Мақолалар

ҒАЙБ ИЛМИ АЛЛОҲГА ХОС  “Бир соатдан кейин нима бўлишини билмаймиз...”

 

Келиним ҳомиладорлигининг учинчи ойларида шифокор тавсияси билан ультра товуш  ташхисини қилдирдик. Шифокор ҳомилани текшириб, соғлом, юраги яхши ураётганини айтди. “Табриклайман, неварангиз қиз экан”, деб, қоғозга ёза бошлади. Қизми, ўғилми Аллоҳнинг неъмати, кўрсатганига шукр.

Бирор ой ўтиб, келиним кўчадан гап топиб келди. “Ойижон уйга қайтаётсам, кўча бошидаги қўшни аёл: “Менинг кўзимга кўринади, келинпошша, қиз кўрасиз” деб, ой кунигача айтиб бердилар.

Ҳайрон бўлиб қолдим. Бир соатдан кейин нима бўлишини билмаймиз. Улар бўлса  ой кунигача айтишга журъат қилишади. Ҳаттоки Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ғайб илмидан бехабар бўлганлар.

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) бундай деганлар: “Ким Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эртага нима бўлишини айтадилар, деб ўйласа, Аллоҳ таолога катта бўҳтон қилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Айтинг: “Осмонлар ва ердаги бирорта ғайбни билмайди. Фақат Аллоҳ билади” (Намл, 65. Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аъроф сурасида марҳамат қилади:

“Сен: “Ўзим учун Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари, на фойда ва на зарарга молик эмасман. Агар ғайбни билганимда, яхшиликни кўпайтириб олган бўлар эдим ва менга ёмонлик етмас эди ...” деб айт” (188-оят).

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Ғайб илмлари бештадир, уларни Аллоҳ таолодан ўзга билмайди. Бачадонлар қачон ташлашини, эртага нима бўлишини, қачон ёмғир ёғишини, ҳар бир тирик жон қаерда ўлишини ва қиёмат қачон қоим бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга билмайди” (Имом Бухорий ривояти).

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Мунира АБУБАКИРОВА

 

1025 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top