Мақолалар

Ҳар инсон ва ҳар уйнинг тинчи бўлсин!

Инсоният учун энг муҳими  - тинчлик. Бунга сўнгги пайтларда айрим давлатларда юз бераётган уруш, таҳликали вазиятлар, бундан азият чекаётган ўша давлатлар аҳолисининг аҳволини кўриб, қайта ва қайта ишонч ҳосил қилмоқдамиз.

Тинчлик бўлса, ҳар қандай муаммоларга ечим топиш мумкин. Дард чексанг ҳам тинчлик бўлса, даво топа оласан. Орзу-умидлар ҳам тинчлик бўлса кўнгилга сиғади ва амалга ошади.

Қолаверса, оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, оила бардавом ва мустаҳкамдир. Эл-юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Айни шу боисдан нуронийларимиз дуолар аввалида албатта, юртга, хонадонларга тинчлик-хотиржамлик сўрашади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлиги таъкидланади: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У - хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик».

Дарҳақиқат, тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Яратганга шукр, Ватанимизда тинчлик-осойишталик барқарор. Бу борада давлатимиз томонидан чуқур ўйланган сиёсат юритилмоқда. Давлатимиз чегаралари ҳам мустаҳкам. Кўп миллатли халқимиз аҳил ва ҳамжиҳат ҳаёт кечирмоқда. Барчмиз шундай тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етишимиз керак. Фаровонликка, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашликга ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Негаки, бундай осуда ҳаёт, фаровон турмуш кўплар учун армон.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (Соллоллоҳу алайҳи васаллам) билан саҳобалар бир куни суҳбатлашиб ўтирганларида, саҳобалардан бирлари: «Ё Расулуллоҳ (Соллоллоҳу алайҳи васаллам), биз Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраганимизда, кўпроқ нимани сўрайлик», деб савол беришганида, Пайғамбаримиз (Соллоллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ таолодан офият (тинчлик, хотиржамлик)ни сўранглар», деб айтганлар.  Демак, инсоният учун тинчлик неъматлар ичра энг муҳими. Тинч юртга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, тинчликнинг давомий бўлиши учун ҳам керакдир.

Биз юртимиз тинчлигини асраш, ёш авлодни маънавиятли, одобли, билимли қилиб тарбиялашимиз, ислом маданиятининг тинчлик, хотиржамлик, бағрикенглик, ўзаро тотувлик, меҳр-оқибатлилик каби эзгу ғояларини кенг тарғиб этишимиз лозим.

Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни биз учун ёт бўлган ғоялар таъсирларидан ҳимоя қилиш, ёшларни ўз қатъий қарашлари ва эътиқодига эга инсонлар этиб тарбиялаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Бу - тинчликни асраш учун қўшилган улкан ҳиссамиз бўлади.

Нуруллоҳ Жамалов,
Наманган шаҳридаги «Яҳёхон Тўра» жомеъ масжиди имом хатиби

1811 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Аллоҳнинг муҳаббати Дуо ижобат бўладиган соат »

Мақолалар

Top