Мақолалар

Иёс ибн Муовия Музаний

Иёс ибн Муовия ибн Қурра Музаний ҳижратнинг 46-санасида Нажд диёрининг Ямома деган жойида таваллуд топди. Кейинчалик оиласи билан Басрага кўчиб кетди. Ёш Иёс ўша ерда ўсиб-улғайди ва таълим олди. Балоғат ёшига етганида Дамашққа бориб, у ерда саҳобийлар ва улуғ тобеийнлардан илм олди. Иёснинг ёшлик чоғидаёқ ноёб қобилияти ҳамда ақл-заковати аломатлари зоҳир бўла бошлади, одамлар у ҳақдаги ҳайратомуз хабарларни гапириб юришар эди.

Иёс Музаний илмга қаттиқ берилди. Илмда шундай бир даражада эдики, ёшлигига қарамай, ёши улуғ кексалар унга дин ишларида бўйсунар, уни ўзларига имом этиб, унга шогирдликка тушарди.

Бир йили одамлар Рамазон ҳилолини кўриш учун йиғилишди. Уларга улуғ саҳобий Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) бошчилик қилди. Ўшанда бу саҳобийнинг ёши юзга яқинлашиб қолган эди. Одамлар ойни кўриш учун самога тикилиб қарар эдилар. Осмон гумбазининг ҳар тарафини кўздан кечириб чиқдилар, аммо ҳеч нима кўринмади. Лекин бир пайт Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) осмондаги бир нуқтага кўз тикиб: “Мен ойни кўрдим”, дея у ерга ишора қила бошлади. Одамлар у киши кўрсатган тарафга ҳарчанд тикилмасин, ҳеч нима кўрмади. Иёс ибн Муовия нега бундай бўляпти дегандек Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)га разм солди. Қараса, саҳобанинг бир сочи қошларидан кўзларининг устига эгилиб, тушиб турган экан. Иёс Саҳобийдан одоб билан изн сўраб, қўлларини аста чўзиб, бояги соч толасини суриб қўйди. Кейин: “Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобаси, ҳали ҳам ойни кўряпсизми?” деб сўради. Шунда Анас (розияллоҳу анҳу): “Йўқ, энди кўрмаяпман, энди кўрмаяпман”, деб жавоб берди.

Иёс ибн Муовия заковатининг таърифи кундан-кунга жуда кенг тарқаларди. Одамлар ҳар тарафдан унинг олдига келар, унга илмда ва диний масалаларда дуч келган муаммоларини айтишар эди. Уларнинг баъзилари маърифат истаб келса, афсуски айримлари бўлмағур нарсаларни талашиб, Иёсни ожиз қолдириш умидида келар эдилар. Ҳикоя қилинадики: Бир қавмнинг пешвоси Иёс ибн Муовиянинг олдига келди. У кишидан:

– Эй Воиланинг отаси, маст қилувчи ичимликнинг ҳукми нима? – дея сўради.

– Ҳаром, – деб жавоб берди.

Шунда бояги киши яна сўради:

– Унинг ҳаром бўлиш сабаби нима? Ахир у мева ва сувнинг қайнатилишидан ҳосил бўладиган нарса-ку. Бу нарсалар эса мубоҳ бўлса?

Шунда Иёс сўз бошлади:

– Агар кафтимга сув олиб, уни сенга сепсам, оғрийдими?

– Йўқ.

– Агар бир ҳовуч турпоқ олиб, уни ҳам сепсам-чи?

– Йўқ.

– Агар бир сиқим сомон билан сени урсам, оғриқ сезасанми?

– Йўқ.

– Энди агар тупроқни олсам, сўнг унга сомон қўшсам, сув билан яхшилаб аралаштириб, тайёр бўлган гувалани қуёшда қотириб, ўша ғишт билан сени урсам, оғрийдими?

– Ия, оғриш тугул, ўлдириб қўясан-ку!

– Бас, хамр  ҳам шундай. Унинг таркибидаги нарсалар йиғилиб, хамр ҳосил қилинса, ҳаромга айланади.

Иёс ибн Муовия қози этиб тайинлангач, ҳақиқатни аниқлаш борасидаги ноёб қобилияти, ақлли тадбирлари, кучли ақл-заковатини тасдиқловчи кўплаб ҳодисалар бўлиб ўтди. Бир куни икки киши тортишиб қолиб, қозининг ҳузурига келди. Уларнинг бири шеригига молини сақлаб туриш учун топширгани, молини талаб қилган пайтида эса шериги ундан мол олганини рад этиб, бермаётганини даъво қиларди. Иёс айбланаётган кишидан бу ҳақда сўраганида, у рад этди ва: “Агар бу кишининг далили бўлса, марҳамат келтирсин! Ёки мен қасам ичишим ҳам мумкин”, деди.

Бу кишининг ёлғон онт ичиш билан бировнинг молини еб кетишидан қўрққан Иёс даъвогардан айнан қаерда пулини топширганини сўради. Даъвогар: “Фалон ерда”, деб қаерда топширганини аниқ айтиб берди. Иёс ибн Муовия яна сўради:

– Ўша ерда нима бор эди?

– Катта бир дарахт бор эди. Унинг соясида ўтириб бирга овқатландик. Кетишдан аввал унга пулни бердим.

– Ундай бўлса ўша дарахт олдига бор! Шоядки, етиб боргач пулни қаерга қўйганингни ва уни нима қилганингни эслатса. Кейин қайтиб келиб, менга кўрганларингни айтиб берасан!

Даъвогар ўша жойга кетди. Иёс эса қолган кишига даъвогар келгунича шу ерда ўтириб туришини буюрди. Кейин эса олдидаги даъволашиб келган бошқа одамларга юзланди. Ўша кишилар ўртасида ҳукм қилишга киришди. Аммо шу орада кўз қири билан қозихонада қолган кишига билдирмайгина қараб қўяр эди. Бир гал қараса, бояги одам тинчланган ва анча хотиржам бўлиб қолибди. Шунда унга дабдурустдан: “Нима деб ўйлайсан, дўстинг ўша жойга етиб бордимикан?” деди. Ҳалиги киши ҳеч иккиланмай: “Йўғ-е, у ер анча узоқда. Ҳали етиб бормаган”, деб қўйди. Шунда Иёс унга деди: “Эй Аллоҳнинг душмани, пулни олган ерингни биласан-у, аммо пулни олганингни рад этасанми? Аллоҳга қасамки, сен ёлғончисан!” Бояги киши эсанкираб қолди. Нима деб қўйганини энди-энди тушунаётган эди. Хиёнатига иқрор бўлишдан ўзга чораси қолмади. Иёс даъвогар келгунича ҳисоб-китобни қилиб қўйди ва дўсти келгач пулни қайтаришни буюрди.

Иёс ибн Муовия Музаний етмиш олти ёшга етганда, тушида ўзи ва отаси икки отга миниб, тенгма-тенг югуриб кетаётганини кўрди. На ўзи олдинлаб кетар, на отаси ўзиб кетар эди. Муовиянинг отаси етмиш олти ёшда вафот этган эди.

Ўша оқшом ўрнига ётаётган Иёс фарзандларидан: “Бу кеча қандай кеча эканини биласизми?” деб сўради. “Йўқ, билмаймиз”, дейишди улар. “Ушбу кечада отамнинг ҳаёти ниҳоясига етган эди”, деди Иёс. Тонг отганда у киши ҳам вафот этди.

Ақлу заковат пешвоси сифатида танилган қози Иёс ибн Муовияни Аллоҳ ўз раҳматига олсин. Зеро, у зот фаросату заковатда ҳамда ҳақиқатни излаб топишда ўз даврининг забардаст олимларидан эди. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин.

   Илёсхон АҲМЕДОВ

 Халқаро алоқалар бўлими ходими

 

 

4761 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Уструшана Илм мажлисининг фазли »

Мақолалар

Top