Мақолалар

Эй, муборак сафарга отлаган диндошим!

1) Мусофир ўз аҳли аёлига моддий ва маънавий нарсаларни қолдириб чиқар экан, қолдирган нарсаларининг ичида энг афзали, Аллоҳнинг раҳматига, баракотига сабаб бўлгувчиси икки ракат нафл намоздир.

عن المطعم بن مقدام قال قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ مَا خَلَّفَ عَبْدٌ عَلَى أَهْلِهِ أَفْضَلَ مِنْ رَكْعَتَيْنِ يَرْكَعُهُمَا عِنْدَهُمْ حِيْنَ يُرِيدُ السَّفَرَ.

Мутъим ибн Миқдом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сафарга чиқувчи одам хонадон аҳлига сафар олдидан ўқиладиган икки ракъат намоздан афзалроқ нарса қолдирмабди» (Канз ул-Уммол).

 2) Сафарга чиқувчи киши доим зикр билан машғул бўлиш учун ўзи билан 100 талик тасбеҳ олиши керак. Чунки Расуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Албатта, бошқа жойларга нисбатан Масжидул ҳарамда ўқилган намозлар 100 000 (юз минг) ва Масжидун набавийда ўқилганлари 1000 (минг) намознинг савобига тенг бўлади». Бу дегани 100 000 (юз минг)та ёки 1000 (минг)та қазо намознинг ўрнига битта намоз кифоя қилади дегани эмас. Балки битта намоз битта намоз ўрнига ўтади, лекин савоби минглаб марта кўп бўлади.

Бу мавзуда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

صلاة في مسجدي هذا خير من ألف صلاة فيما سواه إلا المسجد الحرام (متفق عليه عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Мана бу масжидимда ўқилган намоз бошқа жойларда ўқилган мингта намоздан яхшироқдир. Фақат Масжидул ҳарамда ундай эмас” (Муттафақун алайҳ).

Бу ҳадисни Аллома Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ шундай шарҳлаганлар:

(خير) أي من جهة الثواب لا من جهة الإجزاء فالتضعيف يرجع إلى الثواب ولا يتعدى إلى الإجزاء بإتفاق العلماء كما نقله النووي وغيره ، فلو كان عليه صلاتان فصلى في أحد المسجدين صلاة لم تجزه إلا عن واحدة

яъни: “Масжидун набавийда ўқилган битта намоз бошқа жойларда ўқилган 1000 (минг)та намоздан савоб жиҳатидан яхшироқдир, ўрнига ўтиш жиҳатидан эмас. Уламоларнинг иттифоқи билан 1000 (минг) баробар устун бўлиш, ўрнига ўтишга эмас, балки савобга тегишли бўлади. Буни Имом Нававий ва бошқа уламолар ҳам нақл қилишган. Агар бир кишининг зиммасида иккита ўқилмаган намоз бўлса ва икки ҳарамдан бирида битта намоз ўқиса, фақат биттасининг ўрнидан ўтади” (“Мирқотул мафатиҳ” китоби).
Бошқа ҳадиси шарифда шундай дейилади:

الصلاة في المسجد الحرام بمائة ألف صلاة والصلاة في مسجدي بألف صلاة والصلاة في بيت المقدس بخمسمائة صلاة (رواه الامام الطبراني عن أبي الدرداء رضي الله عنه)

яъни: “Масжидул ҳарамдаги намоз юз минг намозга, Менинг масжидимдаги намоз минг намозга, Байтул мақдисдаги намоз беш юз намозга тенг келади” (Имом Табароний ривоятлари).

Бу масжидларнинг фазилат маълум ва машҳур: Масжидул ҳарам энг биринчи ибодат учун қурилган масжид, Масжидун-набавий севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам қурдирган ва доим ўша ерда турган масжидлари, Байтул мақдис ҳам қадимдан кўплаб пайғамбарлар намоз ўқиган, Пайғамбаримиз ўша ердан меърожга кўтарилган масжиддир.

Демак, муборак масжидларда ўқилган битта қазо намози биттага ўтса ҳам, ҳеч тушкунликка тушмаслик керак. Зеро у муборак жойларда ажру савобларнинг минглаб марта кўпайтириб берилиши ҳақида саҳиҳ хабарлар кўп. Аллоҳ таолонинг марҳамати билан юқорида зикр қилинган учта муборак масжидларга ҳаж, умра ёки зиёратга борган мўмин-мусулмонлар у масжидларда турли ибодатларни кўпайтиришга ҳаракат қилиши керак. Албатта, Аллоҳ ва Расули рост сўзлайди, ваъдасига хилоф қилмайди, ихлос билан амал қилсак, ваъда қилинган улуғ ажрлар шубҳасиз берилади. Валлоҳу аълам.

3) Мисвокнинг маънавий фойдалари ҳам жуда кўп.
Жумладан, у шайтонни ҳайдайди, мисвок ишлатувчидан шайтон қочиб кетади. Мисвок яхшиликлар савобини оширади. Агар таҳорат олишда мисвок ишлатилса намознинг савобининг ортишига сабаб бўлади. Мисвок ўлим олдидан шаҳодат калимасини эслатувчидир. Мисвокнинг энг муҳим афзалликларидан бири бу – Аллоҳ таолонинг розилигини топишга сабаб бўлишидир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчидир", деганлар. Бошқа ривоятда "шайтонни ғазаблантиради" дейилади.

Қаранг азизлар, тишимизни тозалайдиган бу таёқча орқали Аллоҳ таолонинг розилигини топишимиз мумкинлиги нақадар ажойиб.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим", деганлар (Имом Насоий ривояти).

4) Парвардигорнинг бундай ваъдаси бор: яъни, “Ким бир яхшилик қилса, унга ўша яхшилиги ўн баробар қилиб қайтарилади” (Анъом сураси, 160-оят).
Қуръони каримда яхшилик-эҳсон қилувчиларнинг сифатлари батафсил баён этилган. Улар кечалари туриб намоз ўқувчилар, тун охирида Парвардигорларидан мағфират сўровчилар, мол-мулкларидан муҳтож ва фақирларга насиба ажратувчи кишилардир. Имкони бор кишилар муборак заминда қийналган кишиларга эҳсон қилишса юқорида зикр қилганимиздек 1 риёл эҳсонлари Мадинаи мунавварада 1000 риёлни, Маккаи мукаррамада 100 риёлни савоби берилади

5) Сафар давомида зиёратчи ўзига сабрли бўлишни мақсад қилиб олишлиги. Кишилар билан муомалотда, аэропортда руйҳатдан ўтишда, афтобусга чиқиб тушишда, зиёратгоҳларда зиёратчига хос одобда бўлишлиги лозим бўлади.

6) Зиёратчи бомдод намозидан сўнг шошилмай кун чиққач ишроқ намозини ўқиши.
Чунки Муоз ибн Анас Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинади», дедилар». (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

Термизийнинг лафзида: «Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ», дейилган.

7) Имкон даражасида зикрларни кўпайтириши

Замонамиз олимларидан Шайх Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: "Аллоҳга қасамки, мен ҳар куни бомдод намозидан сўнг "Астағфируллоҳ" ни юз бора, "Ла илаҳа иллаллоҳ" ни юз бора, "Аллоҳумма солли алаа Муҳаммадин ва алаа олиҳи ва соҳбиҳи васаллим" ни юз бора, "Субҳаналлоҳи валҳамдулиллоҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар" ни юз бора, "Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи субҳаналлоҳил азийм" ни юз бора, "Ла ҳавла валаа қуввата иллаа биллаҳ" ни юз бора, "Ҳасбияллоҳу ва ниъмал вакил" ҳам юз бора зикр этаман.

Бу зикрларга бир соатнинг учдан бири, яъни,  йигирма дақиқача вақт кетади.

Бас, эй сен,  ўзингга доимо  Аллоҳни зикр этишни лозим тутгин. Шунда Аллоҳ таоло сенга мададларини ато этади".

8) Қуръони карим тиловати. Бўш вақт бўлиши билан Қуръони каримни тиловат қилишни мақсад қилиш

9) Макруҳ вақтларда бомдоддан кейин пешиндан олдин ва аср билан шом намози ўртасидаги вақтларда нафл намоз ўқимаслик.

Қуйидаги вақтларда намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш, жаноза намози ўқиш жоиз эмас (мумкин эмас):

– кун чиқаётган пайтда;

– кун қиём (тикка)га келганида;

– кун ботиш чоғида;

Бу пайтларда намоз ўқиш, Қуръони Каримдан сажда ояти ўқилганда сажда қилиш, жаноза намозини шу вақтга тўғрилаб ўқиш мумкин эмас. Аммо шу кунги аср намози кун ботаётган бўлса ҳам адо этилаверади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менга энг рози бўлинган кишилар гувоҳлик бердилар. Уларнинг ичида энг рози бўлингани Умардир. «Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунча ва асрдан кейин (қуёш) ботгунча намоз ўқишдан қайтарганлар», деди» Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

10) Мадинаи мунавварада овозни баланд қилмаслик хатто оёқ киймини ҳам ерга оҳиста қўйиб кийиш лозим. 

11) Бақиъ қабристони ҳақида маълумотга эга бўлиш. 

Бақиъ қабристони шарафли жой ҳисобланиб, у дунёдаги қабристонларнинг энг афзалидир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким Мадинада вафот эта олса, шундай қилсин. Чунки мен бу ерда вафот этган кишини шафоат қиламан”, дедилар” (Термизий ривояти).

12) Қубо масжиди фазилати

Қубо масжидида ўқилган нафл намоз умранинг савобига тенглаштирилган.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким уйида яхшилаб таҳорат олиб, сўнгра Қубо масжидига келса ва у ерда намоз ўқиса, унга умранинг савобидек савоб бўлади”. Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоят қилишган.

13) Масжидда ўқиладиган жаноза намозларини ўқиш.  Зиёратчи Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамадаги жаноза намозларини ҳам ўқишлиги ва икки томонга салом бериб тугатишлигини эсдан чиқармаслиги керак. Жанозага қатнашган киши бир қийрот савобга эга бўлади, бир қийрот Уҳуд тоғи баробарича дейилган. Энди тасаввур қилиб кўрайликчи жанозага қатнашмай қанча савобдан қуруқ қоляпмиз?

14) Зиёратчи ояларимиз ўзларини тутишлари, либосларига эътибор бериб шаънларига доғ туширмасликлари.

15) Зиёратчилар Мино водийси, Муздалифа ва Арафот майдонларида гуруҳ раҳбарига итоатда бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни муборак масканларга бориб, Ҳаж ва Умра ибодатларини қилишлик бахтини насиб қилсун.

Манбалар асосида тайёрланди:
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби

980 марта ўқилди

Мақолалар

Top