Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади:
«Банда бой бўлиши учун бир тижорат ёки амирликни қасд қилади. Аллоҳ таоло фаришталарига айтади:
- У бандамни ундан буриб юборинглар. Агар у бандам бой бўлиб кетса дўзахга тушади!
Шундай қилиб Аллоҳ у бандани ўша ишдан буриб юборади. Банда эса шумланиб юраверади. «Фалончи мендан ўзиб кетди», «пистончи мендан ақлли бўлиб кетди», дейди.
Бу Аллоҳ азза ва жалланинг фазлидир!».
Аллоҳ бизни биз англамайдиган йўллар билан ҳимоя қилади. Биз истаган нарсаларни ман қилади, Ўзи истаган ва биз учун манфаатли нарсаларни беради.
Баъзи олишларда қолдириш бор. Шифокорлар тана соғлом қолиши учун баъзи аъзоларни олиб ташлашади.
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳнинг «Сойдул хотир» китобида келади:
«Салафлардан бири Аллоҳдан доим ғазотга чиқишини дуо қилиб сўрар экан. Аллоҳ уни бир сабаб билан ғазотдан ман қилар экан. У аччиқланар экан. Шунда унинг тушида бир киши кириб дебди:
«Агар сен ғазотга чиқсанг асир тушасан. Асирга тушсанг насронийлик динига кириб кетасан!»
Абдурраҳмон ибн Зайддан ривоят қилинади:
«Ибн Мункадир Абу Ҳозимга шундай деди: «Эй Абу Ҳозим, қанчадан-қанча инсонлар билан учрашаман. Уларни умуман танимасам ҳам ёки уларга сира яхшилик қилмаган бўлсам ҳам, ҳаққимга яхшилик сўраб дуо қилишади». Абу Ҳозим унга: «Буни ўз амалингдан деб ўйлама, балки Аллоҳдан деб бил ва У Зотга шукр қил», деди ва ушбу оятни ўқиди:
«Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Роҳман муҳаббат пайдо қилур» (Марям сураси, 96-оят)
Шу ўринда Умму Амина томонидан таржима қилинган ҳаётий воқеага эътиборимизни қаратамиз:
«Мен муслима, ҳусним ўзимга яраша бўлган бир қизман. Улғайиб, йиллар бирин-кетин ўтса ҳам, совчи бўлиб, қўлимни сўраб келган бўлмади. Менинг ёшим тобора ўтиб борар, мендан кичкина қизлар ҳам турмушга чиқиб, фарзандли бўла бошлашди. Шу зайл ёшим ўттиз тўртга чиқди...
Кунларнинг бирида обрўли оиладан бўлган бир йигит қўлимни сўраб келди. Хулқи гўзал, беғубор бу навқирон, мендан икки ёш катта эди. Бир-биримизга мақбул бўлдик. Қувончдан оёқларим ердан узила ёзди. Ўзимни ниҳоятда бахтиёр ҳис қилардим.
Никоҳдан ўтиш учун ҳозирлик кўра бошладик. Никоҳ шартномасини тузиш учун қаллиғим мендан паспортимни олди. Лекин орадан икки кун ўтар-ўтмас онаси қўнғироқ қилиб, зудлик билан учрашиш кераклигини айтди. Чақирган жойига етиб бордим.
У паспортимни чиқариб мендан:
- Туғилган санангиз тўғри кўрсатилганми? - деб сўради.
Мен: - Ҳа, дедим.
Шунда йигитнинг онаси:
- Унақада сиз, 40 га бориб қолибсиз- да? деди.
Ҳайратдан донг қотиб, ёшим 34 да! - дедим.
Онаси: - Нима фарқи бор? Барибир 30 дан ўтгансиз, ҳали фарзанд кўрасизми, йўқми? Мен эса невараларим бўлишини истайман! - деди.
Хуллас, ўғли билан мени тўйимизни тўхтатмагунча тинчимади, охир-оқибат никоҳни бекор қилди. Менга бу воқеа жуда қаттиқ таъсир қилди. Умид нури бир лаҳзага қалбимни ёритиб, мени яна зулматлар қаърида қолдирди. Хаёлимда бир зумда, бор орзуларим нозик шиша синиқларидек, чилпарчин бўлгандек эди. Шундай қилиб изтироб ва қайғулар гирдобида олти ой ҳам ўтди. Гўёки осмондан ерга қулагандек эдим. Ота-онам менинг ғам-ғуссаларимни аритиш учун Умрага, Аллоҳнинг байтига юборишга қарор қилдилар. Сафар тайёргарлигини кўриб, ер юзининг энг мунаввар, муқаддас гўшаси, Ҳарамга етиб келдим.
Намозларимни ўқиб бўлиб, Аллоҳдан ишимни ўнглашини сўраб, қалбдаги оғриқларимни дуо ила Роббимга юзланиб, тўкиб солдим. Шу зайлда ўтирар эканман, нигоҳим бир аёлга тушди. У Қуръонни тадаббур, тартил ила жуда майин, чиройли тиловат қилар эди.
У Аллоҳнинг «Ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди» (Нисо сураси, 113-оят) оятини такрор-такрор ўқирди. Эшитиб, кўзларимга селдек ёш қуйилиб кела бошлади. Бу аёл эътиборимни ўзига тортар, унинг гўзал тиловати мени ўзига маҳлиё қиларди.
Сўнг «Ва тезда Роббинг сенга ато қилади ва сен рози бўлурсан» (Зуҳо сураси, 5-оят) оятини ўқий бошлади.
Аллоҳга қасам, бу оятни биринчи бор эшитаётгандек бўлдим. У юрагимнинг тубигача кириб борар, бутун хасратларимни аллалар, таскин топтирар, балки барчасини қалбимдан қувиб чиқарар эди.
Умра маросимларини ўзгача шукуҳ ила адо этгач, меҳрибон ота-онам, ўз қадрдон юртимга қайтдим. Самолёт аэропортга қўнди. Учоқдан тушарканман, Аллоҳга ўзгача таваккул, гўзал ҳаётга орзу, яқин саодатга умид билан тушдим. Йўловчиларни кутиш залида, дугонам ва унинг турмуш ўртоғини учратдим. Бироз суҳбатлашгандек бўлдик. Улар турмуш ўртоғининг дўстини кутиб олишга келган эканлар. Ҳеч қанча вақт ўтмай у ҳам етиб келди. Улар билан хайрлашиб уйим томон одимладим.
Келиб, устбошимни алмаштирдим, бироз нафас ростлаб олиш учун чўзилдим. Ногоҳ, кутилмаганда, қўнғироқ бўлди. Бояги дугонам экан. У шоша-пиша менга, эрининг дўсти мен ҳақимда сўраганини, кўриб ёқтирганини, совчи бўлиб келмоқчилигини айтди. Тўсатдан, даб-дурустдан айтилган бу гаплардан, юрагим қинидан чиқиб кетгудек, ҳаяжонланиб қаттиқ ура бошлади. Хурсанд бўлишимни ҳам, бошқасини ҳам билмасдим. Эртасигаёқ у йигит совчи бўлиб келди. Уйдагилар ҳам рози бўлишди. Учрашганимиздан сўнг, бир ойга қолмай турмуш қурдик.
Юрагим орзу-умидларга, бахту қувончга тўлиб тошди. Чунки оилали бўлиш бахти ҳаётим остонасида турганини, Аллоҳ истаса, оналик қувончи ҳам насиб қилишини ўйлаб, жуда қувонар, Роббимга тинимсиз шукрлар айтардим.
Янги ҳаётимни вафодор аёл бўлиш, бахтли ҳаёт кечириш нияти ила бошладим. Турмуш ўртоғимда мен орзу қилган барча фазилатлар меҳр-муҳаббат, саховат, олийжаноблик, менга ва оиламдагиларга нисбатан мурувват, ҳурмат-эҳтиром хислатлари мужассам эди. Бироқ, бизнинг турмушимизнинг ҳам ўнқир-чўнқири кўрина бошлади.
Бир неча ой ўтса ҳамки, ўзимда ҳомиладорлик аломатларини сезмадим. Тушкунликка тушиб, қаттиқ сиқилдим. Умидсизликнинг қора булутлари орзуларимни аста-секин қуршаб ола бошлади. «Бу бахт менга насиб қилмаса-чи?» деган хаёл миямга ўрнаб борарди. Чунки, ёшим ўттиз олтидан ошган эди.
Бир куни турмуш ўртоғимдан мени шифокорга кўрсатишини илтимос қилдим. Биз биргаликда малакали, кўп йиллик тажрибага эга аёллар шифокорининг қабулига бордик. Мендан бир неча таҳлиллар топширишимни сўради. Топширдим. Биринчи таҳлил натижалари чиқди.
Уларга кўз югуртирган шифокор, тўсатдан қолган таҳлилларни топширишингизга ҳожат йўқ, табриклайман, сиз ҳомиладорсиз! - деди. Қувонч ёшлари ёноқларимни ювиб тушди.
Ҳомиладорлик, ёшимнинг катталиги сабаб бироз қийин кечганини айтмаганда, яхши ўтди. Бу давр ичида ҳомиламнинг жинсини билишга, қизиқмасликка ҳаракат қилдим. Чунки, Роббимнинг менга берган неъмати, албатта, хайрли бўлишига ишонардим. Орадан вақт ўтиб ой куним ҳам етди. Амалиётдан кейин кўзларимни очиб қарасам, ўз ота-онам, турмуш ўртоғим ва унинг оиласини артофимда хурсанд бўлиб ўтиришганини кўрдим.
Улардан фарзандим қандай? Саломатми? Қизми, ўғилми? - деб сўрадим. Барчалари бир овозда ширингина қизалоқ ва пахлавондек ўғил дейишди. Эгизакларми? - деб секин пичирлар эканман, хуш хабардан кўзларимга қувонч кўз ёшлари қалқиб