Мақолалар

ҚАЛБИ СИНГАНЛАРГА...

Ибн Асокир "Тариху Димашқ"да, имом Заҳабий ""Тазкиратул ҳуффоз"да зикр қилишади:
"Имом Авзоий айтади:
"Бир ҳаким киши менга деди:
"Жиҳодга чиқмоқчи бўлиб йўлга чиқдим. Йўлда бир чодирга дуч келдим. Чодирда икки қўли, икки оёғи ва икки кўзи йўқ ногирон киши бор экан. У шундай дер эди:
"Аллоҳим мен Сенга менга берган неъматларингга мувофиқ келадиган кўп ҳамдлар айтаман!".
Мен унинг иймони ҳақиқатини, сабрининг ҳақиқийлигини синамоқчи бўлдим. Унга дедим:
- Қайси неъматларини айтаяпсан? Сени нима қилиб қўйганини кўрмаяпсанми?
У деди:
- Роббим менга гапирувчи тил ва сабр қилувчи жисм берди! Агар У осмондан мени куйдирувчи олов туширса ва олов мени куйдирсада, бу билан менинг Унга фақат севгим зиёда бўлар эди! Менинг сенга бир илтимосим бор, раво қиласанми?
- Жоним билан!
- Менинг бир фарзандим бор эди. Таҳоратда ва овқатланишда менга ёрдам берар эди. Кеча чиқиб кетганича қайтмади. Уни топишда ёрдам берасанми?

Мен болани қидириб йўлга чиқдим. Қумтепаликлар орасида уни бир йиртқич ҳайвон тутиб олиб ўлдириб еяётган экан. Мен ўзимга дедим: "Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун. Энди буни унга қандай қилиб айтаман?!".
Сўнгра чодирга қайтиб келиб унга салом бердим. Хабардан олдин унга тасалли бермоқчи бўлдим. Ундан сўрадим:
- Сендан бир нарса сўрасам жавоб берасанми?
- Агар билсам жавоб бераман!
- Аллоҳнинг наздида сен улуғми ёки Айюб алайҳис саломми?
- Албатта Айюб алайҳис салом улуғ!
- Аллоҳ унга мусибатлар берганида у сабр қилмаганмиди? Ундан яқинлари ҳам юз ўгирмаганмиди?
- Шундай!
- Ўғлингни йиртқичлар еб қўйибди!
Буни эшитиб у деди:
- Дунёда қалбимга ғам-ташвиш солган Роббимга ҳамдлар бўлсин!
У шундай деб бир хўрсиндида вафот қилди. Мен уни ювиш ва дафн қилишда ёрдамлашадиган бирор киши топиш илинжида ташқарига чиқдим. Узоқдан бир неча киши кўринди. Уларни чақирдим. Улар етиб келишди. Менга ўхшаб улар ҳам жиҳодга чиқишган экан. Уларга воқеани айтиб бердим. Улар маййитнинг ҳаққига дуолар қилишди. Биргалашиб уни ювдик, кафанлаб дафн қилдик.
Эртаси куни кечқурун уни тушимда кўрдим. У жаннатда эди. Устида чиройли кийимлар бор эди. Мен ундан сўрадим:
- Сен кечаги киши эмасмисан?!
- Ҳа ўшаман!
- Бу даражага қандай эришдинг?
- Балога сабр, кенгчиликка шукр қилиб!

Имом Авзоий роҳимаҳуллоҳ айтади:
"Ҳаким киши менга бу воқеани айтиб берганидан бери бало аҳлини яхши кўрадиган бўлдим!".

Қазога рози бўлиш ва Аллоҳга нисбатан одоб чегарасида туришдан кўра Аллоҳга суюклироқ иш йўқ. Банда қанчалар оғир синовларга учрамасин, барибир бандадир. Аллоҳ қанчалар оғир синовлар юбормасин, Роббимизлигича қолаверади. Қул ўз саййидидан рози бўлиши керак. Қалбида мана шунақа иймон ўрнашганларгина Аллоҳга етишган!

Аъробийлардан бирининг лалми-сувсиз ери бор бўлиб, унда экин экиб тирикчилик қилар эди. Экинлари бўй чўзган даврда офат тушиб экинларга талофот етказди. Аъробий қўлларини осмонга кўтариб деди:
"Эй Роббим! Нима қилсанг қилавер. Ризқимни берадиган Ўзингсан!".

Бир аъробийя аёлнинг қўйларини чақмоқ урди. Бирорта қўйи қолмади. Аёл деди:
"Мени қўйиб қўйларим томон ўтиб кетган мусибат ҳамд айтишга муносиб мусибатдир. Эй Роббим! Сенга шукрлар бўлсин!".

Бу дунё синов, қайғу ва машаққат дунёсидир. Бунда ато ҳам бор, маҳрумлик ҳам бор. Бунда саломатлик ҳам бор, беморлик ҳам бор. Бунда омонлик ҳам бор, хавф ҳам бор. Бунда бирлашиш ҳам бор, тафриқа ҳам бор. Саодатли инсон мана шу ҳолатларнинг барида Аллоҳ билан бирга бўлган инсондир. У бошига яхши кўрадиган ҳолати келса шукр қилади, ёқимсиз ҳолатлар келса сабр қилади!

Аллоҳнинг қадарига рози бўлинг. Норозилик уни ўзгартира олмайди. Норозилик сабаб сизга дунёдаги аччиқлик ва охиратдаги зиён жамланади!

Кўп беморларни зиёрат қилдим. Улар шунақанги шукр қилишадики, ўзингиздан уялиб кетасиз.
Аммо бир воқеани унута олмайман. Қачон эсимга тугса қалбим аламдан қийналади. Бир қари инсонни кўргани бордим. У кишини чиройли сўзлар билан сабрга чақирдим. Аллоҳ таоло балога мубтало бўлган бандасини яхши кўришини айтдим. Шунда у киши деди:
- Йўқ дўстим, бу чала муҳаббат!

Бир неча кун ўтиб у киши вафот қилди. Аллоҳим раҳматига олсин. Ҳаққига дуо қиламиз. Аммо банданинг Роббисига норози ҳолда йўлиқиши мусибатдир!

Абдулқодир Полвонов

1371 марта ўқилди

Мақолалар

Top