Мақолалар

Хотира ва қадрлаш-инсоний ифтихор

9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами мустақил Ўзбекистонда асрлар давомида қаҳрамона, ватанимизни ҳимоя қилган, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва халқининг тинчлиги учун курашган ватандошлар хотирасига бағишланган. Ўтганларнинг номларини ёд этиш, хотирасини ҳурмат билан эслаш, уларнинг руҳларини шод қилиш муқаддас одат сифатида қон-қонимизга сингиб кетган.

Ўтганлар руҳини ёд этиш, тирикларга меҳр-оқибат кўрсатиш қадрият, қолаверса, ҳар бир кишининг инсонийлик бурчи саналади. Мана шу эзгу фазилатлар «Хотира ва қадрлаш» куни муносабати билан янада ёрқин намоён бўлади.

Азиз ва мукаррам инсон зотининг ёши хам, кексаси хам, аёли хам, эркаги хам бирдек қадр-қимматга эгадир. Муқаддас Ислом дини инсон кадрини шу даражада юқори кўтарганки ҳатто, унинг тириги билан ўлигининг ҳурмати бирдек қадрланади. Дунёдан утиб кетган марҳум яқинларимизни доимо яхши сифатлар билан эслаш хам инсонийлик бурчимиздир. Бу хакида муборак ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом “Дунёдан утганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” деганлар. (Термизий ривояти)

Биз утганларни махсус бир кунда, айни 9 майда хотирлашимиз рамзий маънода бўлиб, аслида ҳар доим ҳар лаҳзада уларни эслаб дуолар қиламиз, уларнинг ҳаёт йўлларини ўрганиб улардан намуналар оламиз. Шунингдек, келажак авлод бўлмиш фарзандларимизга хам утган аждодларимизнинг ҳаёти биз учун улкан намуна эканини уқтириб келамиз. Уларнинг яхшиликларини ҳамиша хар доим ёдда тутамиз. Зеро,тарихий хотирасиз келажак йўқ, деб бежизга айтилмаган. Хотира ва қадрлаш деган гаплар бир кунлик анъанага боғланиб қолмаслиги керак. Ватан, миллат, дин йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотираси бизлар учун қанчалик ардоқли ва муқаддас бўлса, кексалик ёшига етган улуғларимизнинг кадрига етиш, ҳурматларини жойига куйиш хам шунчалик муҳимдир.

Айнан ўтганларни ёдлаш асносида яна бир муҳим иш – инсонни тириклигида, кўзи очиқлигида қадрлаш, эъзозлашдир.

Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг,

Салом деган сўзнинг салмоғин оқланг.

Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан,

Уни тиригида бир соат йўқланг.

деб бежиз айтилмаган.

Бу кунларда қилинадиган хайрли ишлардан бири ёши улуғ кишиларнинг х,олидан хабар олишимиз, уларнинг қалбларига хурсандлик киритишимиздир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадиси шарифда шундай деганлар: “Кичигимизга раҳм қилмаган ва катталаримизнинг кадрига етмаган кимса биздан эмасдир”. (Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Давлатимиз доимо уруш қатнашчилари кекса ёшдаги отахонларимиз, онахонларимиз ва барча нафақахўрларга катта диққат эътибор билан ғамхўрлик қилиб келмоқда. Яратгандан барча марҳум аждодларимизни Узининг раҳматига олиб уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни қабул қилиб, орамизда ҳаёт қолганларига фаровон ҳаёт тинчлик ва офият беришини сўраб қоламиз.  Ватанини ҳимоя қилишда жонини фидо қилган, халқ орзу қилган эркинлик учун курашган миллий қаҳрамонларимизни руҳлари шод охиратлари обод бўлсин.

 

Янгийўл тумани “Имом Султон” жоме масжиди

имом хатиби Одилжон Нарзуллаев

672 марта ўқилди

Мақолалар

Top