Мақолалар

Хотира ва қадрлаш-инсоний ифтихор

9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами мустақил Ўзбекистонда асрлар давомида қаҳрамона, ватанимизни ҳимоя қилган, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва xалқининг тинчлиги учун курашган ватандошлар xотирасига бағишланган. Ўтганларнинг номларини ёд этиш, хотирасини ҳурмат билан эслаш, уларнинг руҳларини шод қилиш муқаддас одат сифатида қон-қонимизга сингиб кетган.

   Ўтганлар руҳини ёд этиш, тирикларга меҳр-оқибат кўрсатиш қадрият, қолаверса, ҳар бир кишининг инсонийлик бурчи саналади. Мана шу эзгу фазилатлар «Хотира ва қадрлаш» куни муносабати билан янада ёрқин намоён бўлади.

Азиз ва мукаррам инсон зотининг ёши хам, кексаси ҳам, аёли ҳам, эркаги хам бирдек кадр-кимматга эгадир. Мукаддас Ислом дини инсон ҳадрини шу даражада юқори кўтарганки хатто, унинг тириги билан ўлигининг ҳурмати бирдек қадрланади. Дунёдан ўтиб кетган марҳум яқинларимизни доимо яхши сифатлар билан эслаш хам инсонийлик бурчимиздир. Бу ҳақда муборак ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” деганлар. (Термизий ривояти)

Биз ўтганларни махсус бир кунда, айни 9 майда хотирлашимиз рамзий маънода бўлиб, аслида ҳар доим ҳар лахзада уларни эслаб дуолар қиламиз, уларнинг ҳаёт йўлларини ўрганиб улардан намуналар оламиз. Шунингдек, келажак авлод бўлмиш фарзандларимизга ҳам ўтган аждодларимизнинг ҳаёти биз учун улкан намуна эканини уқтириб келамиз. Уларнинг яхшиликларини ҳамиша ҳар доим ёдда тутамиз. Зеро, тарихий хотирасиз келажак йўқ, деб бежизга айтилмаган. Хотира ва қадрлаш деган гаплар бир кунлик анъанага боғланиб қолмаслиги керак. Ватан, миллат, дин йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотираси бизлар учун канчалик ардоқли ва муқаддас бўлса, кексалик ёшига етган улуғларимизнинг қадрига етиш, ҳурматларини жойига қуйиш хам шунчалик муҳимдир.

Айнан ўтганларни ёдлаш асносида яна бир муҳим иш – инсонни тириклигида, кўзи очиқлигида қадрлаш, эъзозлашдир.

Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг,

Салом деган сўзнинг салмоғин оқланг.

Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан,

Уни тиригида бир соат йўқланг,

 

деб бежиз айтилмаган.

 

Бу кунларда қилинадиган хайрли ишлардан бири ёши улуғ кишиларнинг ҳолидан хабар олишимиз, уларнинг қалбларига хурсандлик киритишимиздир.              Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муғаммад (С.А.В) ҳадиси шарифда шундай деганлар: “Кичигимизга раҳм қилмаган ва катталаримизнинг қадрига етмаган кимса биздан эмасдир”. (Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Давлатимиз доимо уруш қатнашчилари кекса ёшдаги отахонларимиз, онахонларимизга катта диққат эътибор билан ғамхўрлик қилиб келмокда. Яратгандан барча марҳум аждодларимизни Ўзининг раҳматига олиб уларнинг ҳакларига қилаётган дуоларимизни қабул қилиб, орамизда ҳаёт қолганларига фаровон ҳаёт тинчлик ва офият беришини сўраб қоламз.  Ватанини ҳимоя қилишда жонини фидо қилган, халқ орзу қилган эркинлик учун курашган миллий қахрамонларимизни руҳлари шод охиратлари обод бўлсин.

 

Одилжон Нарзуллаев

Янгийул тумани “Имом Султон” жоме масжиди Имом хатиби

302 марта ўқилди

Мақолалар

Top