Мақолалар

Гувоҳларсиз махфий никоҳнинг ҳукми

 

Аҳли илмлар ижмоъсига кўра, никоҳ гувоҳларга ошкор этилиши шартдир!

Ҳанафий мазҳабимиз фуқаҳолари никоҳ фақат ошкора гувоҳлар иштирокидагина саҳиҳ бўлади, деган. Бу имом Шофеъий ва Саврийнинг ҳам фикридир.

Имом Молик ва Лайс раҳимаҳумаллоҳ эса гувоҳларсиз ҳам никоҳ бўлаверади, деган. Лекин бу мутлақо махфий никоҳ жоиз деган маънода эмас. Имом Молик айтганки, агар бир киши қизини эрга бериб, бу никоҳни махфий тутишларини тайинласа жоиз бўлмайди. Мабодо, яхши ниятда сабаб билан сир тутиб гувоҳсиз никоҳ қилса, жоиз бўлади лекин, шунда ҳам келгусида келин-куёв ошкор этиши керак! Ибн Қосимнинг имом Моликдан шундай ривояти бор.

Ибн Ваҳб имом Моликдан қуйидагича ривоят қилган: бир киши икки гувоҳ хузурида никоҳланди ва гувоҳларга бу никоҳни сир тутишларини буюрди. Бу вазиятда оралари бир талоқ билан ажратилади ва никоҳлари жоиз бўлмайди. Агар келинга яқинлик қилиб улгурган бўлса унинг маҳрини бериш вожиб бўлади. Гувоҳлар яширин никоҳнинг гуноҳлигини билмаган бўлса, уларнинг бу гувоҳлиги учун жазога тортилмайди. Агар билиб туриб гувоҳликка рози бўлишган бўлса, улар шаръан жазога тортилади.

Бизнинг ҳанафий уламоларимиз ва имом Шофеъий яширин никоҳ масаласида шундай деганлар: Агар икки гувоҳ хузурида никоҳланиб, гувоҳларга бу никоҳни сир тутинглар деб тайинласа никоҳи жоиз бўлади.

Имом Таҳовий айтади: фуқаҳоларнинг ҳаммаси қуйидаги фикрга иттифоқ қилишган: шариат нуқтаи назаридан никоҳ риштасини ошкор қилмасдан иложи йўқ! Бир гуруҳ фақиҳлар гувоҳларга ошкор қилишни шарт қилган. Бошқа бир гуруҳ эса гарчи никоҳ пайтида ҳеч ким гувоҳ бўлмасада, кейинчалик одамларга маълум қилиб, никоҳни сирлик даражасидан чиқариб, махфий қолиб кетмаслигини шарт қилган. Демак хулоса шуки, никоҳ риштаси бошқаларга билдириш лозим бўлганидан кейин, уни никоҳ ақди чоғида бўлиши лозим. Қачонки гувоҳлар хузурида бўлса сирлик даражасидан чиқиб шаръан жоиз бўлади. Бунга хилоф тарзда амалга оширилган никоҳлар эса махфий никоҳ бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинганки, “Зониялар, улар шундайки ўз таналарини гувоҳсиз никоҳлайдилар”. Саҳобалардан ҳеч ким бу фикрга мухолиф бўлмаган!
(Мухтасару ихтилафил-улама. Имом Таҳовий. 2 – Ж. 251 — Б).

“Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби О.РАҲИМОВ
Андижон тумани

Муҳаррир: Ботиржон қори

 

947 марта ўқилди

Мақолалар

Top