Мақолалар

Меросхўрларнинг тартиби

Марҳум қолдирган мол унинг дафнига сарфланиб, қарз ва васиятлари ўталганидан сўнг, қолгани Қуръони карим, суннат ва умматнинг ижмосига биноан меросхўрларга қуйидаги тартибда тақсимланади:

1. Фарз эгалари. Меросга энг биринчи ҳақдор кишилар “фарз эгалари”, дейилади. Маййитдан қолган молнинг уларга қанча тегиши аниқ белгилаб қўйилган.

2. Асабаларга. Асабалар фарз эгалари бўлмаганда, тариканинг барчасини, фарз эгалари бўлганда, улардан ортганини оладиган ворислардир.

3. Вало эгаси. Яъни марҳумни қулликдан озод қилган шахс. Ҳадисда: “Вало (озод бўлганнинг мавлога тегадиган мероси) озод қилувчига тегади”, дейилган.

4. Завул-арҳом. Марҳумнинг қизининг фарзандлари, онасининг отаси, амма, тоға, холалар “завул-арҳом” дейилади.

5. Мавлал-мувалот. Насаби номаълум киши насаби маълум киши билан биродарлашиб: “Ўлсам, меросхўрим бўласан, жиноят қилсам, хунини тўлайсан”, дейди ва насаби маълум киши қабул қилдим деса, ўртада биродарлик собит бўлади.

6. Марҳум: “Менинг насабимдан”, деб иқрор бўлган шахс. Марҳум тириклигида ҳеч ким насл-насабини билмайдиган кишини “менинг акам” ёки “укам” деб бу иқроридан ўлгунича қайтмаса ва насаби номаълум шахс эса унинг гапини тасдиқ ҳам, инкор ҳам қилмаса, меросхўр бўлади. Яъни юқоридаги меросхўрлардан ҳеч ким бўлмаса, марҳумнинг моли мана шу кишига берилади.

7. Маййит ҳамма молини васият қилган киши. Маълумки, васият ҳамма молнинг учдан бирдан ортмаслиги керак. Агар кимгадир молининг ҳаммасини васият қилган бўлса ва шу ергача саналган меросхўрлар синфидан ҳеч ким бўлмаса, у ҳолда қолган мерос ўша кишига берилади.

8. Байтул-мол. Марҳумнинг бирорта меросхўри бўлмаса, унинг моли умуммусулмонлар манфаати учун у ерга берилади.

Тартиб бўйича аввал келганларидан ҳеч нарса қолмаса, кейингилари ҳеч нарса олмайдилар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада эркакларнинг насибаси бор. Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада аёлларнинг ҳам насибаси бор. У оз бўлсин, кўп бўлсин – фарз қилинган насибадир” (Нисо сураси, 7-оят).

Эркак меросхўрлар: 1. Ўғил. 2. Ўғилнинг ўғли (қанча пастласа ҳам, яъни ўғил ўғлининг ўғли ва ҳ.). 3. Ота. 4. Отанинг отаси (қанча юқориласа ҳам, ота отасининг отаси ва ҳ.). 5. Туғишган ака-ука. 6. Ота бир ака-ука. 7. Она бир ака-ука 8. Туғишган ака-уканинг ўғли. 9. Ота бир ака-уканинг ўғли. 10. Туғишган амаки. 11. Ота бир амаки. 12. Туғишган амакининг ўғли. 13. Ота бир амакининг ўғли. 14. Эр. 15. Қулни озод қилган хожа.

Аёл меросхўрлар: 1. Қиз. 2. Ўғилнинг қизи (қанча пастласа ҳам, яъни, ўғил ўғлининг қизи ва ҳ.). 3. Она. 4. Онанинг онаси (қанча юқориласа ҳам, яъни она онасининг онаси ва ҳ.). 5. Отанинг онаси (қанча юқориласа ҳам, яъни ота, отасининг онаси ва ҳ.). 6. Туғишган опа-сингил. 7. Ота бир опа-сингил. 8. Она бир опа-сингил. 9. Хотин. 10. Қулни озод қилган аёл бека.

Саиджамол МАСАЙИТОВ,
Фатво маркази бош мутахассиси

1567 марта ўқилди

Мақолалар

Top