Мақолалар

"ОТА-ОНА билан 50 та ТЕЛЕФОН ОДОБИ"

Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

  • «Ҳақ бўла туриб, жанжални тарк этган кишига Жаннат ёнидаги бир уйга кафилман! Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига Жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман! Гўзал хулқли кишига Жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
  • «Мўминларнинг имони энг мукаммали — хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);
  • «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари).

1)  Аввало ОТА-ОНАНИНГ рухсатларисиз телефонларига мутлақо тегмаслик;

2)  агар УЛАР рухсат бермасалар, телефонларини “Смс”, “Имена”, “Контакты” ва бошқа жойларини ўқимаслик ва қарамаслик;

3)  ОТА-ОНАНИНГ гаплашганларини эшитмаслик ва пойламаслик;

4)  ОТА-ОНАГА қўнғироқ қилаётганда кун ва кечанинг соатларини инобатга олиб, бемаҳалда ва ноўрин қўнғироқ қилмаслик;

5)  ОТА-ОНАГА қўнғироқ қилганда мабодо жавоб бўлмаса, ҳар бир телефон қилишни орасида 4 ракат суннат намозни вақти ўтгандан сўнг лозим бўлса, яна бир бор телефон қилинади. Шу тартибда 3 марта телефон қилинганда ҳам жавоб бўлмаса, такроран қилинмайди. Агар етказилмоқчи бўлган хабар тезкор, ўта муҳим, жуда ҳам зарур бўлса, ёзма шаклда юборилади;

6)  гаплашиб бўлгандан сўнг УЛАР телефонни ўчирмаган бўлсалар, қизиқиб эшитиб турмасдан, дарҳол телефонни ўчириш;

7)  ОТА-ОНА билан телефонда сўзлашганда УЛАРНИНГ ҳурматларини билиб, беизн УЛАРНИНГ вақтларини ортиқча кўп олмаслик;

8)  ОТА-ОНА бизга телефон қилсалар, тезкор ёнимиздагиларни огоҳлантириб, узр сўраб, дарҳол ОТА-ОНАГА жавоб берилади;

9)  ОТА-ОНАДАН келган қўнғироқ, хабар (хат, савол, табрик ва ҳоказо)ларни жавобсиз қолдирмасдан, дарҳол муносиб жавоб қайтариш;

10)  ОТА-ОНАДАН келган қўнғироқ, хабар (хат, савол, табрик ва ҳоказо)ларга ўз вақтида жавоб қайтараолмаганда, албатта дарҳол қайтариб телефон қилиб, кечирим сўраш ва тезкор муносиб жавоб қайтариш;

11)  сиз телефон қилган вақтда ОТА-ОНА жавоб бераолмаган бўлсалар, ОТА-ОНАДАН асло хафа бўлмаслик;

12)  ОТА-ОНАНИНГ олдиларида телефон ўйнамаслик. Чунки бундай қилиш – ОТА-ОНАГА нисбатан ҳурматсизлик, менсимаслик, беодоблик ҳисобланади. Агар жиддий зарурат туғилиб қолса, УЛАРГА узрини айтиб, рухсат сўралади. Агар ОТА-ОНА ижозат берсаларгина, телефон билан машғул бўлинади;

13)  ОТА-ОНАГА телефон қилаётганда: «Ким бу?» дейилмайди. Балки аввал салом бериб, ўзини таништириб, керакли одамни сўралади;

14)  ОТА-ОНАНИНГ телефонларини ўзиникидан яхшироқ ва зўрроқ телефон қилиб бериш;

15)  ОТА-ОНАНИНГ телефонларини пулларини тўлаб туриш;

16)  ОТА-ОНА билан суҳбатлашганда «Ало?», «Hello?», «Ҳа?», «Алё?», «Да?» сўзларни ўрнига «Ассалому алайкум!», «Лаббай?», «ДАДАЖОН?!», «ОНАЖОН?!», «Эшитаман?», «Хизматингиздаман!..», «Қулоғим сизда...», «Хизматингизга тайёрман!..», «Доим хизматингиздаман!..»,        «Хизматингизга доим тайёрман!..», «Амрингизга мунтазирман!..» каби ибораларни ишлатиш;

17)  телефон орқали суҳбат тугаганда, телефонни дарҳол ўчирмасдан, балки УЛАР билан хайрлашиб, ОТА-ОНАГА яхши тилаклар тилаб, ОТА-ОНА телефонларини ўчирганларидан сўнггина телефонни ўчириш мумкин; УЛАРДАН олдин телефонни ўчирмаслик;

18)  ОТА-ОНА билан телефонда сўзлашганда ҳам ўрнидан туриб мулоқот қилинади;

19)  ОТА-ОНАГА телефонда сўзлашганда ҳам биринчи бўлиб салом берилади;

20)  ОТА-ОНАГА телефон қилганда, УЛАР сўрашларидан олдин ўзининг кимлигини айтиб таништирилади;

21)  телефон қилганда УЛАРНИНГ вақтларини олмаётганлигини сўраб, узр сўрашлик;

22)  ОТА-ОНАГА гудок ташланмайди;

23)  агар УЛАР шундай қилган бўлишса, дарҳол УЛАРГА қайта телефон қилинади;

24)  ОТА-ОНА билан телефон орқали гаплашганда ОТА-ОНАНИНГ рухсатларисиз бошқаларга эшитиладиган даражада телефонни овозини баланд қилмаслик;

25)  ОТА-ОНА билан телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо алоқа узилиб қолса, УЛАРГА биринчи бўлиб ўзимиз қайтадан телефон қилишимиз лозим;

26)  телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо ОТА-ОНА телефон қилиб қолсалар, сўзлашиб турган одамни огоҳлантириб, дарҳол ОТА-ОНАГА жавоб берилади;

27)  ОТА-ОНАНИНГ шахсий маълумотлари ва ОТА-ОНАДАН келган барча маълумот-хабар (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлари, смс ва ҳоказо)ларини ЎЗЛАРИНИНГ рухсатларисиз бошқаларга кўрсатилмайди, берилмайди ва юборилмайди;

28)  ОТА-ОНАНИНГ ЎЗЛАРИГА ҳам ОТА-ОНАНИНГ рухсатларисиз турли хил маълумот-хабар (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлар, смс ва ҳоказо)лар юборилмайди; табрикномалар – мустасно;

29)  ОТА-ОНАГА айниқса тарбиявий аҳамиятга эга, илм-фанларга доир, таълимга тааллуқли бўлган ҳар қандай нарсалар юборилмайди ОТА-ОНАНИНГ рухсатларисиз;

30)  ОТА-ОНА билан телефон орқали мулоқотни телефонда ёзиб олиш учун ЎЗЛАРИНИНГ розиликлари олинади; агар рухсат бермасалар, ёзиб олмаслик; чунки ЎЗЛАРИНИНГ рухсатларисиз ОТА-ОНАНИНГ гапларини ёзиб олиб, бошқаларга тарқатиш — жуда катта хиёнат ва улкан гуноҳ ҳисобланади;

31)  ОТА-ОНА билан бирга сурат ё видеога тушмоқчи бўлганда, олдин ЎЗЛАРИДАН изн сўраб, рухсатлари олинади; агар рухсат бермасалар, сурат ё видеога тушмаслик;

32)  ОТА-ОНАНИ сурат ё видеога олмоқчи бўлганда ҳам, олдин ЎЗЛАРИДАН изн сўраб, рухсатлари олинади; агар рухсат бермасалар, сурат ё видеога олмаслик;

33)  телефон орқали кўришиб гаплашиш учун ОТА-ОНАНИНГ розиликларини олишда УЛАРГА гаплашмоқчи бўлган одамнинг ҳузурида кимлар мавжуд эканлигини ҳам огоҳлантириб қўйиш;

34)  агар ОТА-ОНА томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга истак билдирилмаса, бундан асло хафа бўлмаслик;

35)  агар ОТА-ОНА билан телефон орқали кўриб гаплашиш зарурияти бўлсагина, шунда ҳам фақат УЛАРНИНГ ижозатлари билангина кўришиб гаплашиш учун телефон қилиш мумкин;

36)  агар ОТА-ОНА томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга хоҳиш билдирилмаса, ОТА-ОНАДАН узр сўралади;

37)  ОТА-ОНА билан телефонсиз сўзлашганда, телефонни овозини ўчириб қўйилади;

38)  ОТА-ОНА билан сўзлашиб турганда, бирор киши телефон қилиб қолса, аввало ОТА-ОНАДАН рухсат сўраш; агар ОТА-ОНА рухсат берсаларгина телефонга жавоб қайтарилади;

39)  ОТА-ОНАГА бегона рақамдан телефон қилганда, вақтни олмасдан дарров очиқ-ойдин ва аниқ ўзини таништириш лозим;

40)  бошқа одам ОТА-ОНАМИЗ рақамларини сўраса, ОТА-ОНАНИНГ рухсатларисиз берилмайди;

41)  ОТА-ОНАГА телефон қилганда, иккинчи линиядан тушиб қолган одам битта чақириқдан кейин алоқани дарҳол узиш лозим. УЛАРГА ким қидираётганини англаш учун шу кифоя. Узлуксиз чақириқлар билан суҳбатларини бузмаслик;

42)  ОТА-ОНАГА қайта-қайта қўнғироқ қилавермаслик лозим. Чунки қўнғироқга жавоб бериш — у томоннинг ҳуқуқи, зинҳор мажбурияти эмас;

43)  ОТА-ОНА бирорта маълумот-хабар (сурат, ёзув, видео)ни кўрсатиш учун телефонларини берсалар, фақат ўша маълумот-хабар (сурат, ёзув, видео)ни кўриш билангина чекланиш лозим. Бошқа жойларига ўтиб кетишга хаққимиз йўқ!;

44)  агар ОТА-ОНА телефонларида нимадир кўраётган  ёки излаётган бўлсалар, тикилиб турмаслик керак. ОТА-ОНАНИНГ телефонларига рухсатсиз қараш мумкин эмас!;

45)  гаплашишга номуносиб пайтлар (масалан, азон айтилгандан кейин, кечанинг ярмида ёки кундузи дам олинадиган)да ОТА-ОНАГА қўнғироқ қилинмайди;

46)  ОТА-ОНА қўнғироқ қилган вақтда эса, қайси пайт ва қандай ҳолатда бўлишимиздан қатъий назар, УЛАРГА хушмуомалалик билан дарҳол ва тезкор жавоб бериш зарур;

47)  ОТА-ОНА билан телефон орқали суҳбатлашаётганда, демак, ОТА-ОНА маълум бир вақтларини махсус биз учун алоҳида ажратаётганликларини, биз УЛАРНИНГ вақтларини олаётганимизни, ОТА-ОНА ЎЗ ишларини қўйиб, хаёллари биз билан банд бўлиб турганларини ҳис этиб, беҳуда гаплар билан УЛАРНИНГ вақтларини беҳуда ўтказмаслик лозим;

48)  ОТА-ОНА билан агар бирор узун мавзу хусусида гаплашмоқчи бўлганда, аввал ЎЗЛАРИДАН рухсат сўралади. Агар рухсат берсалар, гаплашиш мумкин. Акс ҳолда, гапни қисқа қилиш зарур. Чунки УЛАР бемалол гаплашадиган ҳолатда бўлмасликлари ҳам мумкин;

49)  ҳар бир байрамларда, ОТА-ОНАНИНГ хурсандчилик кунларида УЛАРНИНГ кўнгилларини кўтарадиган тилак, расм, видео, хабар, овозли гап-сўзлар, смс ва ҳоказоларни мунтазам юбориш лозим;

50)  бирор сабаблар билан ОТА-ОНАДАН йироқда бўлиб турган инсон ҳар куни эрталаб-кечқурун ўқиш-ишга кетишдан олдин ҳамда ўқиш-ишдан келгандан кейин ОТА-ОНАСИГА телефон қилиб, “Хайрли кун!”, ”Хайрли тун!” тилаб, ҳақларига чиройли, яхши дуолар қилиб, УЛАРНИНГ ҳол-аҳволларини сўраб, “Менга нима хизматлар буюрасиз?” деб, айтган хизматларини адо этиб, УЛАРНИНГ бетакрор, бебаҳо ва беқиёс дуоларини олиш лозим.

 

Иброҳимжон домла Иномов 

1778 марта ўқилди

Мақолалар

Top