Мақолалар

Амал дафтарингиз ёпилмасин!

Милодий 611 йил. Макканинг Ҳиро ғорида Аллоҳ таолодан инсониятга илк хитоб нозил бўлди: “Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ сураси, 1–5-оятлар).

Шу кундан эътиборан Ислом умматига ўқиш, илм олиш фарз бўлди. Бу амалга “Лаббай” дея жавоб берган қанча саҳобалар, тобеинлар ва кейинги мўмин-мусулмонлар ўзларидан кўплаб бебаҳо маънавий асарлар қолдиришди. Уларнинг илм зиёси бугунгача башариятга маёқ бўлмоқда.

Инсон илм билан икки дунёда азиз бўлади. Билмаганини билади, дунёни англайди, янги марралар сари интилади. Энг асосийси, Яратганни янада яхшироқ танийди. Илм эгасини эса Аллоҳ фаришталар қаторида зикр қилади ва уларга юқори даражалар ато этади.

Бу ҳақда Қуръони каримда: "Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”, фаришталар ва илм эгалари ҳам..." (Оли Имрон сураси, 18-оят). “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур...” (Мужодала сураси, 11-оят), дейилган.

Илмни ёшликдан фарзандига ўргатиш ҳар бир ота-онанинг вазифасидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Болаларингизга меҳр кўрсатинг, уларга ҳурмат билан қаранг, одоб ва тарбиясини гўзаллаштиринг!” дея илмга тарғиб қилганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Бу сўзлар Конституциямизнинг 77-моддасида ҳам акс этган: “Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”.

Демак, фарзандларимизни илмли, касб-ҳунарли қилиш динимиз буйруғи ва қонуний мажбурият. Лекин бу мажбуриятни барча ота-оналар ҳам тушуниб етмаяпти. Фарзандини ўқишга рағбатлантириш, етук инсон қилиб тарбиялаш ўрнига беъэтибор бўлаётганлар, афсуски, орамизда йўқ эмас.

– Ҳозир “Эти сизники, суяги бизники”, дейдиган ота-оналар деярли йўқ, – дейди Бағдод тумани 2-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Дилафрузхон Сулаймонова. – “Болам қайсар, яхши гапирсам, айтганимни қилади”, дея боласини эркалаётганлар кўп. Бундай фарзандларнинг аксари ўқишга қизиқмайди. Ота-оналар боласининг кўнглига қараши тўғри. Аммо уни илмга қизиқтириши, юриш-туришини назорат қилиши керак. Кези келганда эркалатиши, кези келганда қаттиқ туриши ҳам лозим. Моддиятини таъминлаб қўйган билан маънавий ҳеч вақо бера олмаса, эртага ким бўлади улар? Боланинг ёмони ёки иқтидорсизи бўлмайди. Ҳар бир ўқувчида ўзига хос иқтидор бор. Уни шакллантириб, тўғри йўналтирмоқ ота-онанинг вазифаси. Яқинда бир аълочи қизимизнинг аҳволини эшитиб дилим оғриди. У ўқишга кириш ўрнига ўзини пул топишга урибди. Унинг тенгқурларидан қанчаси олий ўқув юртлари талабаси бўлди. Буни кўриб ўша қиз анча афсус-надомат қилди.

Конституциямизнинг 50-моддасида: “Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга... Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир”, дея қайд этилган.

Демак, фарзандимизнинг билим олиши – унинг конституциявий ҳуқуқи. Бундан юртимизда туғилган ҳар бир бола фойдалана олиши мумкин. Унга қаршилик қилиш эса конституцияга зид ҳисобланади.

Айни дамда республикамизда бошланғич ва ўрта таълимни олиш мутлақо бепул. Бунинг учун эса давлат ғазнасидан миллиардлаб маблағ сарфланади. Болаларимиз мактабларда илмли бўлиб чиқаётган бўлса, бу пуллар ўзини оқлади дейиш мумкин. Агар акси бўлса-чи? Бу ўқитувчининг ҳам, ўқувчининг ҳам вақти беҳуда кетаётганидан, бюджет маблағлари исроф бўлаётганидан дарак эмасми? Бунга асосий жавобгар ота-онага юкланмайдими? .

Қуръони каримда: “…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир” (Исро сураси, 26–27-оятлар), дейилган. .

Ўзимиз тақво қилиб, тоат-ибодатдадирмиз, ҳалол-ҳаромни фарқига борармиз. Бироқ фарзандимиз ҳам ўзимиз каби бўла оляптими? Вақтини беҳудага совуриб, исрофгарлардан бўлмаяптими? Уни назорат қилмасдан, беэътибор қўйиш унга шерик бўлиш каби эмасми?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ахлоқли ва жамиятга фойда келтирадиган фарзанд ўстирган ота-онанинг амал дафтари вафотидан кейин ҳам ёпилмайди”, деганлар (Имом Насоий ривояти).

Демак, фарзандимизнинг солиҳ инсон бўлиши бизни икки дунё саодатига элтиши мумкин. Бунга эришмоқ учун уларга илму ҳунар ўргатмоқ, ҳақиқий маърифат чашмасини англатмоқ даркор.

Муҳаммаднаби ОРИПОВ

1519 марта ўқилди

Мақолалар

Top