Мақолалар

ЖАҲОН УЗРА ЭЪТИРОФ ЭТИЛАЁТГАН  ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ ИСЛОҲОТЛАР

Халқаро анжуман

  

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ички ҳаётида кузатилаётган очиқлик ва янгиланишлар, таълим ва маърифатга эътибор, шубҳасиз, юртимизнинг ташқи сиёсатига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Хорижий таҳлилчиларнинг фикрича, бугун Ўзбекистон ўзининг мисли кўрилмаган очиқлиги ва жадал тараққиёти билан дунёда ажралиб турган мамлакат сифатида намоён бўлмоқда.

Мақсад-вазифалар, муаммоларни ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик асосида ҳал этишга интилиш ҳамда дунёнинг етакчи давлатлари ва бошқа мамлакатлари билан ўзаро манфаатли алоқалар юритиш энг устувор вазифа бўлмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг мусулмон давлатлари билан ҳамкорлиги йил сайин мустаҳкамланяпти. Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Миср Араб Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар билан яқин алоқалар янги босқичга кўтарилди.

 

Мустаҳкамланаётган алоқалар

Таъкидлаш жоиз, мазкур давлатлар раҳбарлари бир неча бор юзма-юз мулоқот қилиб, кенг қамровли ҳамкорликни келишиб олдилар. Мазкур олий даражадаги учрашувлар самараси ўлароқ диний-маърифий соҳада ҳам ўзаро яқин алоқалар йўлга қўйилди.

Муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида олиб бораётган очиқлик сиёсати диний соҳага ҳам кенг имкониятлар эшигини очди. Натижада Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланиб, кўплаб халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатилди, турли давлатларнинг диний идоралари билан меморандумлар имзоланди. Соҳага доир таклиф ва ташаббуслар мусулмон дунёси томонидан қўллаб-қувватланиб, нуфузли тадбирлар ҳамда анжуманларга мамлакатимиз мезбонлик қилиб келаётгани ҳам мазкур ислоҳотлар самараси десак, адашмаймиз.

                       

Дунё уламолари эътирофи

Халқаро анжуман ва илмий конференцияларда уламоларимизнинг чиқишлари юқори баҳоланаётгани, улар нуфузли халқаро ташкилотлар аъзолари сафидан ўрин олаётгани ва уларнинг жаҳон узра тан олинаётгани барчамизни мамнун этмоқда.

Шундай қувончли хабарлардан яна бири яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Мусулмон донишмандлар кенгаши аъзолигига қабул қилинганларидир. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизматидан батафсил маълумот олдик.

Бирлашган Араб Амирлигининг Абу Даби шаҳрида бўлиб ўтган Мусулмон донишмандлари кенгаши йиғилишида Мусулмон донишмандлари кенгаши раиси, Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб жаноблари Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларини ушбу нуфузли кенгаш аъзолигига қабул қилиш ҳақидаги қарорни эълон қилди.

Аҳмад Тоййиб жаноблари ўз сўзида Марказий Осиё минтақасида ҳозирги кунда фаолият юритаётган кўплаб уламолар орасидан фақатгина Ўзбекистон муфтийси аъзо қилинганига алоҳида урғу берди.

Йиғилишда иштирок этган дунёнинг етакчи ва таниқли уламолари ушбу аъзолик тарихий воқеа бўлганини таъкидлаб, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак эътироф этди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида турли дин ва миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаши, сўнгги йилларда мазкур соҳадаги ишлар янада ижобий босқичга кўтарилгани ҳам қайд этилди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Мусулмон донишмандлар кенгаши мустақил халқаро ташкилот бўлиб, у 2014 йилда Бирлашган Aраб Aмирликларининг Aбу Даби шаҳрида ташкил топган. Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Шайх Аҳмад Тоййиб Кенгашга раислик қилади.

Кенгашга Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Миср Араб Республикаси, Иордания, Индонезия, Озарбойжон, Ўзбекистон, Марокаш, Мавритания, Нигерия, Гвинея, Ливан, Малайзия, Чад каби давлатлардан 16 нафар нуфузли мусулмон олимлари аъзо саналади.

Ташкилотнинг асосий мақсадлари мусулмон оламида тинчликни тарғиб қилиш, низоларни биргаликда ҳал этиш ва бағрикенгликни таъминлашдан иборат. Шунингдек, илм ва олимларни қадрлайдиган, ўзаро мулоқотни мустаҳкамлайдиган, бағрикенглик ҳамда бошқаларга ҳурматни қўллаб-қувватлайдиган фаровон жамият барпо этишдир.

Шунингдек, йиғилишда бугунги мураккаб даврда дунё халқларининг ҳамжиҳатлигини таъминлаш, тарафкашликка барҳам бериш, жамиятда тинч-тотув яшаш ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда исломофобияга муросасиз бўлиш каби жиҳатлар ҳам муҳокама қилинди.

 

Манфаатли мулоқотлар

Анжуман доирасида Ўзбекистон делегацияси Бирлашган Араб Амирлигининг Дин ишлари ва Вақф бош бошқармаси раҳбари доктор Умар Ҳабтур ал-Дирий, БААнинг Фатво кенгаши раҳбари ва Абу Даби тинчлик форуми раиси Шайх Абдуллоҳ ибн Байя, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Аллоҳшукур Пошозода, Индонезия дин ишлари бўйича собиқ вазири, профессор, доктор Муҳаммад Қурайш Шиҳоб ва ливанлик уламо шайх Саййид Али ал-Амин каби бир гуруҳ уламолар билан учрашув ўтказди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган мазкур мулоқотларда уламолар халқлар ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш ва илм-фан соҳаларида ўзаро тажриба алмашишга оид масалаларга ҳам урғу қаратдилар.

Учрашувлар якунида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик йўналишида қилинган ишлар муносиб этироф этилди.

 

Ўз мухбиримиз

 «Янги Ўзбекистон» газетасининг 2024 йил 20 февраль кунги 36 (1096)-сони мутолаа учун ҳавола қилинади.

 

 

1287 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Китоб ўқиганга мукофот Соҳиби узр ким? »

Мақолалар

Top