Мақолалар

Қабристон зиёрати одоблари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қайси биримиз яхшироқ амал қилишимизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Роббимиз Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз бўлсин! «Лаззатларни парчаловчи ўлимни ёдга олинглар», дея бизни огоҳликка даъват этган севикли Расулимиз Муҳаммад Мустафога дуруду саловатларимиз бўлсин!

 Ислом дини Аллоҳнинг сўнги ва мукаммал динидир. Шунинг у ҳаётнинг барча жабҳаларини – каттасию кичигини, эскию янгисини қамраб олган. Инсон ҳаётининг бирор тарафи йўқки, динимизда у ҳақда кўрсатма бўлмаса. Ҳатто кишилар одатда эътибор ҳам бермай, билганича иш юритиб кетадиган соҳа ва мавзуларда ҳам бир қанча оят ва ҳадислар безавол маъноларни ўзи ичига олган қатор кўрсатмалар берганини кўриш мумкин. Ислом таълимотининг буюклиги шундаки, унинг кўрсатмалари бирор замон ё маконга чекланиб қолмай, барча замон ва маконларга мос тушаверади, инсон зоти борки, унинг жонига малҳам бўлади. Мана, унинг инсониятга юборилганига қарийб бир ярим минг бўлганига қарамай, у худди бугун туширилгандек ҳаётбахш ва тароватлидир. Инсоният минг хил йўл йўриқлар, фалсафалар, низомлар ўйлаб топиб, бор будини сарфлаб, қўлидан келган ишни қилиб юриб уларни ҳаётга татбиқ этишга ҳаракат қилиб келмоқда. Аммо бирортаси ҳам Ислом динидек оламий ва барҳаёт эмас, ўта ўткинчи ва торлигича қолиб, вақт ўтиши билан ҳаёт ўзи уни сиқиб чиқариб юбормоқда. Улар худди танага кирган ёт унсурдек инсон табиатига қориша олмаётир. Аммо Ислом дини асрлар оша бутун инсониятни ўзига маҳлиё этиб, кўзларни қамаштириб, дилларни забт этишдан тўхтагани йўқ. Буларнинг барчаси бу диннинг ҳақиқий дин экани, чиндан ҳам инсониятнинг Яратувчиси тарафидан юборилганини тасдиқловчи сўзсиз далиллардир. 

Ислом дининг улуғворлиги яна шундаки, унинг йўриқлари барча соҳаларда энг юксак чўққини забт этган. Унинг таълимотидан юқори, олижаноб йўсинни ҳеч ким тополмайди. У ўта юксаклиги, айни вақтда мўътадиллиги, ҳаётийлиги, оммавийлиги, ўлмаслиги билан ажралиб туради ва шунинг учун ҳам ҳамиша ҳамма элга манзур бўлади. Унинг бу хислатлари биз сўз юритмоқчи бўлган мавзу – қабристон зиёрати борасида ҳам ўз ифодасини топган. Бунга қуйироқда ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз.

Очиғини айтганда, қабристонни зиёрат қилиш одоблари ҳақида ҳали бошқалар тузукроқ ўйлаб ҳам кўрмаган бўлса керак. Шунинг учун уларда ҳар ким билганича, ўзи истаганича, пойма пой ишларни қилиб, хурофотлар ботқғида юраверади. На ўликка, на тирикка заррача ҳам манфаати бўлмаган ишларни қилиб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнайди. Аммо Исломда бу борада ҳам асрлар оша ўзини оқлаб келаётган бетакрор кўрсатмалар, одоблар баён қилинганки, уларни бажариш ҳар бир инсон учун фақат шараф ва хайру барака бўлади, тирикка ҳам, ўликка ҳам манфаат бўлади. 

Қабристон зиёратига доир одобларни қоралаш хаёли аҳёнда бўй кўрсатиб турар эди. Аммо қатъий бир ҳаракат бўлмаганди. Яқинда юртимиздаги айрим мутасадди кишилар қабристон зиёрати одоблари ва ушбу мавзуга доир оят ҳадисларни тўплаб беришимни илтимос қилиб қолдилар. Улар ушбу битикларни қабристонда махсус лавҳаларда намойиш этиб, кишиларни динимиз одобларидан, кўрсатмаларидан бохабар қилишни ният қилибди эканлар. Мен бундан жуда ҳам мамнун бўлиб, қўлдан келганича, билганимча уларнинг таклифларини бажаришга ҳаракат қилдим. Тайёр бўлган битикларни уларга топширар эканман, бу маълумотлар бошқалар учун ҳам керак ва манфаатли эканини мулоҳаза қилиб ҳамда яна бошқа қабристонларга мутасадди бўлган кишилар ҳам бундан фойдаланишларини таъминлаш мақсадида мазкур битикларни оммавий саҳифаларда беришни маъқул топдим ва шу боис битикларни лавҳага қайдлашга мўлжалланган суратида кўпчиликка тақдим этишга қарор қилдим. Яхшилик бўлса, Аллоҳдан, камчиликларим учун Ўзидан мағфират сўрайман. Ўйламанки, бу иш ҳаммамиз учун ҳам фойдадан холи бўлмайди.

 Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 

1421 марта ўқилди

Мақолалар

Top