Мақолалар

Исломда касб-ҳунар ва таълим-тарбияга муносабат

Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар

Фақиҳ Маждуддин Уструшанийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарида келтирилган кўпгина шаръий ҳукм ва фатволар узоқ асрлар синовидан ўтган бўлиб, у ота-она ва вояга етмаган фарзандларга ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифаларини таниш ва танитишда ажойиб дурдона асар сифатида қадрлидир. Чунки ноҳақлик ва тажовузкорликнинг ўз вақтида олди олинмаса, бошқа иллатлар урчиб кўпаяди.  Бундан дастлаб ота-онанинг ўзлари катта азият чекиб, бир умр пушаймон бўлиб, боши эгик ҳолда яшаб ўтишлари ҳаётимизда кўплаб учрайди.

Ибн Сино ёш авлод тарбиясининг илк палласида нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида қуйидагиларни айтган эди: «Ёш бола бошланғич таълим ва тилга доир қоидаларни ёд олганидан кейин у машғул бўлиши мумкин бўлган касб-ҳунар ва саноъатга мойиллигига қараб, уни шунга йўллаймиз. Агар у котибликни хоҳласа тил, хат ёзиш, нутқ сўзлаш ва одамлар билан муомала қилиш кабиларга далолат қиламиз. Албатта бу ўринда боланинг майли аҳамиятга эга».

Ҳасан Басрий (р.ҳ.) бир куни ёшлар тарбиясига эътиборни жалб қилиш мақсадида ҳамсуҳбатларига: «Эй кексалар! Экин пишиб етилганидан сўнг нима қилинади?», деб савол бердилар. «Ҳосили йиғиб олинади», дейишди. Шунда Ҳасан Басрий (р.ҳ.): «Эй йигитлар! Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасдан олдин, унга офат (касаллик) етиши мумкин», деб кишининг ўспиринлик даврини қандай ўтказиши ва унинг келажакда ким бўлиб етишишига эътиборни жалб этдилар.

Ёш авлод тарбияси ҳақида сўз борар экан, Имом Ғаззолийнинг бу хусусдаги фикр-мулоҳазалари нақадар тўғри эканини ҳаётда кўриб турибмиз: «Ёшлар тилла тақинчоқ ва турли зебу зийнат тақмасликлари лозим. Улар ўтириш, туриш, салом бериш одобларига риоя этишлари, ўзларидан катталар ҳузурида оёқларини чалиштириб ўтирмасликлари, сергап ва сўкувчи бўлмасликлари, беҳаё сўзларни айтмасликлари, хусусан, ёмон хулқли тенгдошларига аралашишдан эҳтиёт бўлишлари лозим».

Биз қуйида Маждуддин Уструшанийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарида келтирилган касб-ҳунар ва таълим тарбияга доир фатволардан намуналар келтириб ўтамиз:

Ёш болани меҳнатга жалб этиш.

Ота ёки бобо (отанинг отаси) қарамоғидаги ёш болани, шунингдек, икковининг васийлари ҳам уни ижара кўринишида бирор-бир хизматга беришлари мумкин. Меҳнатга ўргатиш ва чиниқтириш мақсадида меҳнати учун ҳақ бермасалар ҳам (меҳнати учун ҳақ бериш мақсадга мувофиқ) ушбу кишиларда боланинг меҳнатидан фойдаланиш ҳуқуқи бор.

Изоҳ: Жамиятга табиб, қурувчи, тўқувчи, муаллим, Ватан ҳимоячиси, қурол ясовчи уста, машина ҳайдовчи, новвой каби касб эгалари ҳамиша зарур. Тарихдан маълумки, қайси жамият замонавий илмлардан орқада қолган бўлса, албатта, инқирозга учраган, келгинди босқинчиларга қарам бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) шунинг учун умматга: «Фарзандларингизни сувда сузишга, отда чопишга, камондан отишга ўргатингиз», деб буюрганлар. Фахри коинотнинг ўзлари аскарларнинг машқларини кузатганлар, мусулмон фарзандларини бошқа халқлар тилини ўрганишга ундаганлар.

Динимиз инсонларни ҳалол меҳнат, касб-ҳунар билан турмуш кечиришга чақирган. Дангасалик, ишёқмаслик, бекорчилик, нопок йўллар билан тирикчилик қилиш Исломда қаттиқ қораланган. Ўтмишда момоларимиз эрларини пул топиб келишга жўнатишиб, фақат ҳалол йўл билан, меҳнат орқали пул топишни тайинлашган ва: «Биз йўқчилик ва очликка чидаймиз, аммо дўзах оташига чидай олмаймиз», деб насиҳат қилишган.

 Боланинг меҳнати учун берилган ҳаққа эгалик қилиш ва уни сарфлаш хусусида.

Ким ёш болани ижара кўринишдаги хизматга бериш ҳуқуқига эга бўлса, ушбу хизмат учун берилган ҳақга ҳам эгалик қилиши мумкин. Чунки бу шартномага оид ҳуқуқ (ижара ҳам икки томон ўртасидаги шартнома, битим) бўлгани учун, ушбу ҳуқуқ шартномани тузувчи кишига тегишли, лекин болага хизмат учун берилган ҳақни сарфлаш ҳуқуқига эга эмас (чунки бу мулк ёш болага тегишли). Ота, бобо ва шу иккисининг васийларидан бошқа ҳеч ким ёш боланинг мулкини тасарруф қилиш ҳуқуқига эга эмас. Шунингдек, ёш болага инъом этилган мулкка ўз қарамоғига олган киши эгалик қила олса-да, лекин уни сарфлаш ҳуқуқига эга эмас. Имом Муҳаммад фикрича, зарур бўлса ушбу мулкни ёш боланинг ўзи учун сарфлаши мақсадга мувофиқ, чунки уни сарфламасдан ушлаб туриш ёш бола учун зарардир.

 Ёш боланинг даражасига лойиқ бўлмаган касб бўйича ижара кўринишидаги хизматга бермаслик тўғрисида.

Ёш боланинг отаси тўқувчи бўлмаган бўлса, ёш болани қарамоғига олган киши уни тўқувчилик бўйича ижара кўринишидаги хизматга бериш ҳуқуқига эга эмас. Бу борада ёш болага эгалик ҳуқуқи муҳокамага асосланади. Ушбу касбнинг зарарли томони ёш боланинг шаъни ва ижтимоий мавқеига таъсир қилиши мумкин.

Изоҳ: Болаларга ёшлигидан бирор касб-ҳунар ўргатиш ота-онанинг муҳим вазифасидир. Улуғ шоиримиз Алишер Навоий бир достонининг қаҳрамони тилидан: «Ҳунарни асрабон неткумдир охир, Олиб туфроққаму кеткумдир охир», деб бежизга ёзмаган. Атоқли шарқ шоири Низомий Ганжавий: «Ўқиб-ўрганилган ҳар битта ҳунар ҳунармандга бир кун фойда келтирар», деб ёзганида минг бора ҳақ эди. Яна ҳикматлардан бирида: «Ҳар кимнинг зари бўлмаса-да, аммо ҳунари бўлса, дунёда ҳеч бир хавф-хатари бўлмайди. Шунинг учун киши ҳунар зийнати билан безанмоғи керак», дейилибди. Яна Алишер Навоий хазратлари: «Йўқ ҳунари ёлғиз эрса киши, қайда киши сонида ёлғиз киши», деганлар. Яъни, агар юз киши бўлса ҳам, илм-ҳунари бўлмаса, бир киши ҳисобидадир. Ёлғиз киши эса ҳеч қачон инсоният ҳисобида бўлмайди.

Ўғил болаларни ота меҳнатга ёллаши мумкин.

Ўғил болалар вояга етмасалар ҳам, меҳнат қила олиш ёшига етсалар ва ота пул топишлари учун уларни бир ишга топшириб, тушган пулдан уларга таъминот пули бериши мумкин. Шунингдек, ота бирор иш ёки хизмат бўйича уларни ёллаши ҳам мумкин.

Изоҳ: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:  «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло деди: «Мен Қиёмат куни қўйидаги уч тоифа одамнинг душманидурман: Менинг номим билан қасам ичиб ваъда бергач, ваъдасига вафо қилмаганнинг, озод одамни (қул қилиб) сотиб, пулини еганнинг ва бир одамни ёллаб ишлатиб, сўнг ҳақини бермаганнинг (душманидурман)».

Ота қизларини ёллай олмайди.

Агар қизлари бўлса, ота уларни бирор иш ёки хизмат учун ёллай олмайди. Чунки меҳнатга ёлловчида қизларни ёллаш ҳуқуқи йўқ. Бу шариатда тақиқланган.
Бир кишининг фарзандига таълим бериш ёки касб ўргатиш учун киши ёллаши хусусида.

Қози, имом Фахруддин[1] ўзининг «Фатово» асарининг ижарага оид меъёрлар бўлимининг нотўғри ижара битимлари фаслида шундай дейди: Бир киши хизматкори ёки фарзандига шеър, адабиёт, ёзув ва ҳисоб кабилардан таълим бериш ёки тикувчилик ва шунга ўхшаш касб-ҳунар ўргатиш учун киши ёллаб, бунинг учун олти ой ва шу каби муддат тайин этса, ушбу битим ҳақиқий ва шу муддат ичида бола таълим олиш-олмаслигидан қатъи назар устоз хизмати учун ҳақ тўланиши лозим.

Изоҳ: Халқимизда фарзандларни ёшлигидан бирор ҳунарга ўргатиш мақсадида устозга шогирд беришдек жуда яхши анъана бор. Бу одат бошқа халқларда учрамайди десак, муболаға бўлмас. Истиқлол шарофати билан бугун она заминимизда сертароват, жаҳон андозаларига тўла мос келадиган юзлаб касб-ҳунар коллежлари бунёд этилди. Ўсиб келаётган ёш авлод бугуннинг энг илғор техника ва технологияларини мукаммал эгаллашини таъминлаш мақсадида ушбу таълим муассасалари юқори сифатли анжомлар билан жиҳозланиб, талабаларга тақдим этилди. Бу ёшларга бўлган эътибор ва ишонч тимсолидир.

Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар: «Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи ўн беш кунлик ойдек ёруғ бўлган ҳолида йўлиқади».

Энг улуғ зотлар саналмиш пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини ҳалол пешона терлари билан топганлари, яъни касб-ҳунар билан шуғулланганлари барчамиз учун буюк ибратдир. Улар ризқ Аллоҳдан эканини билган ҳолларида ҳам ҳунарсиз ўтирмадилар. Тарихдан маълумки, Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Нуҳ (алайҳиссалом) дурадгорлик, Довуд (алайҳиссалом) темирчилик, Идрис (алайҳиссалом) эса хаттотлик билан шуғулланганлар.

Маълумки, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал ўзлаштирмоқ керак. Касбига муҳаббати бор инсон ўз меҳнатидан чарчамайди, балки роҳатланади. Касби туфайли атрофидагиларга ёрдами тегса, инсон ўзини бахтли ҳисоблайди. Шунинг баробарида Аллоҳ таоло томонидан улуғ ажру ҳасанотлар берилишига муносиб эканини ҳис қилиш билан руҳияти енгил тортади, имони қувват олади.

Салаф уламоларидан бири шундай дейди: «Кимда учта хислат бўлмаса, қилган амали унга фойда бермайди: мустаҳкам имон, холис ният ва тўғри бажарилган амал. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг: "Кимки охиратни истаса ва мўминлик ҳолида (ўз) саъйи билан ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйи (Аллоҳ наздида) манзурдир" (Исро, 19) оятида учта шарт айтилган: охират истагида бўлиш, буйруқларни бажаришда саъй-ҳаракат қилиш ва мустаҳкам имонли бўлиш».

Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган таш-вишгина каффорат бўлади», деб марҳамат қилганлар.

Дарҳақиқат, инсон ҳалол меҳнати билан улуғ савоблар ваъда қилинган даражаларга эришиши мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадисда: «Албатта, Аллоҳ таоло ҳунарманд мўминни севади», деганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида: «Ҳеч ким қўл меҳнати билан топган таомидан кўра яхшироқ нарса еган эмас. Албатта, Аллоҳ таолонинг пайғамбари Довуд (алайҳиссалом) ҳам қўл меҳнати орқали кун кўрганлар», деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

[1] Фахруддин – Ҳасан ибн Манcур ибн Абул Қосим Маҳмуд ибн Абдулазиз ал-Узжандий ал-Фарғоний. Қозихон Фахруддин номи билан машҳур. (Кашф аз-зунун. – Б. 1. – Б. 36-37).

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

8060 марта ўқилди

Мақолалар

Top