Мақолалар

Шайх Муҳаммад Абдулазиз –матонатли фақиҳ қори

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тўлиқ исми ва таваллуди

Шайх Муҳаммад Абдулазиз Ҳассон Басюний 1928-йил 22-августда Миср Араб Республикасининг Ғарбия вилояти Басюн маркази Фарастақ қишлоғида туғилган.

Ғарбия муҳофазотидан дунёга таниқли шайх Мустафо Исмоил ва шайх Маҳмуд Халил Хусорий каби Қуръон қорилари етишиб чиққан.

Беморлиги

Шайх Муҳаммад Абдулазиз ёшлигидан кўзи ожиз бўлган.

Илм йўли

Шайх Муҳаммад Абдулазизнинг кўзи ожизлиги уни бутун борлиғи билан Қуръон ёдлашга ўзини бахшида этишига сабаб бўлди. У болалигиданоқ Қуръонга муҳаббат қўйиб, ёд олишга киришди. Отаси ўғлининг зеҳни, хотираси ва Қуръонга ихлосини кўриб уни қўшни қишлоқ Қастодаги шайх Арафа Рашидийнинг бошланғич мактабига олиб борди. Ҳожи Абдулазиз ҳар куни ўғлининг қўлидан етаклаб, мактабга олиб борар, йўл-йўлакай ўғли билан суҳбат қуриб кетарди. Бу кичкинагина болакайни оилада, қишлоқдагилар ва мактабдагилар яхши кўриб, доим “Шайх Муҳаммад” деб чақиришарди. Бундай чақирилиши Шайх Муҳаммадни шижоатлантириб, янада Қуръонга муҳаббатни ошириб, қилаётган ишидан фахр туйдирарди. Шу ўринда айтиб ўтиш лозим, ҳар бир ота-она фарзандини келажакдаги ўрганиши мумкин бўлган илми ва касбига мос бўлган масалан, “Шайх”, “Қори”, “Ҳазрат” ваҳоказо номлар билан атаб чақирса, бу унинг руҳиятига ижобий таъсир қилади. Яъни, руҳияти кўтарилиб, ўзини катталардек ҳис этади ва келажакда ким бўлишини тасаввур қила бошлайди. Шайх Муҳаммадда ҳам худди шундай бўлди. У болалигиданоқ ўзини шайхлардек виқорли тутар, ўзини тутиши ва илмга интилишда бошқа тенгдошларига нисбатан ажралиб турарди. У ҳаётини Қуръон билан кўриб, дунёда ҳам охиратда ҳам фақат у туфайли азиз бўлишини тушуниб етганди.

Шайх Муҳаммад етти ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. У интилишда давом этиб, тажвид ва қироат илмларига киришди. Орадан узоқ муддат ўтмай етти хил қироатни ўрганиб ва “Шотибия” матнини ёдлади. Ўн ёшга етганда, ўзига берилган “Шайх” номига муносиб мукаммал қори бўлди. У яна устози шайх Арафанинг ҳузурида илмни давом эттириб, пиёда қишлоққа қатнар, йўлда Қуръонни ўзи радиодан севиб эшитадиган машҳур қориларга тақлид қилиб гўзал оҳангда такрор қилиб кетарди. Дарсини топшириб бўлгандан кейин устози ундан бирор оятларни гўзал оҳанг билан қироат қилиб беришини сўрар ва уни жон қулоғи билан тингларди. Бу эса, ёш қорига ишонч бағишларди. Устози доим уни қаттиқ назорат қилиб, дарсларни қолдирмаслигини, тинимсиз Қуръонни такрор қилиб юришни уқтирарди. Шайх Муҳаммад у айтганидек, вазифаларни пухта бажарар, яқинлари билан ўтириш, ўртоқлари билан ўйнашга ҳам вақти бўлмасди.

Бир куни шайх Арафа: “Эй Муҳаммад, мен билан Абдураҳмон Бек Рамазон исмли дўстимни уйига борасанми? У бизни ажойиб тадбирга чақиряпти. У ерга машҳур қорилар келади. Улар билан танишиб оласан” дейди. Шайх Муҳаммад рози бўлиб устози билан Қуръон мажлисига боради. У ерда уламолар ва кўплаб машҳур қорилар тўпланишганди. Улар Шайх Муҳаммадни қироат қилиб беришини сўрайдилар. У қироатни якунлагандан кейин йиғилганлар унга таҳсин айтадилар. Шунда қироатда етук устозлардан бўлган Абдураҳмон Бек Рамазон унинг устозига: “Бу болакайнинг исми нима?” деб сўрайди. Устози: “Муҳаммад Абдулазиз, Фарастақ қишлоғидан” деб жавоб беради. У: “Эй шайх Арафа, унга эътиборли бўлинг унинг келажаги порлоқ экан. Кунлар ўтиб юзага чиқади. У бўйнингиздаги омонат” дейди.

Шайх Муҳаммад дарсларда давом этиб, орада баъзан масжидлар ва турли маросимларда тиловат қилиб, кишилар қалбини Каломуллоҳ билан хушнуд этарди. 1964-йили Миср Қорилари уюшмаси томонидан радиода тиловат қилиш учун қорилар ўртасида танлов бўлиб ўтди. Икки босқичли бу танловда Шайх Муҳаммад имтиҳонларда мувофаққиятли ўтиб, радиода тиловат қила бошлади. У Миср радио ва телевиденияларида кунлик тонгги эшиттиришларда ва Жума куни тиловат қиладиган ягона қори бўлди. У белгиланган вақтлардан кеч қолмай Қоҳирага етиб келар ва яна масжидга Қуръон хизмати учун қайтиб, кетарди. Агар бирор маросим ёки тадбирга боришга рози бўлса, асло ваъдасига хилоф қилмасди.

Бир куни Кафр аз-Зайёт вилоятидаги мадрасалардан бирида фаррошлик қилувчи Шайх Муҳаммад қироатига ихлосманд киши Ҳожи Халил вафот этади. У вафотидан аввал фарзандларига: “Менинг вафотимдан кейин Шайх Муҳаммадни чақиринглар. У келиб аза маросимида уйимизда тиловат қилиб беради” деб васият қилади. Фарзандлари Шайх Муҳаммад машҳур киши бўлгани, уни узоқдан уйга олиб келиш учун имконлари йўқлигини ўйлаб тараддудланадилар. Улардан бири бу ҳақда Шайх Муҳаммадга хабар қилганда, шайх йўл ва маросимнинг барча харажатларини ўз зиммасига олади ва боришга ваъда беради. Аза маросимидан аввал Миср давлат бошқарув тизими раҳбарларидан бири  шайхга телефон қилиб, президент Анвар Саадатнинг онаси вафот этгани ва унинг уйига бориши зарурлигини таъкидлайди. Шайх Муҳаммад унга бир камбағал киши вафот этганини ва уни васиятини бажаришга ваъда берганини айтиб, узрини билдириб, раҳбарга рад жавобини беради. Орадан бир неча кун ўтиб, Президент онаси вафоти билан маросим ўтказганда, Шайх Муҳаммад ҳам боради ва у билан кўришганда президент Саадат унинг ваъдасига вафо қилганини эътироф этиб: “Аллоҳга қасамки, мавлоно, сиз эҳтиромга сазовор кишисиз, мени наздимда янада буюк бўлиб кетдингиз. Онам вафот этганда сиз Халил амакининг фарзандларига берган ваъдангизни бажариш учун узр айтдингиз” дейди.

1980-йили Миср Республикаси Президенти Анвар Саадатнинг қарори билан Танто шаҳридаги Аҳмадия масжидига имом қилиб тайинланди. Шайх Муҳаммад бу масжидда тиловат қилиш билан бирга Қироат ва тажвид илмларидан дарс беради. Уни кўплаб чет эл мамлакатларига Рамазонда хатмга ўтиш ва турли маросимларга тиловат қилиб бериш учун таклиф этилади. Лекин у аксарият таклифларга рад жавобини беради. Фақат айрим Араб давлатларига борди ва Мисрдан чет элга Қуръон тиловати учун расмий сафар қилган биринчи кўзи ожиз қори бўлди.

Миср телевидениеси расмийлари 1980-йилларда кўзи ожиз қориларни маросимларда телевиденияга олишни тақиқлаб қўйишганди. Чунки улар қироат пайтида соатни кўра олмай, белгиланган вақтдан ўтиб кетардилар. Ўта зарурат бўлса, бу каби қориларни ёнида бир киши туриб, вақт якунланганини билдириш учун икки дақиқа аввал икки бармоқларини ушлаб қўярди. Шайх Муҳаммад бу каби тақиқлардан истисно қилинганди.

Шайх Муҳаммад Абдураҳмон Бек Рамазоннинг сўзлари юзага чиқиб, устоз қорилар шайх Маҳмуд Халил Хусорий, Мустафо Исмоил каби етук қори бўлди. Атрофдагилар унга “Фақиҳ қори”, “Ранг-баранг оҳанг билан ўқувчи, вақф, ибтидо (қироатда тўхташ ва бошлаш) устози” каби номлар беришди. У араб тили қоидаларини ва Қуръон маъноларини яхши тушунгани учун тиловатда қайси жойда тўхташ ва қаердан давом эттиришни жуда яхши биларди. У Қуръонни гўё тафсир қилаётгандек ўқир, эди. Ҳатто унинг бу борадаги илми, моҳирлиги, овоз оҳангларини ўрганиб, 1990-йили Саудия Арабистонидаги ал-Малик Абдулазиз Оли Сауд университетида доктор Муҳаммад Исавий докторлик диссертациясини йўқлаган.

Оиласи

Шайх Муҳаммаднинг олти ўғил, уч қизи бўлган. Унинг энг хурсандчилик кунлари оиласи даврасида, набиралари қуршовида ўтган кунлари эди. Болалар келиб, атрофида ўйнасалар у ҳам бирга қувнаб кетарди.

Вафоти: Шайх Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи фарзандларига “Мен вафот қилсам жанозамни жума намозидан кейин Тантодаги Аҳмадия масжидида ўқинглар” деб васият қилган эди. У 2003-йил 2-май Жума куни вафот этган ва васиятига кўра ушбу масжидда жанозани адо қилинган. Худди шу куни унинг аёли ҳам аср намозидан кейин оламдан ўтган.

Муҳаммадзариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади

 

873 марта ўқилди

Мақолалар

Top