан фойдаланмоқчи бўл­япти. Уларнинг гап-сўзига эътибор берсангиз, бошида яхши сўзлардан гап бошлайди. Вақт ўтиб фитналарга эргаштиради. Гоҳида бундайлар бизга ҳам ғойибона тош отиб қолади. Гапи бўлса, юзма-юз мулоқот қилсин, баҳсга киришсин. Аммо фақат орқадан тош отаверади. Аллоҳ буларга инсоф берсин. Бундайларнинг фитнасига учмаслик учун ўзимизнинг имом-хатиб, уламолар этагини маҳкам тутиш, юртимизда нашр этилаётган диний адабиётларни кўпроқ ўқиш лозим.

– Орамизда Ислом динини анча тор тушунадиганлар ҳам йўқ эмас. Аслида, Исломнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти қандай?

– Ислом – мукаммал нозил қилинган сўнгги дин. У инсон ҳаётидаги барча жабҳа­ларни қамраб олади. Шу боис барча масалаларга Исломда ечим бор. Унда ибодат ва дунё ишларини бирдек олиб бориш ҳар бир мўмин учун фарз қилинган.

Гоҳида дунёвий илм, диний илм деб ажратиш ҳолатлари кузатилади. Ислом эса инсонни илмга тарғиб қилади. Бу борада буюк мутафаккир боболаримизнинг йўллари бизга кўзгу. Улар Исломни мукаммал эгаллагач, дунё тамаддунига асос бўладиган асарлар ёзишди. Улар илмининг моҳиятида Ислом таълимоти борлиги барчага маълум. Орадан минг йиллар ўтса-да, бугун ҳам уларнинг бебаҳо мероси ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Буни ҳам чуқурроқ тафаккур қилиш лозим.

Қисқаси, динимиз кишини камолотга, икки дунё саодатига элтади. Шуни яхши англамоқ керак. Бирор ишда дунё ҳой-ҳавасларига берилиб, динни унутсак, қилаётган ишимизда хайр-барака бўлмайди. Ўша юмушни иймону ихлос билан бажарсак, у амалимиз ибодатга айланади.

Айниқса, бугунги ёшларимизга соф Ис­лом таълимотини пухта сингдиришимиз лозим. Шундагина юртимиздан яна буюк олиму уламолар етишиб чиқади, иншоаллоҳ.

– Бугун диний адабиётлар кўпайиб, халқимизнинг маърифий билими юксалишига хизмат қиляпти. Аммо имло масаласи китобларда айрим атама ва исмлар турлича ёзиляпти. Масалан, Хадича-Хадижа, Али-Алий, рамазон-рамадон, ақида-ақийда, розияллоҳу-разияллоҳу ва ҳоказо. Шу каби сўзларни ёзишда ўзбек тили меъёрларига амал қилиш керак, деб ўйлаймиз.

– Албатта, бу ўта нозик ва оғриқли масала. Чунки кейинги пайтда нашриётлар кўпайди. Ҳар бирининг ўзига яраша услуби, тартиб-қоидалари бор. Худди шундай китоб муаллифларида ҳам. Шуниси аниқки, ўз она тилини яхши билган одам хато ёзмайди. Баъзилар мана шу она тилини яхши билмаганлари учун юқоридаги каби тушунмовчиликлар учраяпти. Улар араб тилида қандай ёзилса, шу тўғри деб ўйлаяпти. Ваҳоланки, ҳар бир тилнинг имло қоидалари бор. Унга кўра, четдан бирор сўз ўзлашаётганда уни қандай бўлса шундай эмас, балки шу тилда сўзлашувчилар талаффузидан келиб чиқиб, енгилроқ варианти танланади ва имло луғатларига шу тарзда киритилади.

Битта мисол. Айримлар Қуръони каримдаги “карим” сўзини Аллоҳнинг исми деб ўйлаб, катта ҳарф билан ёзяпти. Аслида “карим” сўзи “карамли Қуръон”, “мукаррам Қуръон” деган маънода келади. Шу боис “карим” сўзи кичкина ёзилади.

– Жорий йил бошида Диний идора тизимида Фахрийлар кенгаши тузилди. Бугун кенгаш қандай ишларни амалга оширяпти. Қолаверса, ўзингиз ижодкор сифатида қандай асарлар устида ишлаяпсиз?

– Аллоҳга шукр, шу ёшда ҳам хайрли ишлар билан банд қилиб қўйди.

Идора тизимидаги Фахрий­лар кенга­ши раиси бўлдим. Муфтий ҳазратлари, ба­рака топсин, фахрийлар кенгашини ту­зиш ҳақидаги ташаббуси кўплаб нуроний имом-хатибларни қувонтирди. Шу кун­ларда кенгаш диний соҳада ишлаб на­фақага чиққан имом-хатиб ва уламолар ҳолидан хабар олиб, уларга ғамхўрлик кўрсатмоқда. Соғликларини тик­лашлари учун соғломлаштириш мас­кан­ларига юборяпти. Умра, ҳаж йўллан­маларини тақдим этяпти. Шу билан бирга, уларнинг тажриба ва билимларидан унумли фойдаланиш мақсадида соҳага доир турли тадбирларга жалб қилиняпти.

Айни дамда унчалик халққа таниш бўл­маган жиззахлик “Маҳзун” тахаллусли шоир ва олимнинг қўлёзма шеърларини эски ўзбек ёзувидан ҳозирги ёзувга ўгиряпман. Шу билан бирга, бир қанча диний китоб­ларни араб тилидан таржима қилиш билан бандман. Аллоҳ насиб этса, буларнинг барчасидан ўқувчиларни тез орада баҳраманд этиш ниятидамиз, иншоаллоҳ.

Бобур МУҲАММАД 
суҳбатлашди.

 

1443 марта ўқилди

Мақолалар

Top