Мақолалар

Тарбия – фаровон келажак пойдевори

Ўтмишни билиш инсонга келажакка тўғри қараш, тўғри мўлжал олишга асос яратади. Тарихдан ўрганилган сабоқлар маърифатга ва тўғриликка олиб борадиган омилдир. Ҳозирда, бутун дунё глобаллашиб кетаётган бир даврда биз фарзандларимизнинг маърифатли бўлиши учун барча имкониятларимизни ишга солиб, тўғри йўлни ўргатишимиз, йўллашимиз лозим. Фарзанд тарбияси азалдан халқимиз учун энг муҳим масалалардан бўлиб келган. Муқаддас динимизда ҳам фарзанд тарбиясига, уларни жамиятга, динларига фойда келтирадиган қилиб тайёрлашга катта эътибор қаратилган. Бунда оналарнинг ўрни беқиёс, шу билан бирга, ўта масъулиятлидир. Чунки инсон туғилганидан то балоғатга етгунича, онаси ёнида, унинг тарбияси, меҳри, эътибори остида бўлади. Шу сабабли Аллоҳ таоло оналарга бу йўлда қатъият, сабр, меҳр-шафқат каби туйғуларни ато этган.

Исломий тарбияда аввало фарзанднинг тўғри эътиқодли бўлиши, гўзал ахлоқли бўлиб ўсишига эътибор қаратилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда фарзандларга эътибор қаратишга чақириб дейди: “Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)” (Таҳрим, 6). Фарзандларни дўзахдан сақлаш уларга соғлом эътиқод, чиройли тарбия бериш билан бўлади. Қуръони каримда ота-онанинг фарзандига тарбиясига Луқмон (алайҳиссалом)нинг ўғлига насиҳати каби гўзал намуналар келтирилган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фарзанд тарбияси аҳамиятига эътибор қаратиб: “Ота-она фарзандига гўзал одобдан яхшироқ нарсани мерос қолдира олмайди”, деганлар (Термизий ривояти).

Ибн Қудома Мақдисийнинг “Мухтасар минҳожил қосидин” китобида айтилади: “Бола тамйиз ёшига (оқ-қорани ажратадиган ёшга) етса, уни яхши назорат қилиш ва ҳолатларидан хабардор бўлиш лозим. Чунки у бу пайтда соф қалбли бўлиб, ҳар қандай нақшни қабул қилади. Агар яхшиликка одатлантирилса, шундай улғаяди. Ота-онаси ёки тарбиячиси унинг савобида шерик бўлади. Агар ёмонликка одатланса, шундай улғаяди. Ота-онаси ёки тарбиячиси ҳам унинг гуноҳига шерик бўладилар. Шу сабабли, уни ёмонликлардан сақлаш, одоб бериш, унга гўзал хулқларни ўргатиш керак”.

Улуғ аллома Ибн Сино ҳам боланинг тарбиясини унда ёмон хулқлар ўрнашиб олмасдан олдин бошлаш лозимлигини таъкидлаган.

Бугун юртимизда фарзанд туғилмасидан олдин соғлом дунёга келиши учун зарур шароитлар яратиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бироқ фақат давлат эмас, ҳар бир ота-она ўз фарзандининг соғлом туғилиши, соғлом ўсиб-улғайиши ва чиройли одобли, гўзал тарбияли бўлиши учун маъсулиятни ҳис килиши керак.

“Яккасарой” жоме масжиди имом ноиби

Абдуғаффор КЎЧАРОВ

6952 марта ўқилди

Мақолалар

Top