Мақолалар

Кўчат экиб, боғ яратинг!

Ер юзини обод қилиш, пок сақлаш савобли амаллар сирасига киради. Киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлади. Кўчат экиб, боғ яратиш — халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва фаровон бўлади.

Аллоҳ таоло инсонни ердан яратиб, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси 61-оят), деб келтирилган. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради.

Ер ва ундаги барча неъматларни келажак авлодга соф ҳолатда етказиш ҳар бир инсон олдидаги муҳим вазифаларидандир. Айниқса, бу имон-эътиқодли кишилар қалбида улкан масъулият ҳиссини оширади.

Сўнгги йилларда жаҳонда кузатилаётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Рўй бераётган чанг-тўзонлар, шунингдек, ёғингарчиликнинг камайиб ёки кўпайиб кетаётгани сўзимиз тасдиғидир. Бу ҳолат ҳар бир ақлли кишини бефарқ қолдирмаслиги турган гап.

Ислом дини доимо поклик ва озодаликка чақиради. Аввало, қалбдан бошланган поклик руҳу танимизни, атроф-муҳит – яшаб турган ватанимизни озода сақлашга чорлайди. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик имоннинг ярмидир”, – деб, бежиз айтмаганлар (Имом Бухорий ва Имом Молик ривояти). Бошқа ҳадиси шарифда: “Уйларингиз атрофини пок тутинглар”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Табароний ривояти).

Юқоридаги ҳадислардан маълум бўладики, атроф-муҳит поклиги қалб поклиги билан бевосита уйғундир. Уйларимиз атрофи, ариқлар, кўчалар, қабристон ва унинг атрофини ҳашар йўли билан тозалаш, бўш жойларга кўчат экишдек гўзал одат қадимдан халқимиз орасида урф бўлиб келган. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд розияллоҳу анҳуга: “Ҳатто оқиб турган дарёда бўлсанг ҳам, сувни исроф қилма!” деб қилган насиҳатлари бугунги кунда айни долзарб масала бўлиб турибди. Ота-боболаримиз ушбу ҳадисга йиллар давомида амал қилиб келишган. Биз ҳам ушбу ҳикматга, аввало ўзимиз риоя қилишимиз, қолверса, ўсиб келаётган ёш авлодга гўзал тарзда ўргатишимиз керак. Зеро, атроф-муҳитни покиза сақлаш, бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Улуғ алломалар асарларида ҳам атроф-муҳитга оид бир қатор масалалар баён этилган. Масалан, Амир Темур бўз ерларни ўзлаштирган кишилар ёки боғ қилганларни рағбатлантирган. Алишер Навоий эса табиатга хиёнатни дўстга хиёнат қилишга қиёс қилган. Унинг наздида табиат ва дўст бир маънони англатган. Мусулмон киши табиатни обод қилиш, кўкаламзорлаштириш пайида бўлади. Бу ташаббус ҳукумат даражасида илгари сурилаётгани масаланинг жиддийлигига далолатдир. Маълумки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилингандан буён, кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишда жонбозлик кўрсатиб келмоқдалар. Ҳақиқатда, бу хайрли, эзгу, савоб амални узлуксиз амалга ошириш зарур.

Динимиз ҳам бундай хайрли ташаббусга хайрихоҳ бўлиб, кўкаламзорлаштириш ишларига кенг тарғиб қилади. Ҳатто уруш пайтида ҳам дарахтларни сабабсиз кесмаслик, обод жойларни вайрон қилмасликка буюрилганимиз, атроф-муҳит муҳофазасига эътиборнинг юксак кўринишидан далолатдир. Ерга ишлов бериш ва кўчат ўтқазиш савоби улуғ амаллардан. Ислом дини деҳқончиликка алоҳида эътибор қаратганидан унинг фойдасини эгасига доимий етиб турадиган садақаи жория қаторига қўшган. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор ўлик ерни тирилтирса, яъни обод этса, унга шунда ажр бордир. Шунингдек, ундан бирор жонзот еган нарсада унга садақа (савоби) бордир”, дедилар (Имом Доримий ривояти). Бошқа бир ҳадисда: “Қайси бир мусулмон дарахт ё экин экса-ю, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, албатта, шу сабабли у учун садақа бўлур”, деганлар” (Имом Бухорий ривояти).

Кўчат экиш ҳақида гап кетаркан, унинг аҳамиятини Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифлардан билиб оламиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар Қиёмат қоим бўлса-ю, бирортангизнинг қўлида бир дона хурмо кўчати бўлса, Қиёмат қоим бўлгунча уни экишга қодир бўлса, уни экиб қўйсин”, – деганлар. Қиёмат бошланган бўлса, экин экишнинг нима фойдаси бор, деган савол туғилиши табиий. Бу саволга Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кексалик ёшида ҳам кўчат экаётган кишига қараб: “Қиёмат қоим бўлганда обод қилувчилар қаторида бўлиб ўлиш яхшироқдир”, – деган гаплари жавоб бўлади.

Бундан келиб чиқадики, шу азиз юртнинг фуқароси бўлган ҳар бир мўмин-мусулмон “Яшил макон” умуммиллий тадбири доирасида дарахт экиб, кўчат ўтқазиб, ўзи яшаб турган шаҳару қишлоғини, маҳалласини обод қилишда фаол бўлиши лозим. Бу бизга икки карра ютуқ бўлиб, аввало, юртимиз обод бўлади, шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси кўркамлашади. Шунингдек, бундай хайрли ишларимизнинг савоби садақаи жория сифатида амал дафтаримизга ёзилиб туради.

Олимжон Обиджонов
Қувасой шаҳар ислом масжиди имом-ноиби

668 марта ўқилди

Мақолалар

Top