Мақолалар

ҒАЙБ ИЛМИ АЛЛОҲГА ХОС “Кейинги пушмон ўзингга душман”

Келинимни вақти соати етиб, туғруқхонага олиб бордик, шифокорнинг олдига кириб кетаётсак, фаррош аёл: “Келинингиз қиз туғади, қиз бўлса, менга сарпо қиларсиз”, деб гапириб қолди.

Аллоҳга шукр, келиним эсон омон қутилиб олди. Ўғил невара  кўрдим. Аллоҳ ҳар нарсага қодир!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ҳузуридагина қиёмат (қачон бўлиши тўғрисида) билим бордир. У (хоҳлаганича) ёмғир ёғдирур ва бачадонлардаги нарса (ҳомила)ни билур. Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва хабардор зотдир (Луқмон, 31-оят).

Орамизда ҳомиланинг ўғил ёки қизлигини, кафтга қараб келажакда нима бўлишини, расмга қараб, инсонни қанча умр кўришигача айтиб берадиганлар ҳамон  учраб туради. Бундай инсонларнинг гапига қулоқ солиб мудҳиш хатога, гуноҳга қўл ураётганлар ҳам бор.

Тўртта қизи бўлган аёл ҳам замонавий аппаратларга тушиб, ҳомиласини текширтиради. Қизлигини билгандан кейин, олдириб ташлаш учун борганида, “Ҳомилангиз катта бўлиб қолган. Хавфли бўлиши мумкин”, деганида, “Ҳохлаган пулингизни бераман, олдириб ташланг”, деб  шифокорни кўндиради. Болани  бўлак-бўлакларга бўлиб олиб ташлаётганда, Аллоҳнинг қудрати билан ҳомиланинг белдан пасти бутун чиқиб келади.  Бундай ҳолатни кўриб, шифокор ҳам ҳайратда қолади. Ҳомила ўғил экан. 

Олиб ташлаган ҳомиласи ўғил бўлганлигини билиб, аёл  минг ёққа ўзини уриб, дод фарёд қилади. Минг афсус энди фойдаси йўқ.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур”.

“Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай*. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир.  (Шўро, 49-50 оят).

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Мунира АБУБАКИРОВА

1666 марта ўқилди

Мақолалар

Top