Мақолалар

Ахлоқ инсонни зийнатлайди

Гўзал хулқ киши иймонини мукаммал қилади. Расулуллоҳдан қайси мўминнинг иймони комил ҳисобланади, деб сўрашганида: “Гўзал хулқли мўмин” (Имом Абу Довуд ривояти), деб жавоб берганлар.

Гўзал хулқли киши тунлари бедор, кундузлари рўзадор киши даражасини қўлга киритади, деган ривоятлар бор. Одатимизга мувофиқ, гўзал хулқни улуғ васиятлар соҳиби Расулуллоҳдан излайлик. У зот айтадилар: “Мен комил хулқларни маромига етказиш учун юборилдим”. Ҳазрати Ойша онамиздан у зотнинг ахлоқлари ҳақида сўралганда: “Ахлоқлари Қуръон эди”, деганлар.

“Гўзал хулқ соҳиби ҳузур-ҳаловатдадир, инсонлар ундан мамнун бўладилар, ёмон хулқли кишилардан ҳамма безор. Фазилат ақл ва одоб билан кўринади, бойлик билан эмас. Кимнинг одоби ёмон бўлса, насаби йўқ бўлиб кетади, кимнинг ақли адашса, асли ҳам адашади”.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу зот тунда уйқу ва роҳатларини тарк этдилар, раийатларини назорат қилдилар. Туғишга яқин қолган аёлнинг ҳолини, унга ёрдам қиладиган киши йўқлигини билган пайтларида уйга қайтдилар, хотинларини кўндирдилар. Икковлон – эр таом, хотин кийимларни кўтариб, қоронғу зулматида йўлга чиқишди. Чодирга етиб келишгач, хотинлари, янги таъбиримизча, давлатнинг биринчи рақамли хоними доялик вазифасини, ўзлари эса ошпазликни қойилмақом бажаришди.

Салжуқийлар султонлиги энг гуллаб-яшнаган даврларда ҳукмронлик қилган Маликшоҳ фатҳ этилган ерларнинг халқларига бағрикенглик ва меҳрибонлик билан муносабатда бўлган, ҳаттоки мусулмон бўлмаганлар ҳам уни чинакамига севиб, ҳурмат қилганлар. Барча холис тарихчилар Маликшоҳнинг адолати ва бағрикенглигини тан олганлар. Унинг ахлоқи ва олийжаноблиги аҳли китоблар қалбида ҳам унга муҳаббат уйғотган. Кичик Осиёдаги кўпгина шаҳарларнинг аҳолиси Маликшоҳ ҳукмронлиги остига ихтиёрий равишда ўтишга қарор қилишганки, бу тарихда кам учрайдиган ноёб ҳодисадир.

Иброҳим ибн Ҳубайб айтадилар: «Отам менга бундай дер эдилар: «Эй ўғлим, фақиҳ ва олимларнинг олдига бориб, улардан таълим олгин ҳамда уларнинг одоб – ахлоқлари ва кўрсатмаларини олгин. Зеро бу иш менга сенинг кўп ҳадис ёдлашингдан кўра маҳбуброқдир».

Ибн Муборак айтдилар: «Муҳаммад ибн Ҳусайн менга бундай дедилар: «Биз кўп ҳадисдан кўра кўп одобга муҳтождирмиз».

Закариё Анбарий айтадилар: «Одобсиз илм ўтинсиз олов кабидир. Илмсиз одоб эса жасадсиз руҳ кабидир».

Молик ибн Анасдан ривоят қилинади. Оналари уларга бундай дер эканлар: «Робиъанинг олдига бор. Унинг илмидан олдин одобини ўрган». («Танвийрул – ҳаволик» китобидан)

Гўзал хулқ тўғрисида Аҳмад Яссавий ҳам ажойиб сарлар битган:

Сен сақласанг одобни, эранларнинг олдида,

Билгил, алар қошида сонсиз маъно билинур.

“Бахт-саодатга эришув йўлида нимаики (ахлоқ, касб-ҳунар кабилар) ёрдам берса,  уни сақламоқ ва мустаҳкамламоқ,  нимаики зарарли  бўлса, уни фойдали нарсага айлантиришга ҳаракат қилмок зарур”, деб ёзади Абу Наср Форобий бобомиз.

Кисро (форс подшоҳи) ўғлига таълим-тарбия берадиган устоз тайин қилди. Бола фазлу одобда баркамол бўлиб ўсди. Бир куни устози уни ёнига чорлаб, ҳеч бир сабабсиз, айбдор бўлмаса-да, болани қаттиқ урди. Бола эса катта бўлгунча, устозига нисбатан ич-ичидан кек сақлаб юрди. Унинг хаёлидан ўша сабабсиз урилган зарба кетмасди.

Отаси ўлиб тахтга чиққач, биринчи устозини ёнига чорлади:

– Фалон, фалон куни ҳеч бир сабабсиз, айбим бўлмаса-да, мени қаттиқ ургандингиз. Бунга сизни нима мажбур қилди?

– Эй подшоҳ, фазлу одобда камолга етганингизга, сиз отангиздан сўнг тахтга ўтиришингизни билган эдим. Шунинг учун сизга калтак оғриғини, зулм аламини тоттиришни хоҳладим, токи бирон кимсага ҳам зулм қилмагайсиз».

Подшоҳ бу жавобдан мамнун бўлиб: «Аллоҳ сизга яхши мукофотлар ато этсин», деди ва совға-салом билан кузатиб қўйди.

Ҳа, азизлар, одоб ўз эгасини зийнатлайди, азиз ва мукаррам қилади.

 

Элёр ЗИЁВУДДИНОВ,

Янги ҳаёт тумани “Ниёзмат ота” жоме масжиди имом ноиби

 

 

1064 марта ўқилди

Мақолалар

Top