Мақолалар

Болани салом беришга ўргатинг!

Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар

Ислом дини таълимотлари ҳазрат Инсон зоти одоб-ахлоқли, тартиб-интизомли бўлишига чорлайди. Кишилар ўртасида бир-бирларига салом бериш, хол-аҳвол сўраш каби одоблар ҳам мана шундай макоримул-ахлоқ доирасига киради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло таълим бериб марҳамат қилади: «Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни “Ассалому алайкум” денг!)” (Нур, 61).

Мана бу ояти карималардан кўриниб турибдики, салом беришлик яхши амал бўлиши билан биргаликда, бу сизу биз учун фойдали ҳамдир.

Килда ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, салом бермасдан киргандим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ортинга қайтиб: «Ассалому алайкум, кирсам мумкинми?» деб, сўрагин», - дедилар (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Ҳар бир нарсанинг одоби бўлгани каби, албатта, салом беришликнинг ҳам ўзига яраша одоблари бордир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз...» (Нисо, 86), - деб буюради.

Cалом берувчи “Ассалому алайкум” деса, “Ва алайкумус-салому ва раҳматуллоҳ”, - деб алик олинади. Пиёдага уловдаги одам, кўпчиликка озчилик, ўтирган ёки ўрнида турганга юрган кишилар салом бериши кабиларга риоя этиш тавсия этилади. Лекин кичикдан олдин катта ёшдаги одам камтарлик учун салом берса, бу фазилатдир. Салом беришлик суннат, алик олишлик эса, фарз.

Уламои киромлар сўзига кўра салом бериш суннатга мувофиқ савобли амаллардан бўлиб ҳисобланади ва унга жавоб қилиш фарз бўлади, саломга алик қайтарилмаса, тарки фарз қилинган бўлиб, гуноҳкор бўлади.

Бир неча ўрин ва ҳолатларда салом бериш ва алик қайтариш жоиз бўлмайди:

1.Салом берилган киши ҳожатхонада ёки ташқарида таҳорат олаётган бўлса, унга салом бериш ҳам ва саломга алик қайтариш ҳам макруҳ;

2.Шу каби салом берилган киши намоз ўқиётган ёки азон айтаётган бўлса, унга ҳам салом бериш жоиз эмас. Намоз ўқиётган киши саломга жавоб қайтарса, намози бузилади;

3.Уйқуда ёки мудроқда бўлган кишига ҳам салом берилмайди;

4.Салом берилган киши таом танавул қилаётган бўлса ҳам унга салом берилмайди. Агар оғзида луқма бўлмаса, салом бериш мумкин ва саломга жавоб қилиш фарз бўлади;

5.Қуръони карим тиловат қилаётган кишига ҳам салом бериш жоиз эмас, агар салом берилса, унга жавоб қилиб, сўнгра Қуръонни ўқишда давом қилади. Дуо қилаётган ва эҳромда талбия “Лаббайкаллоҳумма”ни айтаётган кишига ҳам салом бериш ножоиздир.

Салом бериш одоблардан яна бири, инсон ҳеч ким бўлмаган хона ёки уйга кирса ҳам “Ассалому алайкум ва раҳматулллоҳи ва барокатуҳу” деб салом бериб кириши мақсадга мувофиқдир. Бу ҳақда Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Анас розияллоҳу анҳуга айтган ҳадисларида марҳамат қилиб айтганлар: «Эй ўғилчам! Аҳли-аёлинг ҳузурига кирадиган бўлсанг, салом бергил! Саломинг шарофати билан сенга ва оила аъзаларинга Алллоҳнинг баракоти нозил бўлади» (Термизий ривояти).

Бинобарин, саломлашишнинг бу қадар аҳамиятли эканини назарда тутган ҳолда келажак меваси саналган фарзандларга болалик чоғларидан бошлаб салом-алик одобларини ўргатиб боришимиз даркор.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

 

5647 марта ўқилди

Мақолалар

Top