Мақолалар

“Айнан ўшаларга хавфсизлик бордир”

Миллатимизни тийнати пок авлодлар билан сийлаган Аллоҳ таолога зоти сифатига мос ҳамду саноларимиз,

Ёшлар тарбиясида умматларига энг тўғри йўлни кўрсатиб берган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз,

У зотнинг асҳоби киромларига, бизга таълим ва тарбия берган устозларимизга дуои саломларимиз бўлсин.

Мулоҳазали, кенгфеъл, бир-бирига кўмакдош, хайрихоҳ бўлиб ҳаёт кечириб келган шарафли аждодлар авлодимиз. Боболаримиз ёрдамга муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзиб, боқувчиси йўқ хонадонлар сувини ташиб, ўтинини ёриб, рўзғоридан орттирганини муҳтожларга тарқатиб, ана шундан завқланиб яшаган. Момоларимиз бошига мушкуллик тушган оилаларнинг сигирларини соғиб, кирларини ювиб, нонларини ёпиб келганларига ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлганмиз. Уларнинг ана шундай ажойиб фазилатли одатлари бугунги кунда ҳам муносиб тарзда давом этаётирки, бундай савобли ишларга Давлатимиз раҳбарининг ўзи бош бўлиб тургани барчамизга ибрат бўлмоқда. Бинобарин, Аллоҳ таоло: “Имoн кeлтиргaн вa имoнлaрини зулм (ширк) билaн қoриштирмaгaнлaр – aйнaн ўшaлaргa xaвфсизлик (бoрдир) вa улaр тўғри йўл тoпгaнлaрдир” (Анъом, 82), деб марҳамат қилган.

Миллатимизнинг ўзига хос фазилатларидан яна бири бу – ёшларга яхши тарбия бериш, нотинч оилаларни яраштириш, ножўя ишларга мойил кимсалар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва шунга ўхшаш масалалардаги ҳамжиҳатлигидир.

Президентимиз раислигида 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселекторда кенг таҳлил қилинган масалалар сирасида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масаласи ҳам жиддий муҳокама қилинди.

Юртбошимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида: “Экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда.

Бугунги дунё ёшлари – сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиард кишини ташкил этмоқда.

Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ.

Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси "вируси" тарқалишининг олдини олишдир.

Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Шу муносабат билан Ўзбекистон глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этади”, деганининг ҳикмати шунда эдики, ёшлар тарбияси бугунги кунга келиб ҳар қачонгидан ҳам жиддий аҳамият касб этмоқда. Негаки, ёшлар ҳар доим жамиятни ҳаракатга келтирувчи куч бўлиб келган. Ана шу жўшқинликдан фойдаланишни истаган ғаразли кучлар ёшларни ўзларининг таъсирига олишга уринмоқда, Шу жиҳатларни ҳисобга олсак, дунё ёшлари ҳар тарафдан қуршовда қолган деб айтсак, асло муболаға бўлмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлар ҳамма замонда ҳам бузғунчи кучларнинг хатаридан холи бўлмаслигини башорат қилиб: “Фарзандларингизни ҳурмат қилинглар ва уларнинг одобини гўзал қилинглар” (Ибн Можа ривоят қилган), дея биз умматларига келажак умматларини муҳофаза қилишни уқтирганлар.

Ёшларнинг онгига таъсир кўрсатиб уларни ўзларига оғдириб олишнинг усуллари шу қадар кўпайиб, пухталашиб кетдики, бундай усулларни одамлар жуда кўп йиллар пайқамаслиги мумкин. Улар санъат асарлари – қўшиқ, кино, мультфильм, видеороликлар, компьютер ўйинлари, бадиий адабиётлар, ҳатто болалар адабиёти қатига катта маҳорат билан сингдириб борилади.

Бир қарашда беозордеккина кўринган бадиий фильм, мультфильмларнинг замирида бузғунчи ғоялар яширинган бўлиши мумкинлигидан ўтган асрнинг сўнгги йилларида марҳум Биринчи Президентимиз огоҳлантирган эди. Шундан кейин ҳам “Маша ва Маймоқвой”, “Соҳибжамол ва Махлуқ” каби мульфильмларни қарийб йигирма йил болаларимиз томоша қилди ва улғайиб йигит-қизга айланди. Ана шу мультфильмларнинг ҳақиқатан бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатишини Сингапурда кўриш тақиқлангандан сўнггина фаҳмладик.

Ижтимоий тармоқлар ҳам ғаразли кучларга ёшларнинг онгига чанг солишга ғоят ўнғай восита вазифасини ўтамоқда.

Одатда, кишилик жамиятида зарарли бир иллат тарқалса, уни бартараф этиш чораси қидирилади. Айтайлик, нега Уммон орти давлатида ўқув юртларида отишмалар бўляпти; нега бизнинг давлатимизда ўқувчилар муштлашуви пичоқлашувга айланиб боряпти... Буларнинг бари бир манбадан озиқланмаётганмикан?..

Муҳтарам Президентимиз БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этганда ана шуларни назарда тутган бўлса, не тонг!

Ёшларга яхши тарбия бериш тўғрисида дунё бўйича шу кунгача қанча таълимотлар яратилган? Қанча китоблар ёзилган? Қанча бадиий фильмлар, анимацион фильмлар яратилган?

Бунинг ҳисобини ҳеч ким билмайди. Лекин бошқа нарсани биламиз – “ютуб”даги кўнгилочар, мутойиба, шармсиз роликларнинг ҳаммасини томоша қилиб чиқишга 1000 йил етмас экан. Мабодо Аллоҳ таоло бир одамга 1000 йил умр берса-ю, у ўша роликларнинг ҳаммасини томоша қилиб чиқмоқчи бўлса, ўша 1000 йилда яна бир неча миллион йилда ҳам кўриб тугатиб бўлмайдиган роликлар қўшилиб кетади...

Ҳозир дунёда бузғунчи кучлар деганда муқаддас Ислом динини ниқоб қилиб олган ИШИДчилар, сохта салафийлар, ҳизбчилар, гуланчилар ва шу каби реакцион оқимларга урғу бериляпти. Улардан ташқари, насронийликни, яҳудийликни, борингки, буддавийликни, конфуцийликни ва бошқа дину таълимотларни ниқоб қилиб олган ўта хатарли секталар қанча. Улар жамики хатарлари билан ҳали кўпчиликнинг эътиборидан четда қолиб келяпти.

Шунингдек, баъзилар муҳтожликдан диний оқимларга кириб кетяпти деган қараш ҳам баҳслироқ. Одам пул учун, мол давлат учун жонидан кечмайди, Одам ғоя учун жонидан кечади. Ўзини портлатаётган одамга молу дунёнинг сира ҳам кераги йўқ. Чунки молу дунё бу оламнинг мулки. У бечоранинг онгига шу йўл билан ўлса шаҳид бўлиши, жаннати аълога тушиш, абадий роҳат-фароғатда бўлиши сингдирилган. У ана шунинг ҳаракатида. Агар унга бу ишни қилса, қиёматда ҳам шу азобда давом этиши тушунтирилса, у бу ишни асло қилмайди. Имом-хатибларимиз қанчадан-қанча одамларни шундай адашишлардан қайтариб олмадими!

Мана яна бир парадокс: бир юз саксон миллиондан зиёд аҳолиси мусулмон бўлган Ҳиндистон давлати мусулмонларининг аксари масжидга оёқяланг келади, чунки оёқ кийими йўқ, ётадиган-турадиган жойи йўқ, ейишга нони йўқ. Лекин Суриядаги жангарилар орасида аҳолиси ўн миллионга ҳам етмайдиган Тожикистон ёки Қирғизистон фуқаролари бор. Ҳатто аҳолиси бир ярим миллионга етмайдиган чеченларнинг вакиллари ҳам жангарилар сафида довдираб юрибди. Лекин ҳиндларнинг борлиги ҳақида эшитмадик. Бўлса ҳам бошқа давлатлардагидан хийла кам чиқади.

Шуниси аёнки, қуролли тўқнашувларнинг бошида турган кўринмас кучларнинг мақсади бойлик ва ҳукмдорликни қўлга киритиш бўлса-да, жангари-қурбонлар ана ўша кучларнинг пуч ғояларига алданган содда одамлар, яна ҳам аниқроғи, манқуртга айлантирилган ночор кимсалардир.

Юртдошларимизни, хусусан, ёшларимизни ана шундай хуружлардан ҳимоя қилиш борасида юртимизда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида умумий жиноятлар сони ўтган йилдагидан 14 фоизга камайди. Аммо фирибгарлик камаймаяпти ва аёллар жиноятчилиги барҳам топмаяпти. Ҳатто маиший жанжаллар қотилликка айланиб боряпти. Бундай кўнгилсизликларнинг олдини олишнинг самарали йўлини ҳам Президентимиз кўрсатиб берди. Бунинг учун ҳар бир фуқаро ўз онгига “Менинг маҳалламда жиноят содир этилмаслиги керак”, деган туйғуни жойлаб олмоғи керак. Маҳалласида бегона киши пайдо бўлса, кимлигини сўрасин; яхши ният билан келган меҳмон бўлса, ҳурматини жойига қўйсин; аксинча бўлса, бошқа чорасини кўрсин. Бақир-чақирни эшитса, сабабини суриштирсин... Айниқса, бу борада зиёлиларимиз, хусусан, имом-хатибларимиз янада фаол бўлиш зарур бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло: “Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф – наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир” (Оли Имрон, 104 оят), дея илм аҳлларининг бу борадаги вазифасини тайин қилиб қўйган.

Энг муҳими, ёшларимизнинг жисми ёнимизда ўтириб, ўй-хаёли ўзга жойларда бўлмасин. Бунинг учун эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек, ёшларни ҳурмат қилайлик – жеркишлар, дўқ-пўписалар, беписандликлар билан ўзимиздан бездирмайлик; фикрларини тинглайлик, эътирозлари бўлса сабабини суриштириб, улар ҳақ чиқса мардларча ён берайлик. Улар билан самимий муомалада бўлсак, ўзларини ўйлантираётган, ечимини топа олмаётган масалаларни тортинмасдан биздан сўрайди, ўша саволига жавоб қидириб интернет тармоқларига ўзини уриб кетмайди, керак бўлса, ўзига яқин олгани боис билиб-билмай фойдали маслаҳатлар ҳам беради. Ана шунда ўртага ғов бўлиб тушган бегоналик пардаси кўтарилади: ота-болалик, устоз-шогирдлик муносабатлари янги ўзанга тушади.

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли,

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби

 

5313 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Барча ибодатлар асоси – таҳорат Уструшана »

Мақолалар

Top