Мақолалар

Биздан обод манзиллар қолсин

Ҳар биримиз атроф-муҳитга меъёрий муносабатда бўлсак, табиат инсонга хизмат қилади. Биз табиатга: сув, тупроқ, ҳаво қатламларига ва бошқа ҳаётий заруратларга эҳтиёж юзасидан муомала кўрсатсак, турмушимиз ҳам шунга яраша хотиржамлик ва фаровонликда давом этади.

Атрофимиздаги жонли ва жонсиз жисмнинг ҳеч бири боқий эмас. Кўзимизга ҳеч қачон тугамайдигандек кўринган ер ости ва ер усти хазиналарининг чекланмаганини бугунги кунда йўқолиб бораётган ўсимликлар, жониворлар, тугаб бораётган фойдали қазилма конлари мисолида кўришимиз мумкин.

Борлиқдаги ҳар бир махлуқотни Аллоҳ таоло фазли карами ва ҳикмати билан яратди: «Ахир улар туянинг қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига, тоғларнинг қандай тикланганига ва ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига (ибрат назари билан) боқмайдиларми?!» (Ғошия сураси, 17-20 оятлар).

Ушбу ояти карима замирида Аллоҳ таоло яратган ҳар бир неъматни тафаккур қилиш, уларга шукр қилиш маъноси мужассамлашган. 

Ер юзида атроф-муҳитнинг кескин бузилиши бугуннинг энг долзарб муаммоларидан биридир. Табиатга шафқатсиз муносабатда бўлиш жониворлар ва ўсимликлар дунёсининг қирилиб битишига сабаб бўлмоқда. Биосферани турли чиқиндилар билан заҳарлаш натижасида инсон ўз ҳаётига болта урмоқда.

Сувга ахлат ташлаш, чиқинди ва хазонларни ёқиш, жониворларни ноқонуний овлаш, ўрмонларни тартибсиз кесиш оқибатида юзага келган экологик муаммолар давримизнинг глобал муаммосига айланди. Инсон Аллоҳ таоло ато қилган ақл, билим ва тафаккурни ишга солиб бу муаммоларнинг олдини олмас экан, ўзини ва келажагини боши берк кўчага олиб кириб қўйиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, келажак авлодга биздан қақраган чўл эмас, обод манзиллар қолиши даркор.

Ҳар бир киши Аллоҳ таолонинг розилигини истаб ҳаракат қилса шунга яраша ажр олади. Тураржойларимизни, кўча-кўйларимизни покиза сақлашимиз, ободонлаштиришимиз, жонли табиатга, ўсимликлар оламига нисбатан ижобий муносабатда бўлишимизда ҳам Аллоҳнинг розилигини топишга интилиш бўлиши даркор. Шунда хайрли амалларимиз туфайли жамият равнақ топиб, охиратда нажотга муяссар бўлишимиз, шубҳасиз. 

Ҳозир айни куз фасли эканини ҳисобга олсак, хазонларни бартараф қилишнинг бир қанча йўллари бўла туриб, уни ёқиб ўзи ва атрофдагиларни заҳарлашига жим қараб туриш табиатга нисбатан ноҳақлик. Чунки бошқаларга зиёни тегадиган амални бамайлихотир бажариш, инсон хулқининг яхши эмаслигига далил бўлади.

Шундай экан, жамиятга нисбатан ҳам, табиатга нисбатан ҳам ижобий  муносабатда бўлишимизни насиб этсин.

 

Исомиддин МУҲИДДИНОВ,

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги “Олтинобод” жоме масжиди имом-хатиби 

 

 

 

7002 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top