Мақолалар

Болалар ўртасида адолат қилинг

Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Фарзандларингиз ўртасида адолат қилинглар». Имом Муслим ривоят қилдилар. Башир розияллоҳу анҳунинг аёллари: «Менинг боламга хизматкор совға қилинг ва бу нарсага Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни гувоҳ қилинг», – деди. Башир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келдилар-да: – Фалончининг қизи (аёлларини айтаяптилар – тарж.) ўзининг ўғлига хизматкор туҳфа этишимни сўраяпти… – дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): – Унинг ака-укалари борми?, – деб сўрадилар. Башир дедилар: – Ҳа. – Уларнинг ҳаммаларига ҳам бунга қилганингдек туҳфа қилганмисан? – деб сўрадилар Расулуллоҳ. – Йўқ. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): – Бундай қилиш ярамайди, мен фақатгина ҳақ нарсага гувоҳлик қиламан, – дедилар. Имом Аҳмад ривоятларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Мени жаврга гувоҳ қилма, албатта, болаларингнинг сендаги ҳаққи улар орасида адолат қилишингдир», – дедилар.

Шунингдек, муқаддас динимизда қиз фарзандларга алоҳида эътибор беришлиги ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар: «Кимнинг бир қиз фарзанди бўлиб, унга яхши таълим, гўзал тарбия ҳамда Аллоҳ таоло унга ато этган неъматларидан қизига ҳам сарфласа, Қиёмат куни шу қизи унинг учун дўзахдан тўсувчи парда бўлади»  (Табароний ривояти).

Байҳақий ривоят қилдилар: Анас розияллоҳу анҳу дедилар: Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга ўтирган эди, унинг ўғилчаси келиб қолди ва у ўғлини ўпди-да, бағрига олиб ўтқазди. Кейин унинг қизчаси келди, у қизчасини олди-да, ёнига ўтқазди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сен улар ўртасида адолат қилмадинг», – дедилар. Салафлар болаларини ўпишда ҳам улар ўртасида адолат қилишни яхши кўришарди.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

5361 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Салом – ҳурмат белгиси Намознинг ҳикматлари »

Мақолалар

Top