Мақолалар

Мусулмон олимлари дунёга совға қилган ихтиролар (Тиш чўткаси)

Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам тишларини тозалаш учун мисвокдан фойдаланганлар ва умматларига ҳам шуни тавсия қилганлар. “Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим” (Имом Молик ва Имом Бухорий ривояти).

Мисвок арок деган бутанинг учи юмшатилган новдалари бўлиб тишни тозалаш баробарида оғизнинг ҳидини ҳам олар экан.

Демак, мусулмонларга Саодат асридаёқ тишни тозалаб юриш одат бўлган.  Орадан кўп асрлар ўтганидан кейин француз императори Наполеон Бонапарт (1769-1821) отнинг ёлидан ясалган тиш чўткасидан фойдаланган.

Оғиз гигиенаси катта тарихга эга. Археологик қазишмалар натижасида шундай хулосага келинди. Бундай қазишмалар чоғида тиш тозалагичнинг турли воситалалари топилди. Киев Русида ҳам мисвок қолдиқлари топилгани  мисвоклар ушбу мамлакатга мусулмонлар таъсирида келтирилган деган фикрга асос бўлади.

Тиш чўткасини расман ишлаб чиқишни эса 1780 Англия фуқароси Вильям Аддис (ингл. William Addis) бошлаган. Ўша йили исёнга қўшилиб қолган Аддис турмага ташланади ва турмада ўтириб тиш чўткаси ясайди. Бунинг учун у суякдан қатор тешиклар очиб, очилган тешиклардан бошнинг орқа қисмидаги сочларни ўтказади ва уларни елим билан маҳкамлайди. Озодликка чиққанидан кейин у тиш чўткаси ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Аддис асос солган Wisdom Toothbrushes, фирмаси ҳали ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Уммон ортида эса тиш чўткаси ишлаб чиқариш учун америкалик ишбилармон Водсворф (ингл. H.N.Wadsworth) 1850 йилда патент олган. Бироқ уни оммавий равишда ишлаб чиқариш 1885 йилга келиб бошланган.  Ўша тиш чўткаларининг дастаси суякдан, чўтканинг ўзи эса сибирь тўнғизининг жўнидан бўлган. У расво материал бўлган: чўтка тезда қуримаган, бунинг устига, табиий чўтканинг ичида, таг қисмида микроблар тўпланиб кўпайишига ғоятда ўнғай бўлган яна бир қатлам пахмоқ қил бўлган. 

1938 йилнинг 24 февралида Oral-B компанияси тишни тозалайдиган толаси нейлондан бўлган тиш чўткаси ишлаб чиқаради. 

Биринчи электр чўткаси Broxodentни эса 1959 йилда Squibb Pharmaceutical компанияси таклиф қилди. 

2003 йилнинг январида ўтказилган сўровда америкаликлар тиш чўткасини инсоният қилган ихтироларнинг биринчи рақамлиси деб айтдилар. Улар машинасиз, компьютерсиз, мобиль телефонсиз, микротўлқинли ўчоқсиз яшай олмагани каби тиш чўткасисиз ҳам мутлақо яшай олмаслигини эътироф этган.

Бундан аён бўладики, энг буюк ихтиро сифатида тан олинган тиш чўткасини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиро қилган эканлар.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади

6744 марта ўқилди

Мақолалар

Top