Мақолалар

Динимиз маломатдан қўрқмасликни буюради...

Мусулмонлар Байтул Мақдисни фатҳ этгач, у ер аҳолиси Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу атрофида тўпланди. Одамлар саҳобадан Ислом дини ҳақида сўраб-билишарди.

Одамлар орасида Хайва исмли киши бўлиб, у Байсан юртидан Қуддусга янги дин ҳақида сўраб-билиш учун келганди. Хайва бундай сўз бошлади:

– Муоз, бизга айт-чи, нима учун мўминлар амири Умар ибн Хаттоб Қуддус фатҳи муносабати билан шахсан ўзи ташриф буюрди? Ахир, бундан олдин сизлар Миср, Шом ва Ироқ каби юртларни фатҳ қилдингиз. Лекин халифа у ўлкаларга бормади.

– Бу ер муқаддасдир. Аллоҳ таоло уни пайғамбарларига инъом этди. Биз эса охирзамон Набийсига эргашамиз. У зот алайҳиссалом муқаддас деб билган ҳар бир нарсани биз ҳам муқаддас деб биламиз.

– Оламдан ўтганига қарамасдан Пайғамбарингизга шу даражада эргашасизми?!

– Мўминлар амири хутбасида нима деганини эшитмадингми? У киши: “Биз Аллоҳ Ислом билан азиз қилган қавммиз. Агар иззатни Исломдан бошқа нарсадан қидирсак, Аллоҳ бизни хор қилади”.

– Лекин амирларингиз черковда намоз ўқишдан бош тортди-ку?!

– У ер мусулмонларнинг масжидига айланиб қолмаслиги учун амиримиз шундай қилди.

– У ҳолда нима мақсадда бу ерга келдингиз? .

– Одамларга дин танлаш ихтиёрини бериш учун. Бундан олдин улар румликларнинг динини қабул қилишга мажбурланган эдилар.

* * *

Ислом ва мусулмонлардаги олийжанобликни кўриб, Хайва мусулмон бўлди. Ўғлининг Ислом таълимини олиб вояга етиши учун саъй-ҳаракат қилди. У фарзандига бундай насиҳат қиларди:

– Биласанми, Ражо, инсон дунёда нимага эришади? Вақт, соғлик ва мол-мулк. Киши мол-дунё топиши учун соғлиги ва вақтини сарфлайди. Молни тўплагач эса, вақти ва соғлигининг катта қисмини йўқотган бўлади. Ўғлим, сен ҳеч қачон вақтингни беҳуда сарфлама.

Хайва ўғлига усулул фиқҳ, тафсир, ҳадис ва меъморчилик илмини ўргатишга киришди.

* * *

Ражо фиқҳ ва меъморчилик илмида катта натижаларга эришди. Басра ва Ҳижоз уламолари билан дўстлик алоқалари мустаҳкамланди.

Кунларнинг бирида умавийлар халифаси Малик ибн Марвон муҳим иш юзасидан уни ҳузурига чақириб, бундай деди: “Ўғлим, Маслама румликларга қарши курашда кўрсатган қаҳрамонлигинг ҳақида сўзлаб берди. Сен бош вазир мақомига лойиқсан. Ўзинг катта олимсан. Одамлар сени яхши кўриб, эргашади. Бундан ташқари, меъморсан. Шу боис доимо маслаҳатингга муҳтожман. Ислом олимдан кўра, вазирга кўпроқ муҳтож. Таклиф ҳақида ўйлаб кўр”.

Қанчадан-қанча уламолар “султоннинг уламоси” деган номдан қочиб, қозиликка рози бўлмадилар. Лекин Ражонинг бу борада ўз фикри бор эди: “Одамлар учун амал қилиш риё, улар учун амалдан тўхташ ҳам риё. Диним менга ҳақ йўлда маломатчиларнинг маломатидан қўрқмаслигим кераклигини ўргатган. Аллоҳ мен билан. Тез орада У мени барча яхшиликларга муясссар қилади”.

ХАЛИФА ҲУЗУРИДА

– Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг асҳобларини афв этишимни истамоқдамисан? Ахир улар бизга қарши жангда Абдуллоҳга ёрдам бердилар-ку!

– Ҳажжож ибн Юсуф Абдуллоҳни, у билан бирга кўплаб мусулмонларни ҳалок этди. Бу одамлар қалбида адоватни пайдо қилиб, улар орасида фитна ёйилди. Агар сиз Адбуллоҳ ибн Зубайрнинг асҳобларини афв этсангиз, халқнинг сизга меҳри ошади. Бу ишингиз билан фитна оловини ўчирган бўласиз. Сизга Набий алайҳиссаломнинг: “Дунёнинг завол топиши бир мусулмоннинг қатл этилишидан енгилроқдир”, деган ҳадисларини эслатмоқчиман. Хожам, ўтган сафар тўкилган қонларни ювишда ёрдам берсангиз. Аллоҳга қасам, бош вазирлик мансабини фақат шу мақсадда қабул қилганман.

– Айтганингдек бўлади. Бугундан бирор мусулмоннинг қони тўкилмаслигига буюраман. Фақат сенинг қароринг билан жазо берилади.

* * *

Кўпчилик, хусусан, уламо дўстлари Ражонинг вазир бўлганини маъқулламагани унинг кўнглини хира қилганди. Бундан олдин ҳам халифанниг ўта исрофчи экани уни кўпроқ ташвишга соларди. Халифа давлат маблағининг кўп қисмини қасрлар қуришга сарфларди.

Ражо халифанинг насиҳатни тўғридан-тўғри қабул қилмаслигини биларди. Шу сабаб унинг назаридан қолиш, ишончидан чиқишни истамасди. Халифага мусулмонларга хизмат қиладиган лойиҳани таклиф қилди. Яъни, Байтул Мақдиснинг фатҳ этилганига эллик йил тўлгани муносабати билан Масжидул Ақсода Қуббатус Сахро қуриш таклифини киритди. Ушбу лойиҳа одамларга манфаат келтириши билан бирга жуда гўзал меъморий асар бўлишини таъкидлади.

Халифага лойиҳа маъқул келди. Ражо ибн Хайвага Қуббатус Сахрони соф олтиндан барпо этишни буюрди. Кейин Миср аҳлининг закотларини ушбу лойиҳага сарфлашини тайинлади.

Аллоҳнинг фазли билан етти йилда Қуббатус Сахро қуриб битказилди. Ушбу масканга одамларнинг қизиқиши янада ортди. Бино қуриб битказилгач, беш юз минг дирҳам халифа томонидан Ражо ибн Хайвага мукофот тарзида тортиқ этилди. Лекин Ражо маблағнинг фақирларга тарқатилишини талаб қилди.

* * *

Абдулмалик ибн Марвон вафот этгач, Ражо бош вазир мақомида Валид ибн Абдулмалик, сўнгра Сулаймон ибн Абдулмалик халифалигида давом эттирди. Сулаймон ибн Абдулмаликнинг вафоти яқинлашгач, у халифаликни ўғилларига васият қилди. Лекин болалари у вақтда ҳали гўдак эди. Ражо бу васиятдан бирор нарса чиқмаслигини билди. Шу боис ақл-заковатини ишга солиб, жажжи болаларга ўзларига анча катта келадиган халифалик либосини кийдирди ва шу ҳолларида оталарининг ҳузурига киритди. Болалар ёш, кийимлари катталигидан унга ўралашиб туришарди. Халифанинг кўз ўнгида ҳам кулгили, ҳам ачинарли манзара пайдо бўлди. Шунда Ражо: “Мавлоим, тамагирлар ҳукмдорликни қўлга киритиш учун уларни ўлдириб юборишлари мумкин. Бундан кўра, болаларга оталик қиладиган, шу билан бирга, уларни ўлим ёки асирликдан ҳимоя қилувчи кишини халифа этиб тайинлаш лозим”, деди ва бу мансабга амакисининг ўғли Умар ибн Абдулазизни таклиф қилди.

Халифа номзодни маъқул кўрди. Аллоҳ ва расулининг розилигига сабаб бўладиган ишни кечиктирмай, ўша куннинг ўзидаёқ охирига етказди. Умар ибн Абдулазизни халифа этиб тайинлади.

Ражо Умар ибн Абудулазизнинг халифалиги даврида ҳам бош вазир лавозимида ишлади. Умар ибн Абдулазиз адолат ва яхшилик билан эришган барча ютуқда Ражонинг хизмати катта бўлди.

Умар ибн Абдулазиз вафотидан кейин Ражо уйидан чиқмади. Халифа унга нафақат раҳбар, балки чин дўст, энг яқин киши эди.

 

Манбалар асосида

Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.

1262 марта ўқилди

Мақолалар

Top