Мақолалар

“Аллоҳу Акбар” ҳақида Нью Йорк Таймс газетасидаги мақоладан мулоҳазалар

Жаноб Хелйер оиласи ва фарзандлари билан сайрга чиқса, бегоналар уларнинг ёнига келиб “Аллоҳу Акбар” дейишади.

Бугунги кунда кўпгина ғарбликлар бу иборани айтиш аслида ибодат эканига деярли ишонишмаса керак, лекин Лондонда яшовчи сиёсатшунос ва диншунос олим, “Атланика Кенгаши” аъзоси Жаноб Хелйер учун “Аллоҳу Акбар”ни эшитиш ёқимли. 

Афсуски, “Яратган буюк” деб таржима қилинадиган мазкур араб сўз бирикмаси кўп ҳолларда “терроризм” сўзига қориштириб ишлатилмоқда ва ғарбликларда ноўрин қўрқўвга сабаб бўлмоқда.

Сўнгги йилларда амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларининг аксариятида жиноятчилар “Аллоҳу Акбар” деб бақиришган. Аммо Хелйер ва оиласи учун оддий кундалик турмуш тарзида энг кўп учрайдиган ибора – шу.

Мусулмонлар “Аллоҳу Акбар”ни беш вақт ибодатга чақирув пайтида ва ибодатни адо этишда айтишади. “Бир яхши ҳолат содир бўлса, “Аллоҳу Акбар” дейишади. Бу билан кўриб ёки эшитиб ҳайратланган нарсалари Яратган Аллоҳнинг неъмати эканини эътироф этишади”, дейди сиёсатшунос Хелйер. Ачинарлиси шундаки, бу иборани дин ниқоби остидаги бузғунчилар – дунёдаги барча мусулмон олимлар қатъий қораласалар ҳам –  бегуноҳ фуқароларга хужум қилишда баралла қўллашмоқда.

Ўтган йили Беркелей университети талабаси “Southwest Airlines” авиакомпанияси рейсидан тушириб қолдирилган эди. Бунга сабаб эса талаба телефонда яқинлари билан гаплашаётганда “Иншаллоҳ етиб олишим билан  қўнғироқ қиламан” деган, ёнида ўтирган йўловчи эса унинг устидан “Иншаллоҳ” каби эстремистларнинг сўзини ишлатди деб шикоят қилган.   

Қарангки, ҳар бир ишда хикмат бор деганларидек Беркелей талабаси манзилидан бироз ушланиб қолган бўлса ҳам, “Иншаллоҳ” сўзи учун турли ғарб нашрларида мақолалар ёзилишига сабаб бўлди. “Аллоҳу Акбар!”. Яратганни улуғлаганни Ўзи албатта улуғлайди.     

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

халқаро бўлим ҳодими

Алишер САТТАРОВ

тайёрлади

 

7154 марта ўқилди

Мақолалар

Top