Мақолалар

Фарзандларимиз меҳрли ва садоқатли бўлишсин

Юртимизда фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир маърузасида фарзандлар тарбиясига бефарқ бўлмасликка, уларнинг ёт ғоялар ва бузғунчи оқимларнинг даъватига алданиб қолишига йўл қўймасликка даъват этмоқда.  Ўтган ой бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам жорий 2017 йилнинг 10 ойи мобайнида ёшлар содир этган жиноятларга тўхталиб  ушбу жиноятлар сони 22000 га етганини таъкидлади. Пойтахтдаги “Боровский” номли тиббиёт коллежи ва юридик коллежи ўқувчилари жанжали ўлим билан якунланганини афсус билан тилга олди. Шунингдек, ўқувчи ёшларимиз ўртасида профилактик текширувлар ўтказилганида, уларнинг ёнидан турли хилдаги ўткир  тиғли қуроллар топилганлиги эса ҳар биримизни фарзандларимиз тарбияси борасида чуқур мулоҳаза юритишга даъват этади. Айниқса, АҚШда содир этилган террорчилик ҳаракатида иштирок этган Сайфулло Соиповнинг қилган хунрезлиги халқимизнинг шаънига доғ бўлиб тушди. Ота-боболаримиз бежизга миллатнинг шаънини кўкка кўтарадиган ҳам фарзанд, ерга урадиган ҳам фарзанд”, деб айтмаган.   

Шунга ўхшаган кўнгилсизликлардан келиб чиқиб Президентимиз фарзандларимизнинг илк тарбиясини мактабгача таълим муассасаларидан бошлаш таклифи илгари сурди ва Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этиш ҳақида фармон чиқарди. Шунингдек, умумий ўрта таълим мактаблардаги таълим бериш тизими 11 йиллик тизимга қайта ўтказилди.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов: Бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша эзгу-орзу ва интилишлар билан яшайди” ёки “Бугунги кунда оддий бир ҳақиқат барчамиз учун аён бўлиши керак. Олдимизда турган энг улуғ мақсадларимиз – мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг ХХI асрда жаҳон ҳамжамиятида қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир” деб айтган сўзлари фарзандларимиз жамиятнинг бирламчи бўғини эканини исботлайди.

Ҳақиқатан, фарзанд тарбияси ҳаётий масала. Ҳар бир оиладаги тарбия фарзанднинг чақалоқлик давридан бошланади, фарзанд эса ҳаётининг кўп қисмини ота-онасининг бағрида ўтказади.

Умуман, ҳар қандай оиланинг мустаҳкамлиги, оилавий тарбиянинг таъсирчанлиги ва самарадорлиги кўп жиҳатдан оилада қарор топган ўзаро муносабатларга, уларнинг маънавий-ахлоқий иқлимига боғлиқ. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек: “Ота-онанинг фарзандларига қолдирадиган энг катта мероси уларга берадиган таълим-тарбияси, гўзал одоби ва ахлоқидир”.

Буюк аллома ва мутафаккир Абу Али ибн Сино “Донишнома” асарида фарзанд тарбияси учун аввало ота-она масъуллигини таъкидлайди. Шу билан бирга, ота-онанинг илмли, фозил ва дунёқарашлари кенг бўлиши зарурлигини уқтириб, фарзанд тарбиясидан масъулиятлироқ иш йўқлигини баён қилади. Ана шунда ота-она фарзандининг гўзал хулқли, жисмонан соғлом бўлиб камол топишида шахсий намуна бўла олишини айтади: “Фарзанд тарбиясида, энг аввало, оила ҳаётини тўғри йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки оилада катта ёки кичик нарса бўлмайди. Ҳамма нарса, ҳатто, энг оддий бўлиб кўринадиган оилавий муносабатлар ҳам фарзандга жиддий таъсир кўрсатади. Айниқса, ватанпарварлик, ростгўйлик, самимийлик, садоқатлилик ва ширинсуханлик фарзанд камолотидаги муҳим ҳаётий воситалардан биридир.”

Тилга олиб ўтилган тарбия шаклларини амалга оширишнинг устувор йўналишларидан бири – аввало ота-онанинг маънавий билим савиясини ошириш, уларда соғлом тафаккур ва замонавий дунёқарашни шакллантиришдир. Бу эса ҳар бир ота-онанинг ўз фарзанди олдидаги, эл-юрт олдидаги бурчини тўғри англашини, оилавий муносабатларда миллий урф-одат ва анъаналаримизга амал қилиб фарзандларимизда азалий қадриятларимизга, Ватанимизга бўлган меҳр-муҳаббатни уйғотишни, уларни мустақил фикрлайдиган баркамол авлод қилиб тарбиялашни тақозо этади.

Аброр АЛИМОВ

Тошкент шаҳар “Қатортол”масжиди имом-хатиби

5762 марта ўқилди

Мақолалар

Top