Мақолалар

Меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Куни кеча муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифлари чоғида бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган ифторликда иштирок этиб, юртимиз мўмин-мусулмонларини Рамазон ойи билан яна бир бор табрикладилар.

Давлатимиз раҳбари: “Бугун барчамиз – муҳтарам уламоларимиз ва нуронийларимиз, жамоатчилигимиз вакиллари биргаликда ифтор қилмоқдамиз. Ягона, аҳил оила бўлиб яшаётган кўп миллатли Ўзбекистон халқи бугун гўёки бир дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирибди. Ўйлайманки, бу савобли тадбир инсон қадрини улуғлашга, ўсиб келаётган ёшларимизни мана шундай олижаноб руҳда тарбиялашга хизмат қилади”, – дея таъкидладилар.

Тошкент вилояти туманлар/шаҳарлар бош имом-хатиблари, домлалар, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари билан биргаликда биз ҳам Қибрай туманида ташкил этилган ифторлик дастурхонида иштирок этдик.

Рамазон файзли, баракотли ой бўлиши баробарида кўп-кўп хайр-эҳсон қилинадиган, кам таъминланган, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиш, ўзгалар кўмагига муҳтож инсонлардан кўнгил сўраш, бир сўз билан айтганда, меҳр-оқибат, мурувват, саховат мавсумидир.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойининг охирги куни бизга хутба қилиб: “Эй инсонлар улуғ ой, муборак ой, минг ойдан яхши кечаси бор ой сизларга яқин келиб турибди. Аллоҳ унинг рўзасини фарз, тунги бедорлигини нафл қилди. Ким бу ойда яхши амал билан қурбат ҳосил қилса, бошқа (ой)да бир фарзни адо қилган каби бўлади. Ким унда бир фарзни адо қилса, бошқа (ой)да етмишта фарзни адо қилган каби бўлади. У сабр ойидир. Сабрнинг ажри жаннатдир. У кўнгил сўраш ва мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким унда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, гуноҳлари мағфират бўлиб, дўзахдан озод қилинади. Рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмай, шу ажр мислича унга (ифторлик қилиб берувчига) бўлади”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг расули! Ҳаммамиз ҳам рўзадорни ифторлантирадиган нарса топа олмайди”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ ушбу савобни сув қўшилган сут ёки хурмо ёки бир қултум сув билан рўзадорни ифторлантирган кишига ҳам беради. Ким рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ уни менинг ҳавзимдан бир қултум сув билан суғоради ва у жаннатга киргунча чанқамайди. У – аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Ким у ойда қули (қўл остидагилари)нинг ишларини енгиллатса, Аллоҳ уни мағфират қилади ва дўзахдан озод қилади”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).

Ана шу ҳадис ҳам Рамазоннинг улуғ ой эканини очиқ-ойдин баён қилган. Зайд ибн Холид Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга унинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”, дедилар (Имом Термизий ва Аҳмад ривояти).

Давлатимиз Раҳбари ифторликда: “Чиндан ҳам, халқимиз азал-азалдан бир-бирига таянч бўлиб, меҳр-мурувват кўрсатиб яшашни одамийликнинг олий мезони деб билади. Айни шу олижаноб фазилатлар бизларни доимо ягона халқ, ягона миллат этиб бирлаштиради, ҳаёт синовлари ва қийинчиликларини енгиб ўтишда беқиёс куч-қувват беради”, деган сўзлари биз – имом-хатибларни ҳам тўлқинлантириб юборди.

Вилоятимиз туман ва шаҳарлари бош имомлари, ноиблар ҳомийлар ва саховатпеша инсонларни жалб қилган ҳолда ҳар куни кам таъминланган, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилалар, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олиб, уларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериляпти.

Амалга оширилаётган бундай хайрли ишларимиз бошқаларни ҳам эзгуликка чорласин деган мақсадда ҳар куни вакилликнинг телеграм каналига суратлари билан жойлаб бориляпти.

 Мухтасар айтганда, куни кеча бутун республикамиз бўйлаб ташкил этилган ифторликлар нуронийларимизни, имомларимизни, маҳалла фаолларини бир дастурхон атрофида жипслаштиргани сингари барчамизни ягона мақсад – Ватан равнақи, халқимиз маънавиятини янада юксалтириш, шу эл, шу юрт учун хизмат қилишда янада ҳамжиҳат ишлашга чорлайди.

Аллоҳ таоло ифторликларни даргоҳида қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин. Бу хайрли ишларнинг бошида турган азиз инсонлардан Ўзи рози бўлсин.

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

778 марта ўқилди

Мақолалар

Top