Мақолалар

Ҳавонинг ифлосланиши урушдан ҳам хатарли

Меҳрибон Раббимиз ояти каримада марҳамат қилиб: «Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради», деган. (Тавба, 108) 

Ушбу ояти каримадан инсонлар пок яшамоғи, атроф-муҳитни покиза тутмоғи аён бўлади. Зотан, Ислом дини поклик устига қурилгани ҳам ҳадиси шарифда марҳамат қилинган. Одам қайси тарафга боқиб покизаликни кўрса баҳри дили очилади. Ана шу кўтаринки кайфият унинг соғлигини мустаҳкамлайди. Қачонки, нопок нарсани кўриб кўнгли беҳузур бўлса, бу нохушлик соғлигига салбий таъсир қилади.

Покиза яшаш заруратини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп бор таъкидлаганлар, Жумладан, мана бу ҳадиси шарифда покизалик шартини жуда ҳам очиқ баён қилганлар“Албатта Аллоҳ покдир, покликни яхши кўради, тозадир тозаликни яхши кўради, олийжанобдир олийжанобликни яхши кўради, сахийдир саховатни яхши кўради. Бас, ҳовлиларингизни тоза тутинглар, яҳудийларга ўхшаб қолманглар” (ИмомТермизий ривояти).

Аммо инсоният Аллоҳ таолонинг амрига, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатига амал қилмаётгани боис ўз бошига кўплаб балолар орттириб олаётирки, бу балоларнинг нима сабабдан келаётгани, қаёқдан келаётганига ҳали ҳам ақли етгани йўқ. Замондошларимиз шундай буюк кашфиётлар, улуғ ихтиролар қилаётирки, уларни кўрган кишининг ақли шошади. Лекин ана шундай ақлли, билимли одамларнинг жуда ҳам оддий нарсаларга ақли ожизлик қилаётгани кишини баттар ҳайратга солади.

Танини, уйини, маҳалласини, борингки, шаҳрини озода тутиб, аммо уларнинг атрофини ахлатга тўлдириб юборганлар ўзлари ўйлагандек, покиза инсонлар бўла олмаслигини мана бу тадқиқот исботлаб беради: 

“Атроф-муҳитнинг ифлосланиши урушдагидан 15 баробар кўп одамнинг умрига зомин бўлади. Lancet журналининг атроф-муҳит ифлосланиши ва инсон саломатлиги масаласи устидан тадқиқот олиб борувчи комиссияси олимлари шундай қарорга келди. Тадқиқот натижаси нашрнинг сайтида эълон қилинди.

Хабарда маълум қилинишича, 2015 йилда ҳаво ифлослангани оқибатида турли касалликка чалиниб вафот этган инсонларнинг сони тўққиз миллионга етган. Бу дунё бўйича ўлим ҳолатининг 16 фоизи демак. Олимларнинг таъкидлашича, бу кўрсаткич, ОИТС, сил касаллиги ва безгакни ҳам қўшиб ҳисобланса, уларнинг ёнига уруш ҳам қўшилса, ана ўшалардан ҳам кўп экан. Шунингдек, олимлар экологиянинг ёмонлашуви инсонларнинг ўлимига кашандалик, очлик ва табиий офатлардан ҳам кўп сабаб бўлади, дейишмоқда. Боз устига айрим давлатлардаги ўлим ҳолатининг чорак қисми атроф-муҳит ифлослиги оқибатида юз берар экан.

Бундан ташқари, олимлар экологик муаммолардан энг кўп азият чекувчилар  аҳолининг қашшоқ қатламлари эканини аниқлашди. Ҳисоб-китоблар ҳаво ифлослиги оқибатида рўй бераётган ўлимларнинг, тахминан, 92 фоизи аҳолисининг даромади ниҳоятда паст даражада бўлган қашшоқ давлатлар ҳисобига тўғри келишини кўрсатди.

Энг ёмони, экологиянинг булғангани болаларга кучли таъсир қилади. Айниқса, чақалоқларга кимёвий моддалар жуда ёмон таъсир қилиб, уларни бутун умри давомида даволаниб юришга мажбур қиладиган ва алалоқибат ўлим билан якунланадиган ногиронликка олиб келиши мумкин экан.

Илгарироқ Европа атроф-муҳит агентлиги ҳаво ифлослиги йилига юзминглаб европаликларнинг эрта ўлимига сабаб бўлаётганини маълум қилган эди”.

Ана шу кўрсаткичлар шоядки, инсонларни атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ундаса, бунда ахир инсониятнинг авлодлари ҳақида сўз боряпти. Қайси инсон фарзандининг ногирон бўлиб қолиб, оғир дард заҳмати остида ҳаёт кечиришини истайди; қайси давлат халқининг ногиронлар жамиятидан иборат бўлишига рози бўлади!..

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади

 

 

10674 марта ўқилди

Мақолалар

Top