Мақолалар

Андалус – Оврупа тараққиёти асоси

Шарқда Илк Уйғониш даври. Бу даврда илм-фан, маориф, ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ, меъморчилик ва бошқа соҳалар мисли кўрилмаган даражада юксалди. Тараққиётга катта ҳисса қўшган ўлкалардан бири Андалус эди. Бу ҳақда мутафаккир Салоҳ Камолнинг «Мусаввар тарихи Ислом» асарида батафсил маълумот берилган.

Ҳозирги Испания ва Португалия ҳудуди, яъни, Пиреней ярим ороли қадимда «Андалус» деб аталган. Араб салтанатининг бир қисми бўлган бу ҳудудда VIII-X асрларда кучли ва адолатли бошқарувга асосланган давлат пайдо бўлди. Андалусдаги тараққиёт ўз вақтида Оврупага ҳар томонлама таъсир қилди. Ислом маданияти ва илм-фани ютуқлари Ғарб мамлакатларига асосан шу ҳудуд орқали ёйилди.
Андалус 711 йили фатҳ этилиб, бу ерда мусулмонлар давлати қарор топган эди. Бу ҳақда «Мусаввар тарихи Ислом» асарида қуйидаги маълумотлар бор: «Андалус қитъаси умавийлар даврида, Абдумалик замонида фатҳ этилган эди. Ва шул кундан буён умавия давлатининг бир вилояти аббосийлардан Абдуллоҳ Саффоҳга мағлуб бўлгач, ҳукумат умавийлар қўлидан чиқиб, аббосийлар қўлига ўтди... Аббосийларнинг умавийларга қилган зулмларидан аччиқланиб, Андалус мусулмонлари аббосийлар давлатини тан олмай қўйди. Ўзларига мустақил бир ҳукумат тузишга қарор бердилар»1. Бу мустақил давлат 750 йили қарор топиб, «Қуртуба салтанати» номи билан машҳур бўлди. Унда ўн тўрт ҳукмдор ҳукмронлик қилди.

Андалус ҳукмдорлари ҳам илм-фанга ҳомийлик қилган, ўзлари диний ва дунёвий илмлардан хабардор эди. Уларнинг саройлари илм аҳли билан доимо гавжум, мунтазам илмий мажлислар, мунозаралар ўтказилар эди. Бу давраларда ҳукмдор ва амалдорларнинг фарзандлари ҳам иштирок этарди.
Андалуснинг биринчи ҳукмдори Абдурраҳмон (756-788 йиллар) дастлаб ички низоларни бартараф этиб, Франция қироли Пипин ва бошқа ташқи душманлар ҳужумини қайтарди. Тинчлик қарор топгач, мамлакатни ислоҳ қилишга киришди. Олдин уни олтита вилоятга бўлиб, уларни мунтазам йўллар билан пойтахт Қуртуба шаҳрига боғлади. Каналлар, сув йўллари қаздирди. Юрт обод бўлди. Қуртуба ва бошқа шаҳарларда катта-катта мадраса ва масжидлар, касалхоналар қурилди. Абдурраҳмон Андалусни душманлардан ҳимоя қилиш учун қалъа ва истеҳкомлар барпо эттирди. Юрт мудофааси ва тижорат учун кемалар ясатди.
Ҳишом ибн Абдурраҳмон ҳам отаси каби мамлакатни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш йўлидан борди. Илм ва маориф ривожи учун кўп ишлар қилди. Бу ҳудудда бошқа миллат ва халқлар ҳам бемалол яшар эди.
Андалуснинг тўртинчи ҳукмдори Абдурраҳмон Иккинчи ибн Ҳишом (821-850 йиллар) ғоят илмли одам бўлиб, саройи ҳар вақт олим ва уламолар билан тўла эди. Ҳар куни илмий мажлислар, турли масалалар бўйича мунозаралар бўлар эди. Салоҳ Камол ёзишича, Шарқу Ғарбдаги Ислом мамлакатлари ичида Абдурраҳмондан инъом-эҳсон кўрмаган бирор илм аҳли қолмаган эди. Бундан ташқари, Абдурраҳмон Андалусда мунтазам почта хизматини ташкил қилди ва пойтахтга келадиган янги йўллар қурдирди. Бу Оврупадаги дастлабки почта тизими экани манбаларда таъкидланган.

Саккизинчи ҳукмдор Абдурраҳмон Учинчи ибн Муҳаммад (913-962 йиллар) даврида Андалуснинг ривожи янада юксалди. Қуртуба жаҳоннинг энг ривожланган, чиройли шаҳарларидан бирига айланди. Шаҳар яқинида меъморий жиҳатдан жуда ноёб «Мадинат уз-Заҳро» саройи барпо этилди. Саноат ва тижорат ҳам тараққий этиб, Оврупа бозорларида Андалус моллари катта шуҳрат топди.
Турли юртлардан келган сайёҳлар Андалусдаги тараққиётдан ҳайратда қолишди. Мамлакат мадрасаларида туб жой аҳоли фарзандларидан ташқари минглаб оврупалик талаба турли фанлардан таҳсил олган эди. Натижада илм-фан ютуқлари кенг ёйилди. Шу орқали Мусо Хоразмий, Беруний, Форобий, Ибн Сино, Фарғоний каби Шарқ олимларининг илмий кашфиётлари, асарлари Оврупага кириб келди ва то XVII-XVIII асрларга қадар Ғарб университетларида дарслик сифатида ўқитилди.

Абдурраҳмон ибн Муҳаммад даврида Қуртубада Оврупада биринчи саналган тиббиёт мактаби очилди.
Тўққизинчи ҳукмдор Ҳаким Иккинчи даврида (962-976 йиллар) илмга рағбат янада ошди.
Бироқ cўнгги ҳукмдорларнинг узоқни кўзламай олиб борган сиёсати натижасида ўзаро низолар кучайди. Шунингдек, шимолдан Оврупа давлатларининг узлуксиз уюштирган ҳужумлари оқибатида Қуртуба салтанати ўн биринчи аср бошларида парчаланиб, мамлакат Ғарб саркардаларининг талончилик майдонига айланиб қолди. Бу эса ижтимоий ҳаёт ва илм-фаннинг издан чиқишига сабаб бўлди. Аста-секин мусулмонлар бу ерлардан ҳайдаб чиқарилди ва Андалус ўрнида Орагония, Кастилия ва Португалия қиролликлари ташкил топди.
Хуллас, қарийб уч аср давом этган Андалус Уйғониш даврида мусулмон илм-фани ва маданияти Оврупага кириб борди, қитъа тамаддунига катта туртки берди.

“Ҳидоят” журналидан олинди





 

1216 марта ўқилди

Мақолалар

Top