Мақолалар

Гиёҳванд моддалар ҳам стратегик қуролдир

Гиёҳвандлик – наркотик моддаларга ўрганиб қолиш, аниқроғи, табиий ёки заҳарли синтетик моддаларни (айрим дори моддалари) вақтинча ёки сурункасига истеъмол қилиш натижасида келиб чиқадиган касаллик. Гиёҳвандлик танада ва руҳиятда жиддий ўзгариш юз беришига сабаб бўлади ва гиёҳвандни таназзулга олиб боради. Бу эса ўз навбатида, нафақат гиёҳвандга, балки бутун жамиятга кўплаб зарар етказади.

Гиёҳвандликка, одатда, иродаси кучсиз, ўзини тия олмайдиган, ўткир сезгиларни ўзида синаб кўришга қизиқувчан, руҳан заиф ва ўта худбин кишилар берилувчан бўлади. Ёшлар тарбиясидаги нуқсон ва камчиликлар, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиб юрувчи катта ёшдагиларга тақлид ва ҳавас, оиладаги нохуш шароит (ота-онанинг ичкиликбозлик ёки гиёҳванд бўлиши) ҳамда гиёҳванд моддаларнинг осон топилиши ёки қўл остида бўлиши ҳам гиёҳвандликка сабаб бўлади.

Гиёҳ­вандликнинг жамиятга зарарлари беҳад кўпдир. Унга мубтало бўлган кимсада аввало ўзига, сўнг оиласи, касби ёки ўқишига нисбатан қизиқиш қолмайди. Айниқса, ишлаб чиқариш ва тараққиётнинг асосий кучи бўлмиш ёш авлоднинг гиёҳвандликнинг бирин­чи навбатдаги қуpбони бўлиши жуда ҳам ачи­нарли ҳолдир.

Бу оғунинг салбий оқибатлари фақат шахс ёки жамиятга эмас, балки бориб-бориб бутун мам­лакатнинг тараққиётига пyтyp ет­казиши, сиёсий тузум ва қонунчиликнинг издан чиқишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Гиёҳвандлик инсон жисмини қанчалик хароб қилса, шахс ва жамиятнинг мол-мулкига ва бой­лигига ҳам худди шундай етказади. У тинч-тотув оилаларни бузади, болаларни етим қилади, қашшоқлик, мyҳтoжликда яшашга мажбур этади, охир­-оқибат, бундай касаллик, ўлим ёки қамоқхона билан якунланади.

Тарих сабоқларидан маълумки, мустамлакачи давлатлар қайси бир кичик мамлакат халқини ўзига бўйсундиришни хоҳлаca, фақат acлаҳа воситаси билан эмас, балки ўша халқнинг, айниқса, ёшларнинг ақл-идрокини, ирода ва ҳамиятини сусайтирадиган, маънавий ва ахлоқий тушкунликка туширадиган воситаларни қўллаган. Шундай воситаларнинг ичида энг куч­лиси – гиёҳванд моддалардир. Зеро, мамла­катда рўй берган ижтимоий тушкунлик бориб-­бориб иқтисодий тушкунликка олиб келади. Мод­дий эҳтиёж эса, хорижий давлатларга қаpaм бўлиш­ни тақозо этади. Хориждан келадиган моддий, ин­сонпарварлик ёрдамлари доим ҳам беғaраз бўлавермайди.

Мамлакат  суверенитети учун яна бир хатар шундаки, гиёҳвандликка ружу қўйгaн кимсалар бу "қимматбаҳо" матоҳни мунтазам харид қилиб туриш учун доимо пулга муҳтож бўлади. Бунинг учун улар нафа­қат ватанини, балки иймонини ҳам ар­зон-гаров сотиб юборишга тайёр бўлади. Уларнинг бу хусусиятларини яхши биладиган баъзи хизматлар улардан жосус сифатида фойдаланади. Бу эса ҳар қандай давлат учун катта фалокатдир.

Гиёҳвандликнинг ёшлар ўртасида тарқалиши катта ёшдагилар ўртасида тарқалишидан-да хатарли. Ёшлардан бирининг гиёҳвандликка берилиши бевосита у мансуб бўлган оилага жуда катта зарар­лар келтиради, буни асосан қуйидaгиларда кўриш мумкин:

  • эр-хотин муносабатлари бузилиши;
  • касалликларнинг кўпайиши;
  • қашшоқлашув;
  • ногирон фарзанд туғилиши;
  • фарзандлар тарбиясининг издан чиқиши;
  • бу иллатни фарзандларига ҳам ўргатиши;
  • инсоний фазилатларнинг йўқолиши ва тубанлашув;
  • оилаларнинг бузилиши ва фарзандларнинг етим бўлиши каби кўплаб ҳолатлар.

Аллоҳ таоло инсонга беҳисоб неъматлар берган, банда ўзига берилган неъматларни дунё ва охират ҳаёти учун фойдали бўлган йўлда ишлатмоғи лозим. У зот Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:  “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратингни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама. Чунки, Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасас сураси, 77-оят) ёки бошқа жойда: “Шунингдек енглар ва ичинглар, (лекин) исроф қилманглар! Зеро, у исроф қилгувчиларни севмайди”, дейилган (Аъроф сураси, 31-оят)

Гиёҳвандликка қарши курашиш барчамизнинг олдимизда турган бош вазифадан биридир:

гиёҳвандлик билан шуғулланган барча ташкилот ва уюшмалар кучи бирлаштирилса;

ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва уларни иш билан таъминлаш муаммоси ҳал этилса,

оммавий ахборот воситаларида «пиво ёки тамакининг энг зўр нави»ни реклама қилиш ўрнига гиёҳвандликнинг оқибати ва зарарлари ҳақида фақат халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш кунида эмас, ҳар куни ахборот-тарғибот ишлари олиб борилса;

мактаб ва маҳаллалар ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилса;

шифокорлар, участка инспекторлари, дин пешволари, руҳиятшунослар янада жипслашиб ҳаракат қилса,  бу иллатга қарши курашиш бундан-да самарали бўлади, иншоаллоҳ.

Абдумўмин АБДУЛАЗИЗОВ,

Имом Фахриддин Ар-Розий ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

7017 марта ўқилди

Мақолалар

Top