Мақолалар

Ким кўрибдур, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиғ...

Ўзбек мумтоз адабиётида ҳазрат Алишер Навоийдан кейин улкан давлат арбоби ҳамда лирик шоир, қомусий аллома сифатида Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймоси туради.

Ундан бизга ўз даврининг ижтимоий-сиёсий, жуғрофий-маданий, маиший турмуш тарзидан воқиф қилувчи “Бобурнома”, “Мубаййин” ва бошқа бир қанча етук ғазал ва рубоийлар мерос бўлиб қолди.  

Маълумки, Бобур Мирзо 12 ёшида отаси Умаршайх Мирзо вафотидан кейин подшоҳ бўлади: “Тангри таолонинг инояти билан ва ҳазрати он сарвари коинотнинг шарофати билан ва чоҳорёри босафоларнинг ҳиммати билан сешанба куни рамазон ойининг бошида тарих саккиз юз тўқсон тўққузда Фарғона вилоятида ўн икки ёшта подшоҳ бўлдум” (“Бобурнома”дан).  

Унинг кўп умри жангу жадалларда ўтган. Тақдир тақозоси Бобурни она Ватанидан кетишга мажбур қилади. Бор-йўғи 300 навкари билан тоғ-тошларда саргардон юриб, Афғонистонга бориб, ҳокимиятни қўлига олади.  

Бобур Афғонистонда ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаб олгач, Ҳиндистонга юриш қилади ва марказлашган қудратли давлатни барпо этади.  

Бобур ўзга юртларни босиб, талон-торож қилмади. Аксинча, ободончилик ишларига катта эътибор берди. Гўзал ва мафтункор боғ-роғлар яратди. Бобур қаерда бўлмасин, она Ватанини соғиниб яшади ва унга талпинди:  

Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,  

Ғарибингга тараҳҳум айлагилким, анда жонидур.  

Собиқ иттифоқ даврида Бобур шахсига нисбатан босқинчи сифатида қаралди. Ҳеч эсимдан чиқмайди. 1985 йил февралда ўрта мактабда Алишер Навоий таваллудини нишонладик. Худди шу аснода Бобур туғилган кунига тайёргарлик кўра бошладик. Кутилмаганда тадбирни қолдиришди. Ғалати давр эди. Шукур, у замонлар ҳам ўтди-кетди.  

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Бобур Мирзо халқимизнинг буюк фарзанди. Адабиёт, илм, маърифат нуқтаи назаридан у ҳамон яшаяпти. Ўзлигимизни англаб, буюк тарихимизни ёшларга тушунтирсак, илм-маърифатни ривожлантирсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз!” деб Заҳириддин Муҳаммад Бобурга юксак баҳо берган.    

Дарҳақиқат, Бобур Мирзони улкан давлат арбоби сифатидагина эмас, қомусий аллома, мумтоз шоир, жасур саркарда, адолатли ва саховатпеша давлат арбоби, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси   сифатида ҳам чексиз қадрлаймиз.  

Бобурнинг тарих олдидаги буюк хизматлари шундан иборатки, темурийларнинг сўнгги ҳукмдори бўлиб, бу сулолани сақлаб қолди.  

Айни пайтда, Ҳиндистондек улкан мамлакатни бирлаштириб, бобурийлар сулоласига асос солди. 300 йилдан ортиқ ҳукмронлиги даврида бобурийлардан Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонда боғ-роғлар, масжид, мадрасалар, бетакрор қасрлар, улуғ обидалар, шунингдек, ниҳоятда бой ижодий-маънавий мерос қолди. Дунёнинг етти мўъжизаларидан бири – Тожмаҳал мақбараси Ҳиндистондаги энг катта тарихий ёдгорлик ҳисобланади.  

Бобурдан бизга кўп яхшиликлар қолди. “Яхшилиғ” радифли ғазали Бобур ҳаётининг ёрқин тимсоли ва юксак намунаси сифатида ҳали кўп авлодларимизга сабоқ бўлади.  

Ким кўрибдур, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиғ,  

Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.  

 

Гар замонни нафй қилсам айб қилма, эй рафиқ,  

Кўрмадим ҳаргиз нетайин, бу замондин яхшилиғ.  

 

Дилраболардин ямонлиғ келди маҳзун кўнглума,  

Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.  

 

Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг, ямонлиғ асру кўп,  

Эмди кўз тутмоқ не, яъни ҳар ямондин яхшилиғ.  

 

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ,  

Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.  

 

Яхшилиғ аҳли жаҳондин истама Бобур киби,  

Ким кўрибдур, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилиғ.  

 

Неъматулло МУҲАМЕДОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

“Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA”

кафедраси мудири, тарих фанлари доктори

1019 марта ўқилди

Мақолалар

Top